QALAMPIR.UZ суриштируви: Olmazor city'да олинган беҳаё видео қандай тарқалиб кетгани маълум бўлди
Жамият
−
08 Август 2021
71309Аввал хабар берганимиздек, бундан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда пойтахт Тошкентдаги Olmazor city турар жой мажмуасидаги уйларнинг бири балконида шахси номаълум аёл ва эркак жинсий алоқа билан шуғулланаётгани тасвирланган видео тарқалган эди. Орадан кўп ўтмай, мазкур видео QALAMPIR.UZ интернет нашри Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинованинг суратлари билан қайта монтаж қилиниб, ушбу видео қаҳрамони гўё Феруза Нажмиддинова экани айтилиб, видео “балкондаги машҳур қиз QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экан”, деган ёзув билан тарқатилди. Орадан кўп ўтмай, QALAMPIR.UZ таҳририяти ушбу видео монтаж қилинган, бу Феруза Нажмиддиновага қаратилган туҳмат эканини айтиб чиқди.
Бугун, 8 август куни QALAMPIR.UZ таҳририятига Olmazor city мажмуасидаги 16-уйда истиқомат қилувчи Мансурбек Полвонов кириб келди ва биринчи беҳаё видео ўзи томонидан туширилганини маълум қилди. Қайд этилишича, у ушбу видеони Olmazor city қўриқчилари ва маъмуриятига жўнатган, сўнг ўчириб юборган.
“Мен шу Olmazor city турар жой мажмуасида истиқомат қиламан. 6 август куни эрталаб ишга чиқиб кетаётган пайтимда тўғримиздаги уйнинг 18-қаватидаги хонадон балконида эркак ҳамда аёлнинг номақбул ишлар қилаётганига кўзим тушди. Кейин юқори қаватлардаги қўшниларимиз бу ҳолат юзасидан “охрана” (қўриқчи)га мурожаат қилишларини сўрадик. Сабаби ҳар биримизнинг бола-чақамиз бор, бу уларга таъсир қилишининг олдини олиш мақсадида шу ишни қилдик.
Кейин Olmazor city'нинг хавфсизлик бўйича қўриқчиси Викторга хабар бердик. Виктор бу ерга қўриқчиларни юборганида улар эшикни очишмаган ва шу сабаб 102 га телефон қилишга мажбур бўлишган. Биз қўриқчиларни чақирган пайтимизда улар биздан шу воқеани бир нечта кадрга ва видеога олиб, далил сифатида сақлаб қўйишимизни сўрашди. Шу асосида мен шахсий телефонимда бу ҳолатни видеога олганман, бир қўшним ҳам буни видеога олгани ҳақида айтганди. 102 келганидан сўнг уларнинг шахсини аниқлаштириш мақсадида иккаласи милиция маҳкамасига олиб кетилган”, дейди Мансурбек Полвонов.
Olmazor city ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар билан суҳбатда маълум бўлиши, ўша куни рўй берган воқеани Мансурбек Полвоновдан ташқари бошқа қўшнилар ҳам суратга олган.
“Видеони олишимиздан асосий мақсад бу факт бўлиши учун эди. Қўриқчилар ҳамда ИИБ ходимларига далил сифатида шу видеони кўрсатмоқчи эдик. Видеолавҳани Викторга ва турар жойга масъул бўлган “домком”ларнинг Telegram’ига ташлаб берган эдик. 10 дақиқа ўтар-ўтмас ўчириб ташлагандик. 3-4 кундан кейин шу видеонинг Tik-tok ҳамда бошқа ижтимоий тармоқларга тарқалгани борасида маълумотга эга бўлдим. Бундан ташқари, QALAMPIR.UZ журналисти Ферузанинг ҳам бу видеога алоқаси борлиги ҳақида бўҳтонлар уюштирилгани ҳақида ҳам эшитдим. Ҳақиқатан ҳам, улар Ферузага туҳмат қилиш мақсадида видеога расмларни қўшиб монтаж қилиб, тарқатиб юборишган. Аниқланишича, бу иш биз эмас, умуман бошқа, унга қасд қилган кимса томонидан амалга оширилиб, тарқатилган. Ҳозирда ИИБ ходимлари бу иш юзасидан тегиштирув ишлари олиб бормоқда, видеони тарқатган шахслар эса ҳали маълум бўлгани йўқ”.
QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинованинг шаънини топташга бўлган уриниш бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилинди. 9 август 23:00 ҳолатига кўра гумондорлар аниқланганича йўқ. QALAMPIR.UZ тергов қадар суриштирув даврида мазкур ҳолатни ўрганишда ва ҳақиқатнинг тагига етишда давом этади.
Эслатиб ўтамиз, 7 август куни ижтимоий тармоқрларда QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳақида бўҳтон ва туҳматдан иборат видео тарқатилди. Ушбу видео аввал Нажмиддинованинг суратлари жойлаштирилиб, сўнг Olmazor city ҳудудидаги уйларнинг бири болконида содир бўлган эркак ва аёл ўртасидаги ишқий муносабат тасвирлари билан монтаж қилинган. Унда ушбу видео қаҳрамони бўлган аёл гўё QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экани айтилади.
Нажмиддинованинг шаънини топташ, обрўсизлантириш мақсадида тайёрланган ушбу видео тез орада ижтимоий тармоқлардан ўчириб юборилишига эришилди. Кеча ҳолат бўйича айбдорларни топиш ва жазолаш юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилинди. ИИВ, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, Сенат, АОКА ва Журналистлар ижодий уюшмаси, мазкур ишни ўз назоратига олди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов, фонд раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Aбдураҳмон Ташанов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ҳолат юзасидан баёнот билан чиқди. Ижтимоий тармоқларда журналист Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлашга қаратилган #мен_Ферузаман флешмоби бошланди.
LiveБарчаси