Ижтимоий тармоқда #мен_Ферузаман флешмоби бошланди. Унга Саида Мирзиёева ҳам қўшилди
Жамият
−
08 Август 2021
16773Ижтимоий тармоқларда фаоллар аёллар ўртасида QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлашга қаратилган “Мен Ферузаман” флешмоби бошлатилди. Жамоатчилик вакиллари, журналистлар, жамиятда ўз сўзи ва мавқеига эга бўлган аёллар #мен_Ферузаман хештеги билан видео жойлаб, журналистларга, аёлларга нисбатан туҳмат, уларнинг шаънини топташга бўлган уринишларни қоралмоқда.
Ушбу оммалашиб бораётган флешмобга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раисининг ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева ҳам қўшилди.
“Ҳурматли журналист ва блогер опаларим, сингилларим! Сизнинг ўткир қаламингиз, кучли зеҳнингиз таҳсинга сазовор. Бугунги бўлган жирканч воқеа асло шаштингизни сўндирмасин. Шантаж, бўҳтонлар сизни синдириб қўймасин. Мен сиз биланман. Мен ёнингиздаман. Мен Ферузаман!”, дейди Саида Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирган видеосида.
“Мен журналистман. Ҳақиқатнинг кўзига тиқ қарай оламан. Ҳар қандай вазиятда ҳам айтган сўзимдан қайтмайман. Ноҳақликларга жим қараб туролмайман, бу менинг касбим. Туҳматлар, фитналар, босимлар билан менинг овозимни ўчиролмайсиз. Мен Ферузаман!”, дейди журналист Шоҳира Ҳамро.
“Ижтимоий тармоқларда бир журналист аёлнинг номини, шаънини булғашга ҳаракатлар кузатиляпти. Бу жудаям тубан, жудаям жирканч хатти-ҳаракатлардир. Мен журналист, публицист сифатида айтган сўзимиз ҳар доим ҳам маъқул келмаслигини яхши тушунаман. Бироқ ҳақиқатнинг овозини, журналистнинг овозини шантаж билан, туҳмат билан ўчиролмайсиз. Мен Ферузаман!”, дейди блогер Шаҳноза Соатова.
“Жамиятда бўлаётган турли воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўзимнинг шахсий фикримни, мулоҳазаларимни билдириб боришни ўз бурчим, деб биламан. Мени турли хил иғволар, бўҳтонлар, монтаж қилинган видеолар билан овозимни ўчиролмайсиз. Мен бугун Ферузаман!”, дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Барногул Саноқулова.
“Мен журналистман. Касбим сабаб сизга ноқулай бўлишим мумкин. Сизга ёқмаслигим ва сизни танқид қилишим мумкин. Лекин туҳмат қилиб, иғво тарқатиб, менинг овозимни ўчиролмайсиз. Мен Ферузаман!”, дейди журналист Азиза Қурбонова.
“Сўз эркинлиги ва эркин журналистикани таҳдидлар, босимлар ёки туҳмат билан енголмайсиз. Мен журналистман ва мен Ферузаман!”, дейди “Rost24” интернет-нашри журналисти Нозима Тошпўлатова.
“Бугун бу аёл, эртага яна бошқа аёллар ҳамда эркакларга ҳам ўтишади. “Шес секунд”да масаламизни баъзи думи босилганлар ҳал қилиши мумкин. Шунинг учун илтимос, провокацияга берилманглар ва келинглар, ҳақиқат учун курашадиганларни қўллаб-қувватлайлик. Мен Ферузаман!”, дейди блогер Ақидахоним.
“Касбим журналист. Шу орқали ва қолаверса, мана шу Ватаннинг бир фуқароси сифатида атрофдаги ноҳақликларга қараб туролмаслигим ва сиз йўл қўяётган хато ва камчиликларни айтиб, сизга ёқмаслигим мумкин. Лекин сиз бугун турли туҳмат, тазйиқ, бўҳтонлар билан менинг овозимни ўчиролмайсиз. Мен Ферузаман!”, дейди журналист Дилобар Ёқубова.
Эслатиб ўтамиз, 7 август куни ижтимоий тармоқрларда QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳақида бўҳтон ва туҳматдан иборат видео тарқатилди. Ушбу видео аввал Нажмиддинованинг суратлари жойлаштирилиб, сўнг Olmazor city ҳудудидаги уйларнинг бири болконида содир бўлган эркак ва аёл ўртасидаги ишқий муносабат тасвирлари билан монтаж қилинган. Унда ушбу видео қаҳрамони бўлган аёл гўё QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экани айтилади.
Нажмиддинованинг шаънини топташ, обрўсизлантириш мақсадида тайёрланган ушбу видео тез орада ижтимоий тармоқлардан ўчириб юборилишига эришилди. Кеча ҳолат бўйича айбдорларни топиш ва жазолаш юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилинди. ИИВ, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, Сенат, АОКА ва Журналистлар ижодий уюшмаси мазкур ишни ўз назоратига олди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь