Россия Мудофаа вазири Шойгу йўқолиб қолди – ОАВ

Олам 47762
image
-

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу тўсатдан жамоатчиликка кўриниш бермай қўйди. У охирги марта жорий йилнинг 11 март куни омма олдига чиққан, журналистлар эса уни 12 кундан бери кўрмаган. Бу ҳақда "Медиазона" ва "Агентство" нашрларининг россиялик тадқиқотчи журналистлари хабар берди

Қайд этилишича, 11 мартгача Шойгу деярли ҳар куни янгиликларда чиққан. Ҳозир ҳам у ахборот майдонида вақти-вақти билан эсланади, аммо янги фотосуратлар ва видеолар йўқ. 11 март куни вазир Украинага ҳужумда қатнашганларга давлат мукофотларини топширгани тасвирга олинган. Бу унинг иштирокидаги охирги видео бўлган.

Жорий йилнинг 18 март куни эса Кремль сайтида Россия Президенти Владимир Путин Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари билан Украинага ҳужум олиб бориш жараёнларини муҳокама қилгани айтилган хабарда Шойгу тилга олинган. Таъкидланишича, Шойгу учрашувда иштирок этган, бироқ учрашувдан олинган видео ва суратлар эълон қилинмаган.

Шу куни “Биринчи канал” Шойгунинг мукофотларни топшириши ҳақидаги видеони эфирга узатган. Унда воқеа 18 март куни содир бўлгани айтилган, аммо у 11 март кунги эски видео бўлган. Мудофаа вазирлиги сайтидаги Шойгунинг саҳифасидаги сўнгги янгиликлар ҳам 11 март санасига тегишли.

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, фақатгина Шойгу ғойиб бўлмаган, балки 11 мартдан бери Россия Қуролли Кучлари Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов иштирокида ҳам ҳеч қандай воқеа қайд этилмаган.

Россияда эса Шойгунинг юраги билан боғлиқ муаммолар борлигини муҳокама қилишмоқда.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2650
Рейтинг: 2.9
t
×