Россия ва Ўзбекистон орасида уруш чиқариш ҳаракати борми?

Таҳлил

Ўзбекистон ва Россия ўзаро энг юқори даражадаги дипломатик муносабатлар ўрнатганига роппа-роса 20 йил бўлди. 2005 йилдан буён Тошкент ва Москва бир-бирига иттифоқчи. Иттифоқчилик алоқаларига ортиқча тариф шарт эмас. Юқорида айтилганидек, бу энг яқин алоқаларни ўз ичига олувчи ҳамкорликдир. Аммо бугун халқаро майдондаги хаос ўзининг энг юқори чўққисига чиққан бир пайтда, афсуски, Москва ва Тошкент ўртасига совуқчилик туширишга қаратилган ҳаракатлар кучаймоқда. Мазкур қора мақсадларнинг драйвери эса номаълум. Ҳозиргача аниқ бўлгани эса иғво тарқатиш, асосан, майда шахслар орқали, фуқаролар ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий муносабатларни сиёсийлаштиртиш ортидан амалга оширилмоқда.

Айни пайтда кўплаб рус нашрлари ҳамда баъзи провакаторлар узоқ пайтдан буён фуқаролар, жумладан, халқ орасида маълум обрў-эътиборга эга шахсларни тинимсиз равишда ҳақорат қилиб келган, ўзбекларни Россиянинг Украинадаги босқинида қатнашишга ундаган, босқинчиликни ёқлаган ва ҳаракатларида миллатлар ўртасида низо чиқаришга қаратилган чақириқлар аломати мавжуд бўлган советпараст блогернинг қонуний қўлга олинишини нотўғри талқин қилиш йўлидан кетмоқда. Шу пайтгача у ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида совет даври атрибутлари билан кўриниш берган бўлса-да, унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмагани иғво машиналарининг кўзига ташланмаяпти. Чунки амалдаги қонунчиликда бундай ҳаракатлар учун аниқ жазо белгиланмаган. Аммо “Ўртоқ Азиз” номи билан танилган, асл исми Азиз Ҳакимов бўлган блогернинг сўнгги пайтлардаги кўплаб ноўрин ҳаракатлари орқали Жиноят қонунчилиги билан ҳимоя қилинадиган чегараларни бузганидан сўнг унинг ҳибсга олиниши бир тўда провокаторлар учун айни муддао бўлди.

Воқеа айнан нимадан бошланди? У қандай даражага етди? Россияни Ўзбекистонга “қайраш” жараёни қандай йўллар билан амалга оширилмоқда? Бу саволларга ушбу мақола орқали жавоб топасиз.

Босқинни қумсаганлар

Мустақиллик  – муқаддас тушунча. Аммо унинг мағзини чақишга баъзиларнинг фаросати ожизлик қилади. Мамлакатнинг ўтмиши қирғинлар, зўраволик ва мислсиз камситишлар асосига қурилган босқинчилик остида ўтгани билан ундайларнинг иши йўқ. Масалан, озод ва тинч давлатда кимдир ижтимоий тармоқда бир неча минг кишилик аудиториясига собиқ Иттифоқ даврининг заҳарли ҳавосини қайтариш, уни кўкларга кўтариш, миллатнинг тарихдаги ва бугунги ойдинларини ҳақорат қилиш, миллий ўзликни тарғиб қилганларга ҳақорат тошларини отиш ҳали-ҳануз давом этмоқда. Бунданда ёмони эса айни дамда икки мамлакатни бир-бирига қарши қўйиш учун олиб борилаётган ҳаракатлардир.

Қоғозга ўралган ҳолда Ўзбекистон суверенитети ва унинг ўтмишини таҳқирлаш, СССР рамзлари билан оммага кўриниш, тарихда мустамлакачилар томонидан қатағон қилинган миллат ойдинларининг оқланиш жараёнига салбий фикр билдириш ва Россиянинг Украинадаги босқинчилик ҳаракатларини оқлаш ишларига “бел боғлаганлар” бугун ҳам топилади. Энг ёмони эса шундай шахсларнинг ижтимоий тармоқда минглаб одамлар кузатадиган саҳифа ва каналларидаги постларга назар ташласангиз, улар собиқ иттифоқ республикаларининг барчаси қайтадан босиб олиниши ва СССР тикланишини истаётганини англаш қийин эмас. Телеграм каналига Россия империясининг босқинчилик сиёсати намоёндоларининг расмини қўйиб олганларидан ҳам уларнинг тафаккури қандайлигини фаҳмлаш мумкин. Айнан шу жойда улар ўзбекистонликларни Украинадаги босқинда Россия томонидан туриб қатнашишга ундайди, етмаганига босқинда иштирок этган айрим йўлдан адашганларни “қаҳрамон” санаб, ўрнак қилиб кўрсатади.

Кузатувларимизга кўра, ундайларни Ўзбекистон байроғи ёки бошқа бирон-бир давлат рамзлари билан кўрмайсиз. Мустамлакачилик даврини қумасаган бундай кишилар одатда СССР давридаги байроқлар билан тез-тез кўзга ташланади. Бу ишларнинг барчасини ўша мустақилликдан бехабарлар тармоқдаги шахсий саҳифа ва каналларида амалга оширади ва бир сўз билан айтганда суверенитетга қарши ғояларни тарғиб қилади.

Чигиртка бир сакради, икки сакради...

Эсингизда бўлса, жорий йил август ойида ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа ўзини ҳуқуқшунос деб биладиган блогер Азиз Ҳакимов билан судлашганди. ЖИБ Учтепа туман судида маъмурий тартибда кўриб чиқилган бу ишда блогер ректорни ҳақорат қилгани ва у ҳақда ёлғон маълумот тарқатгани учун суд қарори билан 18,7 млн сўм жарима тўлаши белгиланди. Ушбу шахснинг Қудратхўжага нисбатан муттасил ҳақоратлари ректорнинг интервьюларидан бирида Россиянинг Смолин, Прилепин, Захаров ва яна бошқа сиёсатчиларига берган аччиқ жавоблари ва баҳоси ҳамда Ўзбекистонда яшаб, ўзбек тилини билмайдиганларга айтган тарифидан кейин бошланган.

“Бир чиқди, индамадим, майли, бу сўз эркинлиги, дедим, икки чиқди, индамадим, майли, бу ҳурфикрлик дедим, уч чиқди, индамадим, бу баҳс ва полемика, дедим. Индамаганим сари бу кимса ўзбекона андишамни қўрқоқлик деб ўйлади шекилли, ҳаддидан оша бошлади, ахлоқ ва одоб чегарасини бузди, мени нацист деди, националист деди, босмачилар ва бойларнинг ўлмай қолган авлоди деди, исмимни камситиб ёзди, фамилиямдан “-ев”ни олиб ташлаганим, нима эмиш, ёқмаганмиш, шу сабаб боболарим исмини ҳам бузиб таҳқирлай бошлади. Хўп чидадим, кўп чидадим! Аммо қарасам, тинмаяпти, йигитларимизнинг ўзга давлатда жанг қилишини мадҳ қиляпти, нон-тузимизни еб туриб, бизнинг юртимизни, ватандошларимизни очиқдан-очиқ ерга ура бошлади”, деб ёзган Шерзодхон Қудратхўжа.

Ҳа, бу ўша “ўртоқ Азиз” лақаби билан танилган ўтмишни қумсовчи блогер эди. Аммо бу шоввоз мазкур ишдан кейин ҳам ҳеч тинчимади. Шунчаки юқори миқдордаги жарима уни аввлаги ҳақоратомуз ва куракда турмайдиган сўзларни айтишдан бироз тийиб қўйди холос. Лекин у ўз саҳифасида бунданда жиддийроқ ва хавфли қадамларни ташлашга ўтди. Қудратхўжадан кейин у Никита Макаренкони нишонга олди ва шу нуқтада у учун маъмурий ишлар ниҳоясига етиб, “қаҳрамонимиз”ни жиноят иши бўйича айблов кутиб олди. У Макаренкони “Бандеранинг қўли” деб атаган. Бу атама Россия томонларда украин халқининг зиддиятли намоёндоси Стефан Бандерани нацистга чиқариш орқали, Украинада ҳозир ҳам русларга қарши гўёки миллатчилик ҳаракатлари авж олган деган даъвони илгари суриш учун қўлланилади. Никита эса Ҳакимовнинг бу ҳақоратли сўзлари учун уни судга берди. Ҳакимовнинг узоқ йиллик камситиш ва ҳақоратларга йўғирилган фаолияти устидан фақат Макаренко эмас, балки яна бир неча нафар фуқаролар ҳам шикоят қилгани айтилди.

“Бу одам узоқ йиллар давомида Ўзбекистон суверенитетига фаол қарши чиқди ва СССРни тиклаш тарафдори бўлди. Урушни, фуқароларимизни хорижий давлатлар қуролли кучлари сафига жалб қилишни тарғиб қилди. У кўплаб машҳур кишиларни энг беҳаё ва қўпол сўзлар билан ҳақоратлади, дезинформациялар, сохта хабарлар, туҳматлар тарқатди. Мен ва бошқа кўплаб Ўзбекистон фуқаролари 2023 ва 2024 йилларда унинг устидан ўнлаб аризалар ёзганмиз. Улар ҳеч қачон бажарилмаган. Менимча, битта оддий сабаб бор эди: унинг бирон бир ташкилотда бу экстремистик фаолиятга барака берган ходими бор эди. Аммо бу қонунбузарликка чек қўйилди. Ва ниҳоят, ўз шаънимиз ва қадр-қимматимизни белгиланган қонун асосида ҳимоя қила оламиз”, дейди Никита Макаренко.

Блогер шунингдек, Ҳакимов атрофидаги иш сиёсийлаштирилаётгани, бу худдики, Ўзбекистонда “русофобия” авж олган ва мамлакат ичида рус тили ҳамда маданиятига қарши ҳаракатлар кетаётгандек нотоғри талқин қилинаётгани ҳақида ҳам сўз очган.

“Энди эса ўзига қўйилган оғир айбловлардан ўзини ҳимоя қилиш мақсадида Азиз Ҳакимов ўз ишини “сиёсий” деб кўрсатишга уринмоқда. Унга кўп эҳтимол билан чет эл ташкилотлари ёрдам бермоқда, Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш талаблари бўлмоқда. Бу ишнинг сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўзбекистонда “русофобия” йўқ. Биз рус маданияти ва рус тилининг ташувчиларимиз. Ҳеч ким бизнинг ҳақ-ҳуқуқимизни поймол қилмаган, зулм қилгани йўқ. Биз ўз тилимизда равон гаплашамиз, рус тилидаги мактаб ва университетларда ўқиймиз, рус тилидаги оммавий ахборот воситаларини кузатамиз, рус тилидаги театр ва киноларни томоша қиламиз. Биз, Ўзбекистон фуқаролари, четдан ҳеч қандай “рус тили ҳимоячилари”га муҳтож эмасмиз. Лекин биз Ўзбекистон суверенитетига қарши қаратилган ҳар қандай ташвиқотга мутлақо қаршимиз. Биз жиноий коммунистик мафкурани улуғлашга мутлақо қаршимиз. Биз қизил байроқларга қаршимиз. Мен мустамлакачилик тузумини тиклашга уринишларга қаршиман. Шундай экан, агар шундай қилсангиз, одамларни ўнг-чап сўксангиз, ўз қилмишларингиз учун жавоб беришингизга ҳайрон бўлманг”, деб ёзган Макаренко

Айнан Макаренко билан бўлган кейс фонида Азиз Ҳакимов қизил чизиқларни кесиб ўтди. У ўзининг Телеграм каналида йўллаган видеомурожатида русийзабон аҳолини кўтарилишга ундаганига оид материалларга кўзимиз тушади.

Айни дамда Ҳакимовга нисбатан Жиноят кодексининг 4 та моддаси бўйича айбловлар қўйилган. Уларнинг иккитаси 139 ва 140 моддалар туҳмат ва ҳақорат қилишдан иборат. Қолган иккитаси эса анча жиддий бўлиб, 150-модда (урушни тарғиб қилиш” ва 156-модда (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзгатиш) бўйича қўйилган. Жорий 26 сентябрдан буён унинг Телеграм канали бошқа яқинлари томонидан ишлатилмоқда. Унинг ҳибсга олиниши ҳам айнан шу кунларга тўғри келади. Блогернинг адвокати ҳозирда Ҳакимовнинг соғлиғида ва руҳий ҳолатида муаммолар борлиги ҳақида маълум қилди.

Ким ўзи у?

Азиз Ҳакимовга узоқ тариф беришнинг ҳожати йўқ. Унинг биргина пости блогернинг фаолияти ҳақида тушунча шаклланишига етарли. Чунки қолган фикрлари ва постлари ҳам бир хил мазмунда: СССР энг адолатли пок тузилма бўлган, бугунги Россиянинг босқинчилик сиёсати аслида тўғри ва Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларга қарши ҳақоратомуз ва таҳқирли рейдлар қонун асосида олиб борилмоқда. У ҳудди шундай фикрлайди.

Масалан, яқиндагина, аниқроғи қўлга олинишидан бир неча кун олдин Красноярск ўлкасида ўзбекистонлик хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевнинг концерти пайтида ўтказилган рейдни бир оғиз сўз билан “қонуний” дея тарифлаган Ўзбекистондаги кам сонли шахслардан бири айнан Азиз Ҳакимов бўлган. Бундан ташқари у ТИВ ва бошқа тузилмаларга ҳам ақл ўргатиш ва Ўзбекистоннинг кўпвекторли сиёсати, босқиндан жабр кўрган украин болаларига ёрдам берганини танқид қилиш билан ҳам шуғулланган. Энг қизиғи у бу фикрини бир неча ҳафта олдин Киевда қулликда сақланган 13 нафар ўзбекистонлик воқеаси орқали изоҳлашга уринган.

СССРнинг қатағончи раҳбарларини улуғлаб ёзган постларига қараб эса Ҳакимов адвокати айтганидек, ҳозир ҳибсдалик пайти эмас, балки олдиндан руҳий муаммолар билан юзлашган деган гумонга бориш ҳам ҳеч гап эмас.

Иш Кремлни Тошкентга қайрашга йўналтирилмоқда

Аввало, бу воқеалар нима мақсадда амалга оширилаётганини тушуниш лозим. Ўзбекистон ичида кетаётган пропаганда ўша Ҳакимов томонидан мустақил тарзда амалга ошириляптими ёки унинг ортида қандайдир кучлар турибдими? Масаланинг асосий мазмун-моҳияти ҳам айнан шунда. Чунки унинг ҳибсга олиниши ортидан юз бераётган воқеалар ҳамда билдирилаётган фикрлар бу Россияни Ўзбекистонга қарши қўйиш, Украина сценарийсини Ўзбекистонга ҳам қўллашдан манфаатдор бўлган кучлар режасининг бир қисми деган шубҳалар ҳам йўқ эмас.

Масалан, Ҳакимов иши фуқаролик муносабатлари ортида юзага чиқди. Ўзбекситон фуқаролари ўзаро фикрий келишмовчилик юзасидан бир-бири билан қонун доирасида судлашди. Кейинчалик эса Ҳакимов ўзининг бошқа ҳаракатлари оқибатида қонун доирасида ҳибсга олинди. Унга 4 та модда бўйича жиноий иш очилди. Ҳаммаси ўз йўлида, Ўзбекистонда қарор топган қонунчилик доирасида кетмоқда. Аммо буни четдан туриб, ўз мақсадлари йўлида нотўғри талқин қилиш авж олмоқда. Бир қанча рус сайтлари Ҳакимовнинг қўлга олиниши ва унга нисбатан қўйилган айбловларни “русофобия” деб, Ўзбекистонда Россия тарафдорларининг тақиб қилиниши ва уларга қарши қандайдир “тозалаш” ишлари амалга оширилмоқда, деган мазмундаги хабарлар чиқармоқда. Янада хавотирли томони шундаки, бу ишга ҳатто Россия пропагандасининг мурватларидан бири бўлган машҳур журналист ва телебошловчи Руслан Осташко ҳам муносабат билдирган. У ўзининг салкам ярим миллионлик аудиторияга эга Телеграм каналида Ҳакимов иши ҳақида пост қолдирди.

Муаммо шундаки, бу ишларнинг мақсади нима экани ҳақидаги мураккаб саволга ҳали аниқ жавоб йўқ. Ҳакимов иши доирасида четдан бўлаётган муносабатлар Ўзбекистоннинг ички ишига аралашишдан бошқа нарса эмас. Бу ишни “қойилмақом” қилиб бажарадиган Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова эса ҳозирча жим. Ўтган йили Ўзбекистондаги мактабда бир боланинг калтакланишигача бурун суққан Захаровага ҳозирча бу воқелар ҳақида маълумот етиб бормаган, ёки ҳали унинг тугмаси босилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент ТИВ Россия Ўзбекистон Москва СССР Захарова Кремл Шерзодхон Қудратхўжа Иттифоқчилик Азиз Ҳакимов Босқин Никита Макаренко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг