Офат остидаги Афғонистон ва Туркия, Қодиров ва Кушербоев жанжали, оғир бетоб Раметов... Ҳафта дайжести
Таҳлил
−
25 Июнь 2022
17975Номаълум касалликдан ўлган болалар, депутатлар Қодиров ва Кушербоевнинг жанжали, альцгеймер билан касалланган Жумадулла Раметов, Афғонистондаги кучли зилзила, Туркиядаги ўрмон ёнғини. Ортда қолаётган навбатдаги ҳафтанинг шу ва бошқа асосий хабарлари-QALAMPIR.UZ дайжестида
Абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш жараёнига старт берилди
Жорий йилнинг 20 июнь куни 2022/2023 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди.
Рўйхатдан ўтказиш 20 июндан 20 июлгача давом этади.
Рўйхатга олиш ДТМнинг расмий веб-сайти – my.dtm.uz ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали онлайн амалга оширилади.
Эронда ўзбек Абдулатиф Муродий қатл этилди
Эронда асли келиб чиқиши ўзбек бўлган Абдулатиф Муродий ўлим жазосига ҳукм қилинди. У жорий йилнинг 20 июнь куни Машҳаддаги Вакилобод қамоқхонасида осилди.
Абдулатиф Муродий жорий йилнинг 5 апрелида, Рамазон ойида, Машҳаддаги Имом Ризо мақбарасида шиа уламолари Муҳаммад Аслоний ва Муҳаммад Содиқ Дороийга пичоқ билан ҳужум уюштирганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди.
Эрон матбуотига кўра, 21 ёшли Муродий уларнинг ҳар бирига пичоқ билан камида 20 тадан жароҳат етказган. Муҳаммад Аслоний воқеа жойида вафот этган. Муҳаммад Содиқ Дороий икки кундан кейин шифохонада вафот этгани хабар қилинган.
Илҳом Алиев Ўзбекистонга келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев жорий йилнинг 21-22 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлди.
Президентлар Тошкентда Озарбайжон Республикасининг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев номидаги боғ ва марҳум Президент хотирасига ўрнатилган барелеф очилиш маросимида қатнашишди.
Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида 18 та ҳужжат имзоланган. Ҳудудлараро ҳамкорлик, саноат, халқаро автомобиль қатнови, ноқонуний миграцияга қарши курашиш, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳаларидаги ҳамкорлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури шулар жумласидан.
Туркияда ўрмон ёнмоқда
Жорий йилнинг 21 июнь куни Туркия жануби-ғарбидаги Муғла вилояти Мармарис ҳудудида ўрмон ёнғини бошланди.
23 июнь куни Туркия Ички ишлар вазир Сулаймон Сойлу берган маълумотга кўра, С.А. исмли шахс қўлга олинган гумонланувчи Туркия жанубидаги Мармарис курорти яқинидаги ўрмонга қасддан ўт қўйганини тан олган. Сойлуга кўра, гумонланувчининг ўрмонни ёқиб юборишига яқинда тарихда ушбу ҳудуд бўйича тижорий можаросига учрагани сабаб бўлган.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қасддан ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарганлик учун жазо чораларини кучайтириш ғоясини қўллаб-қувватлаши, ишни, ҳатто, ўлим жазосигача олиб бориш мумкинлигига шаъма қилди.
Путиннинг ядро портфелини олиб юрган қўриқчиси қонга беланган ҳолда топилди
Қайд этилишича, 53 ёшли Вадим Зимин оғир аҳволда реанимация бўлимига ётқизилган. У жиноятда айблангани учун ўз жонига қасд қилгани таҳмин қилинмоқда.
Зимин Федерал хавфсизлик хизматининг истеъфодаги полковниги ҳар доим Кремль раҳбарига ҳамроҳлик қилган. У Кремлнинг “қизил тугма” деб номланадиган ядро қуролига масъул бўлган. Вадим Зимин дастлаб мазкур вазифани собиқ Президент Борис Ельциннинг ёрдамчиси сифатида бажарган. Кейин у хавфсизлик хизматига ишга ўтган ва Путин даврига келиб полковник даражасига кўтарилаган.
“Лўли(чи)лик қилманг”. Қодиров парламентда Кушербоев билан жанжаллашди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 21 июнь кунги йиғилишида депутатлар Алишер Қодиров ва Расул Кушербоев ўртасида тортишув юз берди.
Қайд этилишича, тортишув Ўзбекистон либерал-демократик партияси депутати Расул Кушербоев ва Миллий тикланиш партияси депутати ўртасида фуқароларнинг электрон қурилмаларидаги шахсий маълумотларини олишга имкон берувчи қонун лойиҳаси муҳокамаси сабаб юзага келган.
Қодировга кўра, ҳар бир миллатни ўзига хос сифатлари бўлади. Ўзбекларни “ўзбекчилик” деган сўз билан хос сифатларини айтиш ҳақорат бўлмаганидек, лўлиларни ҳам уларга хос бўлган хусусиятларининг номи “лўличилик” экан.
Фарғонада бир одам дўппосланиб, итга талатилди
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг изоҳ беришича, ҳолат жорий йилнинг 13 май куни Фарғона шаҳарида яшовчи қўшнилар ўртасида содир бўлган. Хонадонларнинг бирида ит боқиш билан боғлиқ маиший муаммолар оқибатида жанжал келиб чиққан.
Хозирда ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Актёр Жумадулла Раметов альцгеймер хасталигига чалинди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, театр ва кино санъатининг йирик намояндаларидан бири Жумадулла Раметов инсонни ақлий қобилиятлардан, хотирадан айирувчи альцгеймер касаллигига чалинди. QALAMPIR.UZ Жумадулла Раметовнинг ўғли Азиз Раметов билан боғланиб, отаси ҳолидан хабар олди.
Азиз Раметов аввалига отасининг касаллигига ишонмагани, қолаверса хонага камера қўйиш ва бошқа усуллар билан отасининг ҳаракатларини кузатиб, вазият жиддийлигини тушуниб етганини айди.
Унинг қайд этишича, айни вақтда Жумадулла Раметовда касалликнинг иккинчи босқичи кечмоқда ва у кун сайин оғирлашмоқда.
Сурхондарёда 8 нафар давлат хизматчиси йиғилишда қамоққа олинди
Маьлумотга кўра, Сурхондарё вилоятида бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларига барҳам бериш ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган йиғилишда 8 нафар давлат хизматчиси ДХХ томонидан қўлга олинган.
Ҳозирда уларнинг айримларига қўлланилган “қамоқ” эҳтиёт чораси “гаров”га ўзгартирилган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Афғонистонда кучли зилзила содир бўлди
Жорий йилнинг 22 июнь куни Тошкент вақти билан 01:55 атрофида Афғонистонда 6.1 балли зилзила содир бўлди.
Афғонистоннинг шарқий қисмида юз берган зилзила оқибатида 1900 нафар одам вафот этган. 2000 дан ортиқ киши эса жароҳат олган. Қурбонлар сони яна ошиши мумкин.
Афғонистонни назорат қилаётган “Толибон” ҳаракати раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода Хост ва Пактика вилоятларида юз берган зилзила муносабати билан халқаро тузилмалардан ёрдам сўради.
Ўзбекистон мингдан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган кучли зилзиладан жиддий зарар кўрган Афғонистонга ёрдам таклиф қилди.
“Толибон” Афғонистондаги зилзила қурбонлари учун $11 млнга яқин маблағ ажратади
Халқимиз бойиб кетди, ҳаммада кондиционер... – Энергетика вазирлиги расмийси
Ўзбекистон халқи бой бўлиб кетган. Ёзда уйини кондиционер билан совутади, қишда яна электр жиҳозлари билан иситади. Кўмирдан фойдаланмайди, газни эса паст дейди. Оқибатда бутун юк электр тармоқларига тушади. Жорий йилнинг 23 июнь куни бўлиб ўтган Энергетика форумида Энергетика вазирлиги Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш лойиҳаси директори ўринбосари Баҳромбек Умарбеков QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда шундай фикр билдирди. Бу ижтимоий тармоқда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Рус эстрадаси юлдузи Юрий Шатунов вафот этди
Жорий йилнинг 23 июнь куни “Ласковый май” гуруҳи солисти, 1990-йилларда хит бўлган қўшиқлар муаллифи Юрий Шатунов вафот этди.
Юрий Шатунов 48 ёшда эди. Телеканал маълумотларига кўра, унинг ўлимга юрак хуружи сабаб бўлган. Хонанда Домодедово шифохонасига олиб кетилаётганда тез ёрдам машинасида вафот этган.
Ўзбекистонга “Omicron”нинг хавфли штамми кириб келди
Ўзбекистонда коронавируснинг энг юқумли штамми — “Stealth-Omicron” BA.2 варианти аниқланди.
Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар марказида вирус геномини ўрганиш (секвенлаш) бўйича ўтказилган таҳлилларнинг 67 фоизида “Omicron” ва 33 фоизида “Omicron” штаммининг янги мутациядаги “Stealth-Omicron” BA.2 варианти топилган.
Тўпаланг сув омборида тошқин содир бўлди
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарёдаги Тўпаланг сув омборида қурилган тўғон (дамба) сув қўйиб юборгани ва атрофни сув босгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳолатга “Ўзбекгидроэнерго” АЖ муносабат билдириб, тўғон билан боғлиқ муаммо мавжуд эмаслигини айтган.
Маьлумотга кўра, омбор қошида барпо этилган Тўпаланг ГЭСда 2-компонент модернизация лойиҳаси амалга оширилаётгани муносабати билан босимли қувурда синов ишлари ўтказилган вақтда босим қувури тўсини орқали 40 м3 сув чиққан.
ФВВ хабарига кўра, сув омборининг мустахкамлигига зиён етмаган, чиқарилаётган сув хажмини камайтириш ишлари олиб борилган.
Қашқадарёда 4 ва 6 яшар бола номаълум касалликдан вафот этди
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 4 ёшли бола "номаълум" касалликдан вафот этганлиги, унинг 6 ёшли оила аъзоси ҳам оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётганлиги, шифокорлар уларга ташхис қўя олишмаганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Хабарларда касалликни аниқлаш учун Самарқанддан ҳам шифокорлар чақирилгани, аммо улар ҳам ташхис қўя олмагани айтилган.
Жорий йилнинг 23 июнь куни Номаълум касалликдан вафот этган 4 яшар боланинг 6 яшар (қиз) қариндоши ҳам вафот этди.
Шифокорлар қизчага ҳам, унинг амакиваччаси бўлган 4 яшар болага ҳам ташхис қўёлмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳолатни ўз назоратига олган.
Таэквондо: Улуғбек Рашитов Осиё чемпиони бўлди
Жорий йилнинг 24 июнь куни Жанубий Кореяда таэквондо бўйича Осиё чемпионатининг финал баҳслари бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик Улуғбек Рашитов ҳам иштирок этиб, Осиё чемпионлигини қўлга киритди.
Қозоқлар Тўқаевга қарши чиққан Қодировга тарихни эслатиб қўйди
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи мажлисида ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛХР)ни тан олмаслиги ва уларни квази-давлатлар деб ҳисоблашини маълум қилди.
Шундан сўнг, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Россияга ҳеч қандай фойдаси тегмаслиги, бироқ Москва ҳаммага ёрдам беришини, хусусан, Россия Қозоғистон ва Беларусни қутқариб қолганини айтиб чиқди.
Шундан сўнг, қозоғистонлик журналист Сергей Пономарёв Рамзан Қодировга 1944 йилда ярим миллион чеченлар Қозоғистонга депортация қилингани, уларни қозоқлар очликдан ва совуқдан қутқариб қолганини эслатиб қўйди.
Шу тариқа, журналист Рамзан Қодировнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар, хусусан, Қозоғистон Украинадаги ҳарбий можаро бўйича ҳеч қандай позицияга эга эмаслиги, мамлакат Ғарб санкцияларидан қўрқиб, Москванинг тарафини тутмаётгани, шунингдек Россия Қозоғистонни қандай қилиб балолардан қандай қутқарганини унутгани ҳақидаги сўзларига жавоб қайтарди.
Ўзбекистонда Twitter, TikTok ва “ВКонтакте” блокдан чиқарилади
Жорий йилнинг 24 июнь куни Twitter, TikTok ва “ВКонтакте” ижтимоий тармоқларидан фойдаланиш бўйича чекловлар тез орада олиб ташланиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов QALAMPIR.UZ’га изоҳ берди.
Вазирлик масъулига кўра, мазкур ижтимоий тармоқлар ҳақиқатдан ҳам блокдан чиқарилади, бироқ айнан қайси куни тақиқ олиб ташланиши номаълум.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь