Айримлар ОАВга турли “усуллар” билан босим ўтказишга уринмоқда — “Юксалиш” QALAMPIR.UZ журналистига қарши бўҳтонга муносабат билдирди
Жамият
−
07 Август 2021
6705Бугун, 7 август куни ижтимоий тармоқлар – Instagram, Telegram, TikTok’да бундан бир неча кун тарқалган Olmazor city’да жойлашган кўп қаватли уйларнинг бири балконида шахси номаълум аёл ва эркак ишқий муносабати акс этган видео қаҳрамони гўё “QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экани” айтилган бўҳтон видеоролик тарқатилгани юзасидан QALAMPIR.UZ таҳририяти расмий баёнот эълон қилганди.
Журналистнинг шаънини топташга қаратилган ҳолат юзасидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати расмий баёнот берди. Ҳаракат видеони провокацион ва туҳмат характерга эга эканини урғулаган.
“Ижтимоий тармоқларда гўё QALAMPIR.UZ интернет-нашри бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова дейилаётган провокацион ва туҳмат характерга эга видеонинг қасддан тарқатилиши ҳуқуқ ва аҳлоқ нормаларига, давлат раҳбарининг сўз эркинлигини таъминлашга ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг касбий фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсатига зид”, дейилади баёнотда.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ОАВ вакиллари ислоҳотлар мазмун-моҳиятини, жамиятда мавжуд муаммолар ва камчиликларни ёритишга, ахборотларни воқеа жойидан холис узатишга, ўз журналистик текширувларини ўтказишга ва самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишга интилиб келаётганини таъкидлаб, бу очиқлик ва ошкоралик сиёсати ҳаммага ҳам ёқмаслигини қайд этган.
“Айримлар ОАВга турли “усуллар” билан босим ўтказишга, таҳдид қилишга, баъзан бўҳтон, ёлғонлардан фойдаланишга ҳаракат қилиш ҳолатлари учрамоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ОАВ соҳасида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Журналистлар ва блогерлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ҳақида бир неча бор юқори минбардан таъкидланди. Сўз эркинлиги ва очиқлик ислоҳотлар кун тартибининг устувор йўналишларидан бири сифатида эълон қилинган Ўзбекистонда, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашиш, журналист, шахснинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш мумкин эмас!
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати жамоаси журналистнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиб, унинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилмоқчи бўлган шахсларнинг ҳаракатларини қоралайди ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўришга чақиради”, дейилади ташкилоти баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, бўҳтон видео тарқатилишидан бир кун аввал, 6 август куни Феруза Нажмиддинова QALAMPIR.UZ’да “Tashkent City” ҳудудидаги ресторанлар Республика махсус комиссияси қарорини писанд қилмай, соат 20:00 дан кейин ҳам фаолият юритаётгани ҳақидаги танқидий-таҳлилий репортажини эълон қилганди.
LiveБарчаси