ИИВ QALAMPIR.UZ журналистига нисбатан туҳматни ўз назоратига олди
Жамият
−
07 Август 2021
12949Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновага бўлган туҳмат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ишларини назоратга олди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов Telegram’даги саҳифаси орқали маълум қилди.
“Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси тезкор хизматлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, вазият Ички ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинган
Шу ўринда, қонунчиликда ёлғон ахборот тарқатганлик, туҳмат, порнографик мазмундаги маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни ОАВ ва интернет тармоқларида тарқатиш учун жавобгарлик мавжуд эканлигини эслатиб ўтамиз.
Биз журналистларни холислик, очиқлик, шаффофлик доирасидаги фаолиятини қадрлаймиз ва уларни ҳимоясига доимо тайёрмиз”, деб ёзади Ғиёсов.
Эслатиб ўтамиз, Феруза Нажмиддинова 2019 йилдан буён QALAMPIR.UZ интернет нашрида фаолият юритиб келмоқда. У олий маълумотли, оилали. 2021 йилда “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиби бўлган. Танқидий-таҳлилий чиқишлари билан эътиборга тушган. У ҳақидаги бўҳтонга тўла видео Феруза Нажмиддинованинг QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган “Tashkent City”даги ресторанларнинг “танка”си борми? Махсус комиссия қарори нега ишламаяпти?” номли репортажидан бир кун ўтиб, 7 август куни тарқатилди.
LiveБарчаси