Ўзбекистонга кириш ва чиқиш буткул тақиқланди
Жамият
−
15 Март 2020
2452616 мартдан эътиборан Ўзбекистон барча мамлакатлар билан авиақатновларни тўхтатади. Бу ҳақда бугун, 15 март куни Вазирлар Маҳкамасида ўтган Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси йиғилишида маълум қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг қайд этишича, 16 мартдан бошлаб барча мамлакатлар фуқароларининг Ўзбекистонга кириши тақиқланади. Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқишига ҳам тақиқлар жорий этилади.
Мазкур тақиқлар автобус орқали кириш-чиқишга ҳам тегишли. Бош вазирнинг маълум қилишича, темир йўл транспорти орқали йўловчиларни ташишга ҳозирча тақиқ қўйилмаган. Уларга 3 кун муҳлат берилган. Мамлакат ташқарисидаги барча поездлар кириб келгач, ушбу тақиқ темир йўлга ҳам жорий этилади.
Бундан ташқари, хорижий мамлакатларда бўлиб турган ўзбекистонликларни истагига кўра олиб келиш чоралари кўрилади, бунинг учун махсус чартер рейслар жорий этилади. Хорижий мамлакатлардан келган фуқаролар ўша заҳоти карантинга олинади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 март куни соат 06:00 да Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган фуқаро жорий йилнинг 11 март куни Франциянинг Париж шаҳридан қайтган. Вирус билан оғриган ўзбекистонлик аёл олий тоифали шифокор бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси