Путиннинг ядро портфелини олиб юрган қўриқчиси ўз жонига қасд қилди – ОАВ
Олам
−
22 Июнь 2022
62387Россия Президенти Владимир Путиннинг ядро портфелини олиб юрган махфий полковник Москва яқинидаги уйида отиб кетилган ҳолда топилди. Бу ҳақда MKRU нашри хабар берди.
Қайд этилишича, 53 ёшли Вадим Зимин оғир аҳволда реанимация бўлимига ётқизилган. У акаси томонидан бошидан ўқ еган ҳолда топилган.
Федерал хавфсизлик хизматининг истеъфодаги полковниги ҳар доим Кремль раҳбарига ҳамроҳлик қилган. У Кремлнинг “қизил тугма” деб номланадиган ядро қуролига масъул бўлган. Вадим Зимин дастлаб мазкур вазифани собиқ Президент Борис Ельциннинг ёрдамчиси сифатида бажарган. Кейин у хавфсизлик хизматига ишга ўтган ва Путин даврига келиб полковник даражасига кўтарилаган.
Вадим Зимин нафақага чиққанидан сўнг божхона хизматига ишга жойлашган ва у ерда Марказий божхона бошқармаси тендер комиссияси раиси лавозимида ишлаган. Бироқ орада унинг эски раҳбари ишдан кетган ва ўрнига янгиси келган. Янги хўжайин ундан ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишни сўраган, аммо Зимин рад жавобини берган.
Баъзи маълумотларга кўра, унга икки иш бўйича айблов қўйилиб, уй қамоғига ҳукм қилинган. Қариндошларининг сўзларига кўра, Зимин ишнинг натижаси ҳақида қайғурмаган, чунки у август ойида бўлиб ўтадиган судда оқланишига ишонган.
Маълумотларга кўра, 19 июнь куни унинг акаси Доғистондан Москвага учиб келган ва укасининг адвокатидан ишнинг бориши ҳақида сўраган.
Зимин 20 июнь куни акасига маст ҳолда ўз жонига қасд қилиш нияти борлигини маълум қилган. Аммо ака уни бу ниятидан қайтарган. Ўша куни ака-ука келажак учун режалар тузишни бошлаган. Хусусан, Зиминга акаси суддан кейин гул бизнесида ёрдам беришини айтган.
Аммо орадан бироз вақт ўтиб, Зимин бошқа хонага ўтиб кетган, у ерда акаси уни бошидан ўқ еган ҳолда топган. Унинг ёнида “Izh 79-9TM” русумли травматик тўппонча бўлган.
Хабарга кўра, Зиминнинг турмуш ўртоғи шифокор бўлиб ишлайди. У ҳозирда Украинадаги махсус операция зонасида. Воқеа содир бўлишидан бир неча кун олдин у хонадошига қўнғироқ қилиб, қашшоқлигидан шикоят қилган. Унга кўра, нафақадаги полковник ишдан ва даромадидан айрилгани учун тушкунликка тушиб қолган.