ИИВ учун “честь” масаласи бўлган жиноят ҳамон очилгани йўқ
Таҳлил
−
07 Сентябрь 2021
46133Бугун, 7 сентябрь куни QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновага нисбатан туҳмат қилингани, унинг номини ёмонотлиққа чиқариш мақсадида ижтимоий тармоқларда монтаж қилинган жирканч видео тарқатилганига бир ой тўлди. Ўтган вақт мобайнида ички ишлар идоралари томонидан Феруза Нажмиддинованинг аризасига кўра, жиноят иши очилди. Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолатга ечим топиш ва айбдорларни жазолаш ИИВ учун “честь” масаласи эканини айтиб чиқди. Аммо орадан бир ой ўтди ҳамки, айбдорлар топилгани йўқ. Ҳолбуки, 10 дан ортиқ ташкилотлар QALAMPIR.UZ журналистининг ҳимоясига отланиб, ишни ўз назоратига олганини эълон қилганди.
Шу ўринда бундан бир ой аввал рўй берган воқеалар хронологиясига эътибор қаратсак.
Август ойи бошларида ижтимоий тармоқларда Olmazor city’да жойлашган кўп қаватли уйларнинг бири балконида шахси номаълум аёл ва эркак ишқий муносабати акс этган номақбул видео тарқатилган эди. Орадан вақт ўтиб, 2021 йил 7 август куни ижтимоий тармоқлар – Instagram, Telegram, TikTok’да яна бир видео тарқалди. Галдаги видеороликда ушбу номақбул видео қаҳрамони бўлган аёл гўё “QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экан", деб ёзилади ва Феруза Нажмиддинованинг иш жараёнидаги суратлари билан монтаж қилиниб, ижтимоий тармоқда тарқатилади.
7 август соат 17:15. QALAMPIR.UZ “Ушбу видео қаҳрамони Феруза Нажмиддинова экани ёлғон ва ҳеч қандай асосга эга эмас”, дея расмий баёнот берди.
7 август соат 20:24. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Феруза Нажмиддинованинг аризаси қабул қилингани ва мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганини эълон қилди.
“Интернет тармоғида QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Н.ни обрўсизлантирувчи видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Феруза Н. унга туҳмат қилган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Тошкент шаҳар ИИББга ариза билан мурожаат қилганини маълум қиламиз. Ҳозирда мурожаат бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади”, дейилади баёнотда.
7 август соат 20:44. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати расмий баёнот берди. Ҳаракат видеони провокацион ва туҳмат характерга эга эканини урғулади.
“Ижтимоий тармоқларда гўё QALAMPIR.UZ интернет-нашри бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова дейилаётган провокацион ва туҳмат характерга эга видеонинг қасддан тарқатилиши ҳуқуқ ва аҳлоқ нормаларига, давлат раҳбарининг сўз эркинлигини таъминлашга ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг касбий фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсатига зид”, дейилади баёнотда.
7 август соат 20:46. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги журналистга туҳмат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ишларини назоратга олганини эълон қилди.
“Биз журналистларни холислик, очиқлик, шаффофлик доирасидаги фаолиятини қадрлаймиз ва уларни ҳимоясига доимо тайёрмиз”, деб ёзган эди ИИВ Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов.
7 август соат 21:40. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ҳолат бўйича расмий баёноти эълон қилинди.
“Ўз навбатида, ушбу ҳолат оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолиятига, шу билан бирга жамиятда фаол, ахборот маконида ўз ўрнига эга журналист бўлган хотин-қизларимизнинг шаъни, қадр-қимматига салбий таъсир этувчи ҳаракат ва улар фаолиятига таҳдид сифатида баҳоланиб, ҳолат адолатли ўрганилиши Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан назоратга олинди. Ўрганиш натижалари юзасидан батафсил ахборот берилади”, дейилади баёнотда.
7 август соат 22:01. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги баёнот берди. Унда ОАВ вакиллари шахсини обрўсизлантириш, журналистлар фаолиятига қинғир ва ноқонуний йўллар билан дахл қилишга бўлган уринишлар кескин қораланди.
Агентлик Феруза Нажмиддинованинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясидан яқиндан хабари бор ташкилот сифатида QALAMPIR.UZ’ни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди. АОКА, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур воқеликка тегишли ҳуқуқий баҳо берилишига, айбдорларга қонуний чора кўрилишига ишонишини билдирди.
7 август соат 22:57. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров журналистга нисбатан ушбу таҳдид “жуда ёмон сигнал” эканини айтиб, ҳолатни Olmazor city'га бориб ўрганиш ташаббуси билан чиқди.
Ўсаров, шунингдек, журналистларни ҳар қандай таъқиб ва таҳдидлар, тубанликларга қарши бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб курашишга чақирди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан мазкур масалани ўз назоратига олишини сўради. Бироқ, Бош прокуратурадан жавоб бўлмади.
7 август, тун. Ижтимоий тармоқларда фаол аёллар ўртасида QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлашга қаратилган “Мен Ферузаман” акцияси бошлатилди. Жамоатчилик вакиллари, журналистлар, жамиятда ўз сўзи ва мавқеига эга бўлган аёллар #мен_Ферузаман ҳештеги билан видео жойлаб, журналистларга, аёлларга нисбатан туҳмат, уларнинг шаънини топташга бўлган уринишларни қоралади.
8 август соат 00:40. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева #мен_Ферузаман акциясига қўшилди.
“Ҳурматли журналист ва блогер опаларим, сингилларим! Сизнинг ўткир қаламингиз, кучли зеҳнингиз таҳсинга сазовор. Бугунги бўлган жирканч воқеа асло шаштингизни сўндирмасин. Шантаж, бўҳтонлар сизни синдириб қўймасин. Мен сиз биланман. Мен ёнингиздаман. Мен Ферузаман!”, дейди Саида Мирзиёева ўз видеомурожаатида.
8 август соат 10:36. Журналистга нисбатан уюштирилган туҳмат бўйича Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов муносабат билдирди.
“Аксарият ҳолларда журналист номини обрўсизлантиришнинг асосий сабаби оддий – қасос бўлади. Журналистни ёмонотлиқ қилишдан ким манфаатдорлигини ўйлаб кўринг”, деб ёзади Алламжонов.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди бундай ҳолатларга жим қараб турмаслиги, ҳар бир профессионалнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши маълум қилинди.
8 август соат 16: 29. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева баёнот билан чиқди.
“Биз интернет тармоғидаги уюшган тазйиқ ҳолатларининг давом этишига йўл қўймаймиз. Бу, биринчи навбатда, сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситаларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш масаласидир. Феруза, биз сиз биланмиз! Биз сиз тарафдамиз!”, дейилади Сенат раиси баёнотида.
8 август соат 17:27. Агар ҳуқуқ-тартибот органлари истаса, журналист Феруза Нажмиддиновага туҳмат қилиб, унинг суратлари билан беҳаё видеоларни тарқатганларни “шест секунд”да топиш мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Aбдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқ орқали фикр билдирди.
Инсон ҳуқуқлари фаолига кўра, журналист Нажмиддинова бутун мамлакатни фалаж қилаётган коррупцион тизимнинг бир учига тегиниб қўйган. Бутун жамоатчилик учун бошқа, ўзлари учун бошқа “қонун”лар яратган халқага дахл қилган. У сўзида давом этаркан, Феруза Нажмиддинованинг шаънини топташга бўлган уриниш, мамлакатда сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳоланиши кераклигини урғулайди.
8 август соат 18:02. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот Twitter’даги саҳифаси орқали муносабат билдирди.
“Биз QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновага қарши ҳаракатларни кескин қоралаймиз. Бундай хатти-ҳаракатларга ҳеч қандай асос йўқ. Биз ушбу ҳужум кенг миқёсда муҳокама қилинганидан хурсандмиз”.
У ўз сўзига #Men_Feruzaman ҳештегини ҳам илова қилади.
8 август соат 19:10. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) журналист Феруза Нажмиддиновага қилинган туҳматни “зўравонлик”, деб баҳолади.
Омбудсманнинг қайд этишича, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва мурожаатлар билан ишлашда халқ дардини танқидий ва таҳлилий руҳда олиб чиқаётган журъатли журналистни қўпол қилиб айтганда, овозини ўчиришга қаратилган ушбу хатти-ҳаракат қонун нормаларига мутлақо зид. Шахснинг шаъни ва қадр-қимматига ғайриқонуний тажовуз қилиш қонун томонидан туҳмат ва ҳақорат қилиш, деб белгиланган.
8 август соат 23:26. QALAMPIR.UZ суриштируви асосида Olmazor city'да олинган беҳаё видео қандай тарқалиб кетгани маълум бўлди.
QALAMPIR.UZ таҳририятига Olmazor city мажмуасидаги 16-уйда истиқомат қилувчи Мансурбек Полвонов кириб келди ва биринчи беҳаё видео ўзи томонидан туширилганини маълум қилди. Қайд этилишича, у ушбу видеони Olmazor city қўриқчилари ва маъмуриятига жўнатган, сўнг ўчириб юборган.
У ижтимоий тармоқда тарқатилган видео қаҳрамони Феруза Нажмиддинова эканини рад этди.
9 август соат 11:42. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раиси ўринбосари – Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинованинг шаънини топташ мақсадида унга қилинган туҳматга нисбатан муносабат билдирди.
“Инсон шаънига, қадр-қимматига путур етказиш, уни обрўсизлантириш, туҳматдан иборат “фейк”ларни тарқатишда ифодаланган ушбу жирканч ҳолатни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Айниқса, бундай хатти-ҳаракатлар Президентимиз “Қўрқманглар, ортингизда мен турибман!” деб айтган журналистларга нисбатан содир этилаётгани жиддий ташвишга солади.
Журналистга тазйиқ кўрсатиш ҳолатларини, айниқса, бундай хунук уринишларни ҳурматли Президентимиз шахсан ўзлари кафолатлаётган сўз эркинлигига таҳдид сифатида қабул қиламиз”, дейди Асадов.
9 август соат 12:21. Ички ишлар вазирлиги QALAMPIR.UZ интернет нашри Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинованинг шаънини топташ, уни обрўсизлантириш мақсадида қилинган туҳмат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини эълон қилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми, “г” банди ҳамда 1412-моддаси 2-қисми, “в” банди бўйича жиноят иши қўзғатилган.
9 август соат 12:57. Тошкент шаҳар ИИББ Olmazor city’даги хонадонлардан бирида номақбул ҳолатда видеога тушиб қолган аёл ва эркакнинг QALAMPIR.UZ’га алоқаси йўқлигини эълон қилди.
“Видеода акс эттирилган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилган. Маълум бўлишича, ушбу фуқаро С.А. ўзининг турмуш ўртоғи Ш.А. билан бирга шу ишни қилгани ойдинлашди. Ушбу фуқаролар билан тушунтириш профилактика ишлари олиб борилди ва бундай хатти-ҳаракатларни одамлар кўз ўнгида қилиш мумкин эмаслиги тушунтирилди”, дейилади ИИББ баёнотида.
9 август соат 19:44. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси журналист Феруза Нажмиддиновага нисбатан бўҳтонни “номақбул акция” сифатида баҳолади. Олий Мажлис Спикери ўринбосари Зуҳра Ибрагимованинг Парламент сайтида эълон қилинган баёнотда журналистга нисбатан бўҳтонни уюштирган қонунбузарларга тегишли қонуний чора кўрилишини ва бу чора ҳақида кенг жамоатчилик тўлиқ ва ўз вақтида хабардор қилиниши сўралди.
10 август. Ушбу мавзу бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев журналист Феруза Нажмиддиновага нисбатан туҳмат қилганларни топиш ва жазолаш ИИВ учун “честь” масаласи эканини айтиб чиқди.
“Айбдор топилади ва жазога тортилади. Бу – ИИВ учун “честь” масаласи, топмасак бўлмайди. Бу нафақат Ферузахонга, барча сингилларимиз, опаларимиз, оналаримиз, аёлларимизга отилган тош, қилинган бўҳтон. Бир кишига айнан Ферузахонга қаратилган акция эмас. Буни охирига етамиз, айбдорни аниқлаймиз, жазосини берамиз. “Қора курси”га ўтириб жавобини берганидан кейин ОАВ ходимларига эълон қиламиз”, деди Бекмурод Абдуллаев.
11 август соат 21:36. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениэль Розенблюм журналист Феруза Нажмиддиновага нисбатан туҳматни сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳолади.
“Биз ушбу ҳафта QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновага қарши қилинган туҳматли ҳаракатларни кескин қоралаймиз ва бошқалар қатори ҳукуматни тегишли чоралар кўришга ундаймиз. Президент Мирзиёев кўп бора таъкидлаганидек, унинг ислоҳотлари муваффақиятга эришиши учун сўз эркинлиги керак”.
QALAMPIR.UZ журналистига нисбатан туҳмат қилинганига бир ой тўлди. Бу вақт оралиғида бир неча бор ҳуқуқ-тартибот органларига тергов қандай кетаётгани, айбдорлар, лоқал гумондорлар топилгани ё йўқлиги ҳақида мурожаат қилдик. Аммо, айтишга арзигулик жавоб оломадик.
Журналистга, Ҳукуматнинг ваъдаларига ишониб, жамиятда ўз ўрнини топишга интилиб бораётган аёлга нисбатан туҳмат – айримлар учун бир-икки кунлик шов-шув, пиар ёки ўзини борлигини билдириб қўйиш, баёнот бериш билан обрў қозониш учун восита эмас. Бу ҳуқуқ тартибот органлари мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қанчалик самарали фаолият юритаётгани, замонавий технологиялар билан қанчалик таъминланганию уларни ишлата оладиган, киберхавфсизлик, ахборот технологиялар орқали амалга ошириладиган жиноятларни иссиқ изидан фош этадиган мутахассислар мавжудлиги ё йўқлигини кўрсатади.
Шунингдек, бу сўз эркинлигини, аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ишларнинг амалий натижаси қай даражада бўлаётганини ўзида ифода этади. Журналистнинг танқидий материаллари ортидан бундай туҳматга учрашига кўпчилик кўз юмиб тургани йўқ. Баёнотлар берилди, бу иш назоратга олингани айтилди. Аммо, қанчалик назорат қилинди? Қанчалик назорат қилиняпти? Буниси бизга қоронғу.
QALAMPIR.UZ журналистига нисбатан туҳмат қилганлар топилмас экан, бу юзлаб, минглаб журналистлар, айниқса, аёл журналистларнинг касбий фаолиятига тўсиқларни қўяди. Соҳада аёллар сони кескин камайишига ёки навбатдаги қўрқоқ, қарсакбоз журналистлар армияси етишиб чиқишига олиб келади. Бундан ким манфаатдор?
LiveБарчаси