АОКА журналистлар шахсини обрўсизлантиришга бўлган уринишларни қоралаб чиқди
Жамият
−
07 Август 2021
5560Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги QALAMPIR.UZ таҳририяти Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳақида тарқатилаётган ёлғон маълумотлар ва монтаж қилинган видеога нисбатан муносабат билдирди.
“Ижтимоий тармоқларда кўп қаватли уйнинг айвонидаги шахси аниқлаб бўлмас даражада узоқликдан суратга олинган номаълум эркак ва аёл ишқий муносабати акс этган видеолавҳа амалдаги қонунларимизга зид тарзда тарқатилмоқда.
Бу видеони тарқатишдан ҳам кўра ёмон ва разилроқ ҳолат шуки, ахлоқсиз видео айрим шахслар томонидан монтаж қилиниб, ундаги номаълум аёл худдики QALAMPIR.UZ таҳририяти журналисти сифатида тасаввур уйғотилмоқда. QALAMPIR.UZ таҳририяти бу “ёлғон ва ҳеч қандай асосга эга эмас”, дея баёнот берди хамда Агентлик ушбу журналистнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясидан яқиндан хабари бор ташкилот сифатида бу баёнотни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Агентлик ОАВ вакиллари шахсини обрўсизлантириш, журналистлар фаолиятига қинғир ва ноқонуний йўллар билан дахл қилишга бўлган уринишларни кескин қоралайди.
Эслатиб ўтиш жоиз, ёлғон (фейк) ва нохолис ахборотларни тарқатганлик учун қонунчиликда қатъий жазолар белгиланган. Хусусан, туҳмат, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмаларни тарқатганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида ҳамда Жиноят кодексининг 139-моддасида жавобгарлик белгиланган.
Шунингдек, 2020 йил 25 декабрь куни қабул қилинган ЎРҚ 658-сон Қонуни билан шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган.
АОКА QALAMPIR.UZ интернет-нашри журналистининг юксак фуқаролик бурчи ва аҳоли орасидаги долзарб муаммоларни ёритишдаги фаоллигини қўллаб-қувватлайди ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур воқеликка тегишли ҳуқуқий баҳо берилишига, айбдорларга қонуний чора кўрилишига ишонади”, дейилади АОКА баёнотида.
Маълумот учун, ҳолат бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси терговга қадар ўрганишни бошлади ва буни Ички ишлар вазирлиги ўз назоратига олганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Феруза Нажмиддинова 2019 йилдан буён QALAMPIR.UZ интернет нашрида фаолият юритиб келмоқда. У олий маълумотли, оилали. 2021 йилда “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиби бўлган. Танқидий-таҳлилий чиқишлари билан эътиборга тушган. У ҳақидаги бўҳтонга тўла видео Феруза Нажмиддинованинг QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган “Tashkent City”даги ресторанларнинг “танка”си борми? Махсус комиссия қарори нега ишламаяпти?” номли репортажидан бир кун ўтиб, 7 август куни тарқатилди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15