Ғойиб бўлган Шойгу кўриниш берди
Олам
−
26 Март 2022
31732Тўсатдан ғойиб бўлгани айтилаётган Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу оммага кўриниш берди. Бугун, 26 март куни у давлат мудофаа буюртмалари дастурини амалга ошириш ва Россия Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари олдидаги ижтимоий мажбуриятларни бажариш бўйича ишчи йиғилиш ўтказган.
Йиғилишда у Россия қўшинлари стратегик ядровий кучларнинг жанговар тайёргарлигини сақлаб туриши зарурлигини таъкидлаган.
“Юқори аниқликдаги узоқ масофага учувчи қуроллар, авиация техникаси, шунингдек, стратегик ядровий кучларнинг жанговар тайёргарлигини таъминлаш устувор вазифалардир”, деган Шойгу Молия вазирлиги билан давлат мудофаа буюртмасини бажариш бўйича муҳокама натижалари ҳақида гапирар экан.
Аввалроқ, жорий йилнинг 27 февралида Россия Президенти Владимир Путин Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовга Ғарб таҳдидлари сабабли ядровий кучларни махсус жанговар шайлик режимига ўтказишни буюрганди. Бу тарихда учинчи марта содир бўлди. Биринчи марта 1962 йилда Кариб денгизи инқирози пайтида ва иккинчи марта 1973 йилда “Қиёмат куни уруши” пайтида.
Кейинроқ Путиннинг Матбуот котиби ядровий қуроллардан фойдаланиш миллий хавфсизлик концепцияси билан тартибга солинишини айтиб ўтди. Ҳужжатда Россиянинг мавжудлигига реал таҳдид туғилгандагина ядровий қуролдан фойдаланилиши белгилаб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу тўсатдан жамоатчиликка кўриниш бермай қўйди. У охирги марта жорий йилнинг 11 март куни омма олдига чиққан, журналистлар эса уни 13 кундан бери кўрмаган.
Украина Президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк эса Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг жамоатчиликка кўриниш бермай қўйганига эътибор қаратиб, бир қанча муҳим сиёсий арбоблар ахборот майдонидан ғойиб бўлганини айтиб ўтганди.
Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков Шойгунинг оммага кўриниш бермай қўйганини, унинг бошқа ташвишлари кўплиги билан изоҳлади.
АҚШ Мудофаа вазирлиги эса Шойгу ва Герасимов қўнғироқларга жавоб бермаётганини маълум қилди. Пентагоннинг тахминича, Россия Украинадаги урушда муваффақиятсизликка учрагани учун Шойгу ишлардан четлатилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси