Бу ИИВ учун “честь” масаласи — Вазир ўринбосари QALAMPIR.UZ журналистига туҳмат қилганлар топилишига ваъда берди
Жамият
−
10 Август 2021
10951QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновага қарши уюштирилган туҳматнинг тагига етиш Ички ишлар тизими учун ғурур масаласи ҳисобланади. Бу ҳақда бугун, 10 август куни Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абуллаев матбуот анжуманида маълум қилди.
“Айбдор топилади ва жазога тортилади. Бу ИИВ учун ғурур масаласи, топмасак бўлмайди. Бу нафақат Ферузахонга, барча сингилларимиз, опаларимиз, оналаримиз, аёлларимизга отилган тош, қилинган бўҳтон. Бир кишига айнан Ферузахонга қаратилган акция эмас. Буни охирига етамиз, айбдорни аниқлаймиз, жазосини берамиз. “Қора курси”га ўтириб жавобини берганидан кейин ОАВ ходимларига эълон қиламиз”, деди Бекмурод Абуллаев.
ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердалиев бу иш бўйича олиб борилаётган тергов жараёнида айбсизлик презумпциясига амал қилиинишини айтиб ўтди.
“ИИВ бу жиноятни фош қилишдан манфаатдор. Энг ишончли ҳимоя қилиш тизими сифатида айтмоқчимизки, айбсизлик презумпцияси бор, шунга амал қилиб, агар шахси аниқланиб, суд қилингандан кейин аҳоли ўртасида ҳам, журналистлар ўртасида ҳам муҳокама қиламиз. Унгача биз айбсизлик презумпциясига амал қиламиз”, деди Бердалиев.
Эслатиб ўтамиз, 7 август куни ижтимоий тармоқрларда QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳақида бўҳтон ва туҳматдан иборат видео тарқатилди. Ушбу видео аввал Нажмиддинованинг суратлари жойлаштирилиб, сўнг Olmazor city ҳудудидаги уйларнинг бири болконида содир бўлган эркак ва аёл ўртасидаги ишқий муносабат тасвирлари билан монтаж қилинган. Унда ушбу видео қаҳрамони бўлган аёл гўё QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экани айтилади.
Нажмиддинованинг шаънини топташ, обрўсизлантириш мақсадида тайёрланган ушбу видео тез орада ижтимоий тармоқлардан ўчириб юборилишига эришилди. Кеча ҳолат бўйича айбдорларни топиш ва жазолаш юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилинди. ИИВ, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, Сенат, АОКА ва Журналистлар ижодий уюшмаси, мазкур ишни ўз назоратига олди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов, фонд раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Aбдураҳмон Ташанов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раиси ўринбосари – Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов ҳолат юзасидан баёнот билан чиқди. Ижтимоий тармоқларда журналист Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлашга қаратилган #мен_Ферузаман флешмоби бошланди.
8 август куни QALAMPIR.UZ ҳуқуқ-тартибот органларининг аралашувисиз Olmazor city'да рўй берган номақбул ҳолатни ким видеога олганини аниқлаб, у билан мулоқот қилди.
9 август куни Феруза Нажмиддинованинг шаънини топташ, уни обрўсизлантириш мақсадида қилинган туҳмат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси