Шойгу Пентагоннинг қўнғироқларига жавоб бермаяпти – ОАВ
Олам
−
25 Март 2022
25210АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин сўнгги 7-10 кундан бери Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан боғлана олмаяпти. Бу ҳақда Пентагон маълум қилди деб хабар бермоқда “The Washington Post” нашри.
Қайд этилишича, АҚШ Бош штаби бошлиғи Марк Милли ҳам Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов билан боғланишга уринган, аммо натижа бўлмаган. Россия ҳарбий раҳбарияти мулоқотга чиқмаган.
Шу ўринда алоқалар борлиги, лекин паст даражада - Москвадаги АҚШ элчихонасининг ҳарбий атташеси орқали экани айтилмоқда. Ўз навбатида, ҳаво ҳудудида юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал қилиш учун махсус яратилган ишонч телефони ҳозирча ўз мақсади бўйича фойдаланилмаган.
Шойгу ва Герасимовнинг америкалик ҳамкасблари билан мулоқот қилишни истамаслиги, Украинадаги “махсус операция” муваффақиятсизликка учрагани учун улар вақтинча четлатилганидан ва бошқа ҳеч нарсани ҳал қилмаслигидан далолат бериши мумкин. Бошқа томондан, бу факт Россиянинг “ставка”ни ошириш истагини англатиши мумкин: энг юқори даражадаги алоқанинг йўқлиги Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу тўсатдан жамоатчиликка кўриниш бермай қўйди. У охирги марта жорий йилнинг 11 март куни омма олдига чиққан, журналистлар эса уни 13 кундан бери кўрмаган.
Украина Президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк эса Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг жамоатчиликка кўриниш бермай қўйганига эътибор қаратиб, бир қанча муҳим сиёсий арбоблар ахборот майдонидан ғойиб бўлганини айтиб ўтганди.
Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков Шойгунинг оммага кўриниш бермай қўйганини, унинг бошқа ташвишлари кўплиги билан изоҳлади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси