Алиев Ислом динига нисбатан зўравонликдан хавотирда
Олам
−
06 Июль 2023
5570Қуръони Каримнинг ёқиб юборилиши ва таҳқирланиши, бу ҳаракатларнинг сўз эркинлиги ниқоби остида оқланиши мутлақо масъулиятсизликдир. Бу ҳақда кеча, 5 июль куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Бакуда бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати мувофиқлаштирувчи бюросининг вазирлар йиғилишида сўзлаган нутқида сўз очган.
Унинг қайд этишича, маданиятлараро ва динлараро мулоқотни ривожлантириш кун тартибида биринчи ўринга чиқиши керак.
Алиев сўзида давом этаркан, муқаддас Ислом динининг зўравонлик ва террор билан тенглаштирилишидан хавотирда эканини урғулаган.
“Биз исломофобия ва ксенофобиянинг кучайиши, шунингдек, Исломни зўравонлик ва террор билан тенглаштиришга уринишлардан хавотирдамиз. Дания, Нидерландия, Швецияда Қуръони Каримнинг ёқиб юборилиши ва таҳқирланиши, бу ҳаракатларни сўз эркинлиги ниқоби остида оқланиши мутлақо масъулиятсизлик, қабул қилиб бўлмайдиган нарса ва қораланиши керак”, дейди Озарбайжон Президенти.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни Швеция пойтахти Стокгольмнинг марказий майдонларидан бирида 37 ёшли ироқлик муҳожир томонидан Қуръон китоби ёқиб юборилганди. Бунга нисбатан бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар норозилигини билдирди. Жумладан, Россия Президенти Владимир Путин Қуръоннинг ёқилиши динлараро адоват қўзғашини айтиб, бу ҳолат жиноят дея баҳоланишини ҳамда унга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган эди. Шунингдек, Путинга унинг Доғистонга сафари давомида Қуръон совға қилишганди.
Расмий Анқара ҳам Қуръоннинг ёқилиши юзасидан Швецияга нисбатан норозилигини билдириб, ушбу мамлакат учун НАТОга аъзо бўлиш “орзу” бўлиб қолишини маълум қилганди.
Европа Иттифоқи Швециядаги воқеалар бўйича ўз позициясини билдириб, муқаддас китобларнинг ёқилиши ҳақорат, ҳурматсизлик ва очиқ-ойдин провокация эканини билдирган. Шунингдек, Қуръонни ёқиш бўйича акция Иттифоқ фикрини акс эттирмаслиги маълум қилган.
АҚШ ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралаб, Швециядаги мусулмонларнинг ҳуқуқларидан хавотирда эканини билдирган.
Ироқ Қуръонни ёққан одам унинг фуқароси эканини даъво қилиб, Швециядан уни экстрадиция қилишни талаб этганди. Ироқда, шунингдек, футбол бўйча миллий чемпионатнинг “Ал-Шорта” ва “Ал-Қосим” жамоалари ўртасидаги ўйинда Швецияда Қуръоннинг ёқилишига қарши акция ўлароқ футболчи ва ҳакамлар майдонга Қуръон китоблари билан чиқишди.
2 июль куни эса Ислом ҳамкорлик ташкилотида Швецияда Қуръоннинг ёқилиши юзасидан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилганди.
3 июль куни Рим папаси Франциск Швецияда Қуръон ёқилишини кескин қоралаб, бу ҳолат уни ғазаблантирганини маълум қилди.
Бугун, 5 июль куни эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралади.
LiveБарчаси