Феруза мамлакатни фалаж қилаётган коррупцион тизимнинг бир учига тегиниб қўйган – Ташанов
Жамият
−
08 Август 2021
21274Агар ҳуқуқ-тартибот органлари истаса, журналист Феруза Нажмиддиновага туҳмат қилиб, унинг суратлари билан беҳаё видеоларни тарқатганларни “шест секунд”да топиш мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Aбдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзмоқда.
“Бир неча кундан бери “Qalampir.uz” таҳририяти журналисти Феруза Нажмиддинованинг шаън ва қадр-қимматини оёғости қилишга уриниш, унинг касбий профессионал фаолиятига таҳдид билан боғлиқ воқеа жамоатчилик муҳокамасидадир. Кўплаб жамоатчилик намоёндалари, ташкилотлар ва журналистлар воқеани қоралаб чиқмоқда.
Расмийлар эса Юнусобод милицияси воқеани суриштираётгани, айбдорларни қидираётганини таъкидлашган. Парда ортида журналистнинг ахлоқини сўроқ остига қўйишга қаратилган фитна сабабчиларини гўё изламоқда. Шу йўл билан жамоатчиликдаги норозилик аста-секин бостириб борилади.
Аксинча, бошдан оёқ айғоқчилик ва ахборот ташишга йўналтирилган тизим учун бундай сценарийни фош қилиш “шест секунд”лик иш. Лозим ҳолатда кўп қаватли уйнинг йўлагидаги ҳодиса тугул, қувур ичидаги каламушнинг бош кўтарганини билиш қудратига эга тизим учун журналистга таҳдидни очиқлаш писта чақишдек гап”, дейди Ташанов.
Инсон ҳуқуқларига фаолига кўра, журналист Нажмиддинова бутун мамлакатни фалаж қилаётган коррупцион тизимнинг бир учига тегиниб қўйган. Бутун жамоатчилик учун бошқа, ўзлари учун бошқа “қонун”лар яратган халқага дахл қилган. У сўзида давом этаркан, Феруза Нажмиддинованинг шаънини топташга бўлган уриниш, мамлакатда сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳоланиши кераклигини урғулайди.
“Ферузага таҳдид мамлакатда сўз эркинлиги, очиқ жамият ва плюрализмга таҳдид ўлароқ баҳоланиши керак. Сайловларда президент бўлишни иддао қилаётган кулгили номзодлар ҳақиқатан ҳам жиддий бўлишса, ишларини ана шу воқеага муносабат билдиришдан бошлашлари керак эди.
Дунё олдида сиёсий имтиҳондан ўтаётган ҳукумат журналист қўяётган жўн — нега қонунга амал қилиш стандарти бир хил эмас, деган саволга жавоб бериши лозим эди.
Ўйлайманки, бу саволга яқин орада ҳеч ким жавоб бермайди, беролмайди ҳам. Чунки парда ортидаги шарафсизлар, йўлакда эҳтиросли муқом қилаётган беномус раққослар ҳам уларнинг ўзларидир.Келинг, шундай эмаслигини исбот қилинг!”, дейди Ташанов.
Эслатиб ўтамиз, 7 август куни ижтимоий тармоқрларда QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳақида бўҳтон ва туҳматдан иборат видео тарқатилди. Ушбу видео аввал Нажмиддинованинг суратлари жойлаштирилиб, сўнг Olmazor city ҳудудидаги уйларнинг бири болконида содир бўлган эркак ва аёл ўртасидаги ишқий муносабат тасвирлари билан монтаж қилинган. Унда ушбу видео қаҳрамони бўлган аёл гўё QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экани айтилади.
Нажмиддинованинг шаънини топташ, обрўсизлантириш мақсадида тайёрланган ушбу видео тез орада ижтимоий тармоқлардан ўчириб юборилишига эришилди. Кеча ҳолат бўйича айбдорларни топиш ва жазолаш юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилинди. ИИВ, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, Сенат, АОКА ва Журналистлар ижодий уюшмаси, мазкур ишни ўз назоратига олди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов, фонд раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳолат юзасидан баёнот билан чиқди. Ижтимоий тармоқларда журналист Феруза Нажмиддиновани қўллаб-қувватлашга қаратилган #мен_Ферузаман флешмоби бошланди.
LiveБарчаси