Республиканинг 6 ҳудудида гиёҳванд воситаларини етиштирган ва сақлаганлар ушланди
Crime
−
06 July 2630 2 minutes
ДХХ ва ИИВ ҳамкорлигида республика бўйлаб гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилиб, 6 та ҳудудда гиёҳванд моддаларини етиштириш ва сақлашга ҳаракат қилган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Наманган вилояти Норин туманида истиқомат қилувчи 1961 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, у 1 кг 595 гр “марихуана” гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, Чортоқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 1973 йилда туғилган шахс келгусида сотиш мақсадида ўзига тегишли қўшимча томорқада 839 туп каннабис ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги маълум бўлган.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида истиқомат қилувчи 1995 йилда туғилган шахс Тойлоқ тумани ҳудудида автомашинада ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилиб текширилганда, ундан 20 гр “героин” моддаси ашёвий далил сифатида олинган.
Хоразм вилоятида қайд этилган ҳолатда эса, Қўшкўпир туманида яшовчи 1962 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ҳам 36 туп каннабис ўсимлигини етиштираётганлиги аниқланган.
Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи 1973 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро ўз ҳовлисида иссиқхона ташкил этиб, унда 22 туп каннабис ўсимлигини парваришлаётганлиги маълум бўлган.
Қайд этилишича, бу каби ҳолат Андижон вилоятида ҳам кузатилиб, хусусан, Қўрғонтепа туманида яшовчи 1965 йилда туғилган шахс ўз томорқасида 10 туп каннабис ўсимлигини парваришлаб келган.
Билдирилишича, ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввало Тошкент вилоятида уй шароитида гидропоника усулида гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириб, интернет орқали сотиш билан шуғулланган шахс қўлга олинган эди.
Live
All