Журналистни ёмонотлиқ қилишдан ким манфаатдорлигини ўйлаб кўринг – Алламжонов
Жамият
−
08 Август 2021
9568Хабарингиз бор, кеча, 7 август куни ижтимоий тармоқрларда QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳақида бўҳтон ва туҳматдан иборат видео тарқатилди. Ушбу видео аввал Нажмиддинованинг суратлари жойлаштирилиб, сўнг Olmazor city ҳудудидаги уйларнинг бири болконида содир бўлган эркак ва аёл ўртасидаги ишқий муносабат тасвирлари билан монтаж қилинган. Унда ушбу видео қаҳрамони бўлган аёл гўё QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова экани айтилади.
Журналистга нисбатан уюштирилган туҳмат бўйича Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов муносабат билдирди.
“Журналистларга босим ўтказишнинг энг жирканч усулларидан бири интернет тармоғида уюштирилган тазйиқ бўлиб қолмоқда. Одатда бундай усулдан ножоиз ёки ноқонуний ишлари журналистик суриштирувга тушганлар фойдаланади.
Бунинг йўли оддий: ёлғон қанчалик даҳшатли бўлса, унга ишониш шунчалик осон. Тармоққа қинғир фейк жойланиб, ёлғоннинг тўлақонли тарғиботи бошланади. Мақсад – журналистларни қўрқитиб, уларни хизмат вазифаларини бажаришдан бош тортишга мажбур қилиш.
QALAMPIR.UZ интернет-ОАВ бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳам шу муаммога дуч келди.
Аноним аккаунтлардан паст сифатдаги ифлос видео тарқатилди. Ундаги аёл Феруза Нажмиддинова дея даъво қилинмоқда.
Тармоқларда бу ёлғон илиб кетилиб, тарқатиб юборилди, натижада журналистга маънавий зиён етказилди. Шу муносабат билан яна бир бор барча ОАВ вакилларига мурожаат қилмоқчиман: “Бировларнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб, манипуляция объектига айланманг, маълумотни текширинг”. Аксарият ҳолларда журналист номини обрўсизлантиришнинг асосий сабаби оддий – қасос бўлади. Журналистни ёмонотлиқ қилишдан ким манфаатдорлигини ўйлаб кўринг”, деб ёзади Алламжонов.
Фонд раисига кўра, бутун дунёда журналистларнинг овозини ўчириш, уларнинг йўлига тўғаноқ бўлиш учун бундай ифлос усуллардан фойдаланилади, ҳамма жойда ОАВга қарши фитна ва иғволар бўлади ва Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас.
Алламжонов сўзида давом этаркан, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди бундай ҳолатларга жим қараб турмаслигини урғулаган:
“Ҳамкасблар, агар сизнинг овозингизни ўчиришга, номингизни чаплашга ёки туҳматга қолдиришга уринишаётган бўлса, демак, Сиз тўғри йўлдасиз, кимгадир қаттиқ тегиб кетган ҳақиқатни ёзяпсиз.
Масс-медиа фонди бундай ҳолатларга жим қараб турмайди – биз ҳар бир профессионалнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қиламиз.
Пасткаш инсонлар доим бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Аммо биз улардан чўчимаслигимиз керак.
Феруза, биз Сиз томондамиз!”
Нажмиддинованинг шаънини топташ, обрўсизлантириш мақсадида тайёрланган ушбу видео тез орада ижтимоий тармоқлардан ўчириб юборилишига эришилди. Кеча ҳолат бўйича айбдорларни топиш ва жазолаш юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига мурожаат қилинди. ИИВ, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, Сенат, АОКА ва Журналистлар ижодий уюшмаси мазкур ишни ўз назоратига олди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь