Бу миллатга отилган тош – Парламент спикери ўринбосари журналистга туҳматни “номақбул акция” деб атади

Жамият 5158
image

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси журналист Феруза Нажмиддиновага нисбатан бўҳтонни “номақбул акция” сифатида баҳоламоқда. Бу ҳақда Олий Маждис Спикери ўринбосари Зуҳра Ибрагимованинг Парламент сайтида эълон қилинган баёнотида сўз боради. 

“Азалдан мамлакатимизда аёл зоти муқаддас, дея эътироф этилиб, қадрланиб келинади. Бизнинг жамиятимиз ҳамда қонунчилигимизда хотин-қизлар тенг ҳуқуқли ва уларни камситишга, таҳқирлашга йўл қўйилмайди. Лекин, сўнги пайтларда интернет тармоқларида аёлларни камситишга уринишлар ҳақидаги хабарлар кишини жиддий таажубга солмоқда. Кечагина QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновага нисбатан уюштирилган бўҳтон ҳам, ана шундай номақбул акциялардан бири бўлди, десак хато бўлмайди”, дейди Ибрагимова.

Парламент қуйи палатаси спикери ўринбосари сўзида давом этаркан, ушбу бўҳтонни тарқатганларни одам дейишга ҳам тили бормаслигини урғулайди: 

“Наҳотки, бундай ярамас видеоларни тарқатиб, яна аниқ бўлмаган воқеани оилали, инсофли, диёнатли аёлнинг номига ағдариб, туҳмат, бўҳтонни амалга оширган одамни ҳам она дунёга келтирган бўлса? Бундай инсонларни одам, инсон дейишга ҳам тилинг бормайди. Ўзида озгина виждони, иймони бор одам бундай ғаламис ишга қўл урмайди ва бировнинг дилини оғритмайди – бўҳтон қилмайди”.

Ибрагимовага кўра, ўзбек аёлининг шаъни, қадр-қимматининг топталиши – миллатга отилган тош.

“Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам, бошқа қонун ҳужжатларида ҳам инсоннинг шаъни ва ор-номуси дахлсиз эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳеч бир шахс бошқа бир инсонни камситиши, обрўсизлантириши, ҳақорат қилиши, таҳқирлаши мумкин эмас. Башарти, қонунга зид ҳаракат содир этилдими, демак бунинг учун тегишли жазо чораси қўлланилиши шарт ва ишончим комил, худди шундай бўлади ҳам”.

Ибрагимова журналист Феруза Нажмиддиновага туҳмат қилганлар жазо олишига ишонмоқда. 

“Хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга астойдил бел боғлаган, ўз атрофида кучли, иродали ва билимли хотин-қизларни бирлаштира олган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг депутати, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари ҳамда аёл, она сифатида ҳуқуқ тартибот органларидан видеолавҳани ижтимоий тармоқларда тарқалишига сабабчи бўлганлардан ташқари журналист Ф.Нажмиддиновага нисбатан бўҳтонни уюштирган қонунбузарларга нисбатан тегишли қонуний чора кўрилишини ва бу чора ҳақида кенг жамоатчиликни тўлиқ ва ўз вақтида хабардор қилишларига ундаб қоламан.

Шу билан бирга, шахснинг шахсий ҳаёти билан дахлдор видео ва фотоматериалларни тасвирга олиш, ишлов бериш ва тарқатиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларга нисбатан жиноий жавобгарлик чораларини кучайтиришни таклиф қиламан”, дейди Зуҳра Ибрагимова.

Эслатиб ўтамиз, 7 август куни ижтимоий тармоқрларда QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳақида бўҳтон ва туҳматдан иборат видео тарқатилди. Ушбу видео аввал Нажмиддинованинг суратлари жойлаштирилиб, сўнг Olmazor city ҳудудидаги уйларнинг бири болконида содир бўлган эркак ва аёл ўртасидаги ишқий муносабат тасвирлари билан монтаж қилинган. Унда ушбу видео қаҳрамони бўлган аёл гўё QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экани айтилади. 

Нажмиддинованинг шаънини топташ, обрўсизлантириш мақсадида тайёрланган ушбу видео тез орада ижтимоий тармоқлардан ўчириб юборилишига эришилди. Кеча ҳолат бўйича айбдорларни топиш ва жазолаш юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилиндиИИВ"Юксалиш" умуммиллий ҳаракатиСенатАОКА ва Журналистлар ижодий уюшмаси, мазкур ишни ўз назоратига олди.  Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов, фонд раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Aбдураҳмон Ташанов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раиси ўринбосари – Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов ҳолат юзасидан баёнот билан чиқди. Ижтимоий тармоқларда журналист Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлашга қаратилган #мен_Ферузаман флешмоби бошланди

8 август куни QALAMPIR.UZ ҳуқуқ-тартибот органларининг аралашувисиз Olmazor city'да рўй берган номақбул ҳолатни ким видеога олганини аниқлаб, у билан мулоқот қилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова видео қаҳрамонлари шахси аниқланганини маълум қилди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 69
Рейтинг: 3.1
t
×