Шерзодхон Қудратхўжа АОКАга жазолаш ваколатини беришни таклиф қилди

Жамият

image

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа аввалроқ ўзбекистонликларни ҳақорат қилгани учун қамалган блогер ҳақида муносабат билдириб, шу каби ҳолатлар содир этилганда Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига уларни жазолаш имконини беришни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.

Шерзодхон Қудратхўжа ўз муносабатида блогерни ижтимоий тармоқларда кўргани ва Ўзбекистон фуқаролари орасида шундайлар борлигидан афсусланишини билдирган.

“Тузимизни еб, нонимизни еб, тузлуққа тупурадиганлар бор экан. Ўзбекистонимиз тўғрисида, Ўзбекистон фуқаролари – бизнинг ватандошларимиз тўғрисида жуда ҳақоратомуз, жуда обрўни пасайтирувчи, обрўни бузувчи, бизга – менталитетимизга, дунёқарашимизга, умуман бизнинг ўзбеклигимизга хос келмаган тарзда жуда камситиб гапирган”, дейди у.

Шунингдек, ректор блогернинг Абу-Дабидан олиб келинганини олқишлаб, у кечирим сўраган бўлса-да, ҳолатга кўз юмиш нотўғри бўлишини билдирган ва воқеа юзасидан таклиф билдирган.

“Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги шундай воқеаларнинг олдини олиш бўйича кучли чоралар кўриши керак. Шунинг вақти келди. Чунки бизнинг ахборий ҳудудимизда бундай ҳолатлар баъзида учраб турибди. Мен уларнинг кўпайишини хоҳламайман. Шунинг учун АОКАга шундай масалаларда чора кўриш имконини беришимиз керак”, дейди Шерзодхон Қудратхўжа.

Бундан ташқари, ЎзЖОКУ ректори шу каби фуқаролар томонидан ватанга, миллатга ва Ўзбекистонда яшаётган бошқа миллатларга ҳақоратли, камситувчи ҳолатлар бўлса, кескин чоралар кўришни, уларни ҳаттоки Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилишни таклиф қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Абдуллоҳ” номи билан танилган мазкур блогер Югай Валерий қамоққа олингани хабар қилинган эди. У 2024 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Корея Республикасида бўлиб турган вақтида ўзининг ижтимоий тармоқлардаги оммавий саҳифалари орқали миллатлараро низо келтириб чиқариши мумкин бўлган, миллий қадриятни таҳқирловчи ҳамда диний эътиқодга кўра фуқароларни камситувчи сўзлар билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан қатор ҳақоратли чиқишлар қилиб борган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги АОКА Шерзодхон Қудратхўжа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг