Қозоғистонда ғалаёнлар иштирокчиларига 494 та жиноий иш қўзғатилди

Олам 3019
image
-

Қозоғистон Бош прокуратураси Олмаотадаги тартибсизликлардан сўнг 494 та жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда прокуратура сайтида хабар берилган. 

Қайд этилишича, фавқулодда ҳолат даврида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий иш қўзғатиш тўғрисида 6966 та баённома тузилган, 4918 нафар шахс турли хил маъмурий жавобгарликка тортилган, шу жумладан, 1978 нафар шахс ҳибсга олинган. 791 нафар шахс жаримага тортилган, 2149 нафари огоҳлантирилган. 

Айни вақтда судлар томонидан 2048 та материал кўриб чиқилмоқда. 

Мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг топшириғига кўра, Бош прокуратура томонидан “Олмаота фожиаси” ва республиканинг бошқа ҳудудларида содир бўлган воқеаларнинг барча сабаблари ва тафсилотларини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 

Одамлар қурбон бўлган ҳодисаларни текширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

“Ҳар бир факт атрофлича ўрганилиб, тегишли ҳуқуқий баҳо берилади”, дея ишонтирмоқда прокуратура.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистондаги намойишлар ортидан қўлга олинганлар 10 минг нафардан ошди.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 24
Рейтинг: 3.3
t
×