Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 23 нафарга етди
Жамият
−
19 Март 2020
25784Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 23 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, коронавирус дастлаб аниқланган, Францияда бўлиб қайтган Ўзбекистон фуқаросининг яна 3 нафар қариндошида ушбу инфекция борлиги тасдиқланган.
Шунингдек, жорий йилнинг 15 март куни Истанбул – Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган бир нафар ва жорий йил 14 март куни Лондон – Тошкент йўналишидаги 201-рейс билан келган яна бир нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланди. Ҳар беш нафар фуқаро ҳам шу вақтгача тиббий назоратда бўлган. Айни пайтга келиб, ушбу инфекция аниқланган беморлар сони 23 нафарга етди.
Таъкидланишича, инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилди. Айни вақтда мамлакатда 6 минг киши карантинга олинган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.