Форма сабаб дарсга киритилмаган талаба аслида кечикиб келган – Шерзодхон Қудратхўжа (видео)

Жамият

image

Кеча, 16 февраль куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида (ЎзЖОКУ) форма киймаган ва дарсга кеч қолган ўнлаб талабалар машғулотларга киритилмагани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Университет талабаси Баҳодир Элибоев эълон қилган видеода ЎзЖОКУнинг биринчи босқич магистранти Акмал Йўлдошев галстук тақмагани учун дарсга киритилмагани айтилган. Шунингдек, видеода бундай ҳолатлар кредит тўлашга сабаб бўлиб, талабалар учун қўшимча харажатларга олиб келаётгани таъкидланган.

Бугун, 17 февраль куни мазкур ҳолат юзасидан ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, талабалар галстук тақмагани учун эмас, балки дарсга кечикиб келгани сабабли машғулотларга киритилмаган.

“Эътибор беринг, соат 5:30–6:00 да профессор-ўқитувчиларимиз, кўпи аёллар, боласини мактабга олиб бориб, қайнона-қайнотасининг хизматини қилиб, жамоат транспортида университетга 8:00–8:15 га келишади. Талаба эса қўлида сув, “хот-дог” ёки “гамбургер” билан 8:30 да келади. Уйида нонушта қилишга улгурмайди”, деган ректор.

Қудратхўжа ижтимоий тармоқларда билдирилаётган танқидий фикрларга ҳам муносабат билдириб, олий таълим жараёнига ташқи аралашув масаласини кўтарган.

“Биринчидан, олий таълимга ўзи кимнинг ҳаққи бор аралашишга? деган савол қўяман. Бир заргар одам узук тайёрласа, ҳеч ким унга ақллилик қилолмайди. Кулолга кўза ясашни ҳам ҳеч ким ўргатмайди. Бироқ бугун бизда ҳокимларга, ректорларга маслаҳат берадиганлар кўп. Майли, мен ҳозир бу тўғрисида гапирмоқчи эмасман”, дея таъкидлаган у.

Шунингдек, ректор университетда одоб-ахлоқ кодекси мавжудлигини, ҳар йили профессор-ўқитувчилар, ходимлар, талабалар ва докторантлар ушбу талаблар билан танишиб, ўз ихтиёри билан шартнома имзолашини қайд этган.

“Агар университет кимгадир босим қилаётган, талабанинг таълим олишига ҳалақит бераётган бўлса, ўқимасин. Лекин мен яна бир марта айтаман: ЎзЖОКУ университети талабалар учун либерал ва эркин”, деган Шерзодхон Қудратхўжа.

Муҳокамалардан сўнг, бугун, 17 февраль куни Акмал Йўлдошев ўзининг Facebook саҳифасида формада тушган расмини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда барча университет ва институт талабалари учун ягона талаба формаси жорий этилиши ҳақидаги хабарлар юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги муносабат билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

талаба ректор ЎзЖОКУ Шерзодхон Қудратхўжа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг