“Tashkent City”даги ресторанларнинг “танка”си борми? Махсус комиссия қарори нега ишламаяпти?
Жамият
−
06 Август 2021
41746Хабарингиз бор, июнь-июль ойларига келиб Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ва ўлим ҳолатлари кўпайди. Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 17 июлдаги қарори билан 20 июлдан бошлаб, умумий овқатланиш объектлари – ресторан, кафе, ошхона ва чойхоналарни соат 8:00 дан 20:00 гача фақатгина очиқ ҳавода ишлашига рухсат берилди.
QALAMPIR.UZ’га айрим кафе ва ресторанлар карантин қоидаларига амал қилмаётгани, соат 20:00 дан кейин ҳам фаолиятини тўхтатмаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатни ўрганиш мақсадида QALAMPIR.UZ “Tashkent City” ҳудудидаги умумий овқатланиш объектларида бўлди.
Парк ҳудудида бир нечта кафе-ресторанлар бўлиб, уларда соат 20:00 дан кейин ҳам турли тадбирлар ўтаётгани, хўрандалар оқими 21:00 дан сўнг ҳам тинмаётганини билиш қийин эмас. Нафақат очиқ осмон ости ёки сув олдида, балки рестораннинг ичида ҳам жой йўқлигига гувоҳ бўлдик. Умуман олганда ҳудуддаги емакхоналар карантин қоидалари йўқдек, фаолиятини давом эттирмоқда.
Тошкент шаҳар ҳудудида кафе, ресторан овқатланиш объектлари кўп. Лекин уларнинг аксари соат 20:00 дан сўнг иш фаолиятини тўхтатиб, фақат етказиб бериш билан шуғулланмоқда. Aйрим ресторанлар на карантин қоидаси, на махсус комиссия қарорини менсимаяпти ва бунга “Tashkent City” рўпарасидаги Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам кўз юммоқда.
“Ресторан ичкарисига кирар эканмиз хўрандалар кўплигини кўрдик. Менежер телефон орқали гаплашаркан жойлар камлиги олдиндан буюртма асосида келишлари мумкинлигини таъкидларди. Соат нечагача ишлайсизлар, деган саволга эса 22:00 гача деб жавоб беришди. Одам гавжум, кимдир дўстлар даврасида таваллуд кунини нишонласа, яна кимдир оила аъзолари билан таом тановул қиляпти, соат 21:00 дан ошса ҳам буюртмалар ва меҳмонлар оқими тинмади”, дейди QALAMPIR.UZ мухбири.
Шуни алоҳида таъкидлаймизки, QALAMPIR.UZ кимнингдир тадбиркорлик фаолиятига халал бериш, тўсқинлик қилиш ёки номини булғаш ниятидан йироқда. Тадбиркорлик фаолиятини олиб борганларнинг ҳар бири нафақат бир, балки бир нечта одамнинг қозонини қайнатади. Шунчаки тадбиркорларнинг айримлари коронавирус тарқалиши кучайганини кўриб билган ҳолда қонун-қоидаларга бўйсуниб, фаолиятини тўхтатяпти, айримларига эса ҳеч кимнинг “тиши ўтмаяпти”. Махсус комиссия қарорларига бўйсунмаётганларга ҳам кўз юмилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, яъни 257-1-моддасида қайд этилган жиноятни содир этганлик учун БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш назарда тутилган.
Шаҳарнинг қоқ марказида, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг рўпарасида бир неча кафелар эмин-эркин, Республика махсус комиссиясининг қарорини писанд қилмай ишлаяпти. Назоратга масъул бўлганлар, прокуратура, ички ишлар, миллий гвардия ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматидагиларнинг эса парвойи фалак. Хўш, улар ҳамма кўриб турган нарсани кўрмаяптими ёки кўришни истамаяпти? Оддий одамлар маска тақмаганига жарима солиб, ОАВда дод деб чиқадиганлар қаерда?
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь