АОКА матбуот эркинлигини бўғишга бош-қош…ми?
Жамият
−
09 Сентябрь
6827Ўзининг аччиқ саволлари билан ҳукумат вакилларини доим сўроққа тутиб келадиган QALAMPIR.UZ Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтаётган матбуот анжуманларига киритилмаяпти. Бунга сабаб таҳририят номининг агентлик оммавий ахборот воситалари рўйхатидан тушиб қолишидир.
Аммо ташкил этилганига оз эмас, кўп эмас 9 йил бўлаётган ва доим матбуот анжуманларида фаол қатнашиб келадиган таҳририят номининг бу рўйхатдан тушиб қолиши ва матбуот анжуманларига қўйилмаслиги бироз таажжубли.
Айниқса, агентликнинг қўриқлаш хизмати ходимига QALAMPIR.UZ журналистлари келиши билан масъулларга қўнғироқ қилиш, қўнғироқ қилганда эса киритмаслик буюрилгани тушунарсиз ҳолат.
Бугун, 9 сентябрь куни айни шу агентликда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги раҳбарияти билан матбуот анжумани бўлиши ва унда кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича журналистлар саволларига жавоб берилиши керак эди.
Матбуот анжуманига кеч келиб, сайт журналистининг матбуот анжуманига киролмаётганининг гувоҳи бўлган вазирлик Ахборот хизмати ходими ҳам “тепадагилар” билан гаплашиб, бироздан сўнг олиб кириб кетишини ваъда қилдию, шу билан ваъдасини унутди.
“Uzreport” телеканали орқали жонли ёйинланган матбуот анжуманидан кўриш мумкинки, залда журналистлар сони кўп эмас. Бўлиб ҳам хусусий сайтлардан ҳеч ким йўқ. Шу сабабли журналистлар учун мўлжалланган жойни Қурилиш вазирлиги ходимларининг ўзи, масалан, матбуот котиби Саидносир Усмонов тўлдириб турибди.
Бундан кўринадики, ё Қурилиш вазирлиги QALAMPIR.UZ саволларидан қўрққан, ёки ҳақиқатдан ҳам таҳририят журналистининг бу матбуот анжуманларида қатнашмаслигидан АОКА манфаатдор.
QALAMPIR.UZ веб-сайти ОАВ сифатида 2018 йил 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан 1089 рақам билан рўйхатга олинган.
Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги эса Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Унинг вазифалари қаторига давлат органлари ва бошқа ташкилотларга улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, давлат хизматчиларига оммавий ахборот воситалари билан очиқ, оммавий ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини сингдириш, шу жумладан, уларнинг матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлинмалари) фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий жиҳатдан таъминлаш орқали кўмаклашиш кабилар киради.
Агентлик рўйхат баҳонаси билан QALAMPIR.UZ журналистини бундан олдин ҳам бир неча бор матбуот анжуманига киритмасликка ҳаракат қилган. Аммо узоқ тортишувлардан сўнг журналист барибир матбуот анжуманига кирган ва бундан сўнг рўйхатга сайт номини киритиб қўйишни талаб қилган.
Бироқ бу сафар агентлик QALAMPIR.UZ журналистини матбуот анжуманларига қўймаслик фикрида қатъий туриб олди ва бунга яна ўша эски рўйхатни важ қилиб келтирди.
QALAMPIR.UZ’ни айнан ўзи аккредитациядан ўтказган агентлик нега бугун унинг ҳуқуқларини поймол қилмоқда?
Аслида рўйхатга киритмагани учун ўзи айбдор бўлган агентлик нима учун журналистлар олдида ўзини айбдор ҳис қилмаяпти?
Мазкур ҳолат бўйича агентлик ва Қурилиш вазирлиги раҳбариятидан изоҳ талаб қиламиз.
Ҳулкар Муртазоева