АОКАнинг айрим вазифалари инспекцияга ўтказилди

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) фаолияти тугатилиб, унинг асосида Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказ ташкил этилиши хабар қилинганди. АОКАнинг ахборот соҳасида назорат ва мониторинг бўйича вазифа ва функциялари Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясига ўтказилди. Бу 14 июль куни имзоланган “Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида белгиланган.

Фармонга кўра, Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ Администрация бўйсунувига ўтказилди.

Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази негизида Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ташкил этилди.

Администрация Матбуот хизмати медиа-маркази негизида эса Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташкил этилди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташкил этилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Администрация бўйсунувига ўтказилди.

Бундан ташқари, 2025 йил 1 сентябргача қуйидагиларга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади:

  • бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, такрорланувчи назорат функцияларини бекор қилиш, қарор қабул қилишда шаффофлик ва очиқликни таъминлашга қаратилган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини ошириш;
  • ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасида маҳаллий ҳокимликлар иқтисодий, маъмурий ва молиявий ваколатларини янада кенгайтириш.

Маълумот учун, АОКА Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 2 февралдаги “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида ташкил этилган. 2019 йил 4 февралдан 2020 йил 29 январга қадар Комил Алламжонов АОКА директори вазифасини бажарган. 2020 йилнинг июлидан бери агентликка Асаджон Хўжаев раҳбарлик қилиб келади. Шундан қилиб, Президентнинг 2025 йил 14 июлдаги фармони билан АОКА тугатилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур фармон билан Ўзбекистонда вазирлик ва идораларнинг қарор қабул қилишдаги мустақиллиги оширилиши, бу билан боғлиқ бюрократик жараёнлар қисқариши, улар проактив фаолият юритиши учун имкониятлар кенгайтирилиши белгиланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АОКА

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг