Трамп, Си ва Путин дунёни бўлиб олмоқчими?

Таҳлил

−

Reklama
0:00

“АҚШ ва Хитой дунёнинг икки суперкучи, учинчиси йўқ”

(Илҳом Алиев)

1945 йил февраль ойи бошида Қримдаги Ялта шаҳрида дунёнинг энг қудратли уч давлати раҳбарлари йиғилган ва бутун дунёнинг келгуси тақдирини ўзаро ҳал қилиб олган эди. Мана орадан 80 йилдан ошиқроқ вақт ўтди ва янги дунё “титанлари” яна бир стол атрофида. Ҳаммаси деярли ўша-ўша, фақат эски таркибдаги Буюк Британия ўрнини бугун Хитой Халқ Республикаси эгаллаган. 

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида уч давлат раҳбари – Дональд Трамп, Си Цзиньпин ва Владимир Путин илк бор бир стол атрофида учрашди. 2026 йилги APEC саммити баҳонасида бўлиб ўтаётган учрашувга Хитой мезбонлик қилмоқда. Ҳар бир давлат раҳбарининг ҳал қилиши керак бўлган ўз муаммоси, айтмоқчи бўлган гапи бор. Шарқий Европадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилиш билан бошланиб, расмий минбарларда халқаро хавфсизлик, савдо ва иқтисодий алоқалар ҳақида мунозаралар бўлиши айтилган учрашув кутилганидан кўра кўпроқ мавзуларни қамраб олди дейиш мумкин.

Хўш, Шэньчжэндаги учрашув дунёни қайта тақсимлашга олиб келиши мумкинми?

Учрашувгача

Уч томонлама учрашув ғояси Вашингтон ёки Пекиндан чиқмади. 9 октябрь куни Владимир Путин Дональд Трамп билан телефон орқали суҳбатлашганида илк бор дунёнинг янги “суперқудратлари” ўртасида кенгаш ўтказишни таклиф қилган. “The Wall Street Journal” нашрининг ёзишича, Путин бу форматда, аввало, Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилмоқчилигини айтган. Трамп ҳам таклифни маъқуллаган. У 8 ноябрь куни “CBS” телеканалига берган интервьюсида АҚШ президенти Украина чегараларини ўзгартириб бўлса-да, урушни тўхтатишни истaётганини маълум қилган эди.

“Менимча, биз бунга эришамиз, якунда Украина бироз бошқача шаклга эга бўлади. Қаранг, агар мен президент бўлганимда, бу уруш бошланмаган бўларди”, деган Трамп.

13 ноябрь куни Оқ уй учрашув 19 ноябрь куни бўлиб ўтишини эълон қилганди. Эртаси куни Кремль ҳам бу хабарни тасдиқлади. Пекин эса уч кун сукут сақлади ва фақат 16 ноябрь куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги учрашув бўлишини маълум қилди. Бироқ музокараларнинг кун тартиби очиқланмаган эди.

АҚШ расмийлари учрашув якунида бирор келишувга эришилишини кутмаётганини билдирган. Шунга қарамай, ҳар учала етакчининг музокаралардан кўзлаган мақсадлари бор. Қизиғи, мезбон Си Цзиньпин бу учрашувдан энг кўп хавотир олаётган раҳбар бўлиши мумкин.

Тармоқларда учрашувни 1945 йилдаги Ялта конференциясига қиёслай бошлашди. Негаки, ўша конференцияда АҚШ, Буюк Британия ва Совет Иттифоқи раҳбарлари урушдан кейинги Европа тартибини муҳокама қилган эди. Бу сафарги учрашув ҳам уч йирик давлатнинг кичикроқ мамлакатлар манфаатларини четлаб ўтиб, халқаро тартибни ўзаро келишиб олишига замин яратиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар уйғотди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса бундай қиёсларни рад этиб, Шэньчжэндаги эҳтимолий келишувлар бошқа давлатларга мажбуран татбиқ этилмаслигини айтди. Путин ҳам уч томонлама йиғинни мавжуд хавфларни бартараф этишни кўзлаган мулоқот сифатида таърифлади.

“Ҳарбий-сиёсий хавфлар кучайиб бораётган бир пайтда, бўлиниш эмас, балки бирлик... ва ультиматумлар эмас, балки мулоқот жуда зарур”, деди Путин.

Шунга қарамай, эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Дунёнинг энг қудратли уч давлати йиғилар экан, буни оддий форум ёки саммит деб қабул қилиш қийин. Учрашувдан бир неча кун аввал Германиянинг “Bild” нашри Россия Финляндиянинг НАТО аъзолигидан чиқишини истaётгани ҳақида хабар берди.

Ялта саммитида Сталин икки капиталистик давлат орасида қолган эди. Бу гал эса Хитой ва Россия раҳбарлари асосий учрашув олдидан алоҳида суҳбатлашиб олгани кўпчиликнинг эътиборини тортди. 18 ноябрь куни Си Цзиньпин ва Владимир Путин ўртасидаги музокараларда икки давлатнинг дўстлиги ва мафкуравий яқинлиги жимжимадор сўзлар билан такрорланди. “South China Morning Post” нашрининг ёзишича, Си Цзиньпин Россия –Хитой муносабатларини шамол ва ёмғир остида ҳам мустаҳкам турадиган тоққа қиёслаган. Путин ҳам ўз навбатида, мураккаб халқаро вазиятга қарамай, икки давлат ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик конструктив тарзда ривожланаётганини таъкидлаган.

Музокаралар бошида Россия президенти Москва ва Пекин янада адолатли кўп қутбли дунё тартибини шакллантириш бўйича конструктив ёндашувга амал қилаётганини билдирган. Икки мамлакатнинг умумий мақсади – Осиё-Тинч океани минтақасининг фаровонлигини таъминлаш экани қайд этилган. Си эса ўз томонидан Россия ва Хитой “дадил олға бориши”, шунингдек, “кўп қутбли дунё шаклланишига ва халқаро муносабатларнинг демократлашувига кўмаклашиши” зарурлигини урғулаган.

Шундай қилиб, гарчи Россия ва Хитой раҳбарлари ўртасидаги суҳбат асосий учрашувдан аввалроқ ўтказилиши олдиндан маълум бўлган бўлса-да, тармоқларда бу Пекиннинг Россияга нисбатан ён босиши ва мафкуравий яқин ҳукуматлар ўртасидаги илиқ муносабат сифатида талқин қилинди. 

Кейинги кун эса Трамп ва Путин ҳам Шэньчжэнда алоҳида музокара ўтказди. Бу 2025 йил август ойида Алясканинг Анкориж шаҳридаги учрашувидан кейинги илк юзма-юз мулоқот бўлди. Маълумотларга кўра, учрашувда Трампга давлат котиби Марко Рубио ва молия вазири Скотт Бессент, Путинга эса ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва бошқа Россия расмийлари ҳамроҳлик қилган.

Учрашувда Трамп Путин билан алоқалари яхши эканлиги ва музокаралардан аниқ бир натижа кутаётганини маълум қилди.

“Биз кўп йиллардан бери яхши муносабатдамиз. Бир-биримизни анчадан бери таниймиз. Бу учрашувдан кўплаб яхши натижалар чиқиши ёки ҳеч бўлмаганда улар бошланиши мумкин”, деди Трамп.

Музокаранинг асосий мавзуси – Украина уруши бўлган. Россиянинг ТАСС агентлиги икки президент айнан шу масалани муҳокама қилганини хабар қилган бўлса, “AP News” нашри учрашувдан олдин Трампнинг Украинадаги урушни тугатиш ва ядровий қуролларни чеклаш масалаларини кўтариш ниятида бўлганини ёзган.

Путиннинг учрашувдан “аъло кайфиятда” чиққани ҳам ТАСС хабарида алоҳида қайд этилган. Шунга қарамай, муаммоларни ҳал қилиш масаласида қандайдир силжиш бўлгани айтилмаган. Бу эса Трампнинг Украина манфаатларини четга суриб бўлса-да, урушни тугатишга уриниши ҳақидаги фикрларни яна кун тартибига чиқарди.

Украина президенти эса учрашувдан умиди катта эканлигини, Трамп ва Си биргаликда Путинни тўхтатишга қодирлигини таъкидлаган. Унинг фикрича, АҚШ ва Хитой Россияга қарши санкциялар жорий этса ёки бундай чоралар билан таҳдид қилса, Москва урушни тўхтатишга мажбур бўлади.

“Улар битта учрашувнинг ўзида Путинни тўхтатиш учун етарли кучга эга”, дея жавоб берган Украина раҳбари.

Кейинроқ Трамп ва Си ҳам алоҳида музокаралар олиб борди. Бу учрашувда ҳам муносабатлар аъло даражада эканлигига алоҳида тўхталди. Учрашув бошида Си АҚШ ва Хитой муносабатлари “барқарор ва яхшиланган” ҳолатда эканини таъкидлади. “CBS News” маълумотларига кўра, икки томонлама суҳбатда савдо ва бож тарифлари, қишлоқ хўжалиги ҳамда ядровий хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор берилган. Трамп Хитойнинг Америка қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига “тўймас иштаҳаси” борлигини айтиб, Пекиндан харидларни янада оширишни сўрашини билдирди.

“Катталарнинг катта муаммолари”

Дунёнинг энг қудратли уч давлати раҳбарлари бир стол атрофида ўтирса, кун тартибида оддий масалалар бўлмаслиги аниқ. Кўпчилик учрашувнинг асосий масалалари Украина ва Эрондаги урушлар бўлишини кутган эди. Аммо жаноб Трампни бошқа масалалар кўпроқ хавотирга солаётган кўринади. У учун асосий муаммолардан бири – ядро қуроллари эди. АҚШ, Хитой ва Россия биргаликда дунёдаги ядро каллакларининг қарийб 90 фоизига эгалик қилади.

 

Ўнлаб йиллар давомида халқаро шартномалар АҚШ ва Россиянинг стратегик ядровий арсеналларини чеклаб келган. Улар орасидаги сўнгги йирик келишув – New START шартномаси 2026 йил 5 февралда ўз кучини йўқотганди. Москва шартнома доирасидаги чекловларга яна бир йил амал қилишни таклиф қилган, бироқ Трамп бу таклифни рад этган. Нега? Чунки АҚШ президенти янги келишувга Хитойни ҳам жалб қилишни истамоқда. Унинг Хитойни музокараларга қўшиш истаги Пекиннинг ядровий салоҳияти билан боғлиқ. АҚШ ва Россиянинг ҳар бирида 5 мингдан ортиқ ядро каллаги мавжуд бўлса, Хитойда уларнинг сони тахминан 600 тани ташкил этади, холос. Бу уч давлат орасидаги энг кам кўрсаткич, бироқ Хитой арсенали энг тез суръатларда кенгайиб бормоқда.

Путин эса қурол назорати бўйича аввалги келишувларнинг барбод бўлишида Вашингтонни айблаб келади. Унинг таъкидлашича, бу шартномалардан турли баҳоналар билан айнан АҚШ чиққан.

“2019 йил 2 август куни Америка Қўшма Штатлари бир томонлама тартибда, ўйлаб топилган баҳона билан, ўрта ва қисқа масофали ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномадан чиқди ва шу тариқа қурол назорати соҳасидаги асосий ҳужжатлардан бирини амалда барбод қилди. Ушбу қадамни ташлаш орқали АҚШ дунёнинг турли минтақаларида мазкур синфдаги ракеталарни назоратсиз жойлаштиришга йўл очиб берди”, деган эди у.

Пекин эса ҳозирги босқичда Хитойни уч томонлама ядровий қуролсизланиш музокараларига жалб этишни адолатли, оқилона ёки амалий жиҳатдан асосли деб ҳисобламаслигини билдирган. Си Цзиньпин йирик давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик халқаро барқарорликнинг муҳим шарти эканини таъкидлади. “Тарих – энг яхши дарслик”, деди у ва давлатларни ўтмишдан сабоқ олиб, келажакни шакллантиришга чақирди.

Путин ҳам ядровий хавфсизлик масаласини кенгроқ халқаро масъулият билан боғлади. Унинг фикрича, Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган давлатлар сифатида АҚШ, Россия ва Хитой халқаро тинчликни сақлашда алоҳида жавобгарликка эга.

Бироқ ядро қуроллари масаласидаги умумий чақириқлар ҳали аниқ бир келишув тузилди дегани эмас. Учрашувдан сўнг янги шартнома, қуролларни қисқартириш бўйича рақамлар, муддатлар ёки музокараларнинг кейинги босқичи эълон қилинмади. Яъни уч давлат ядровий хавфни камайтириш зарурлигини тан олди, холос, аммо бунга қандай эришиш борасида ҳозирча механизм ишлаб чиқилмаган.

Трамп Эрон масаласини ҳам муҳокама қилишни истайди. Ҳа, АҚШ раҳбари Яқин Шарқда кечаётган инқирозли вазиятни ҳал қилиш учун ёрдам сўрамаслигини аниқ-тиниқ қилиб бир неча бор такрорлади. Аммо можаронинг бугунги кўлами ва таъсир доирасининг ниҳоятда кенгайиб кетгани ушбу мавзуни барибир кун тартибига қайтарди.

Трамп ўзининг эски даъвосини такрорлади. У Теҳроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўйилмаслигини қатъий билдирди. АҚШ президенти, шунингдек, Хитой билан Ҳормуз бўғози орқали нефть етказиб бериш узлуксиз давом этиши борасида умумий манфаат мавжудлигини айтди.

“Қўшма Штатлар ҳам, Хитой ҳам энергиянинг Ҳормуз бўғози орқали оқиб ўтишини ва Эрон ядровий қуролга эга бўла олмаслигини таъминлашдан манфаатдор”, деди Трамп.

Бу бўғоз Яқин Шарқ нефтини жаҳон бозорига олиб чиқадиган энг муҳим денгиз йўлларидан бири бўлиб, Эрон атрофидаги уруш сабабли унинг фаолияти издан чиққани глобал энергетика хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Пекин Эрон билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларга эга, Россия ҳам Теҳрон билан ҳамкорлик қилади. Вашингтон эса Эроннинг ядровий салоҳиятини чеклаш баҳонаси билан унга турли санкциялар ва савдо қилишига турли тўсиқлар яратиб келмоқда. Айнан шу жиҳатдан, уч давлатнинг бу масаладаги манфаатлари бир хил эмас. Трампнинг баёнотлари музокараларда Эрон мавзуси кўтарилганини кўрсатса-да, якуний декларацияда Теҳрон ёки урушни тугатиш бўйича аниқ келишув қайд этилмаган.

Музокараларнинг яна бир асосий мавзуси – Украина уруши бўлди. Путин уч давлатнинг минтақавий можароларни, жумладан Украинадаги урушни ҳал қилиш борасида умумий манфаатлари мавжудлигини билдирган.

“Мамлакатларимизнинг минтақавий можароларни, жумладан, албатта, Украинадаги можарони ҳам тартибга солиш борасида ўзаро мос келувчи кўплаб манфаатлари мавжуд. Бу ҳақда кеча Хитой Халқ Республикаси Раиси билан ҳам гаплашган эдик, бугун эса Америка Қўшма Штатлари Президентининг ташаббуси билан икки томонлама учрашувда бунга кўп эътибор қаратдик”, дея қўшимча қилган у.

Трамп эса бу масалани етарлича муҳокама қилганини ва ҳамма урушни тугатишни истаётганини, бу эса бирор “силжишга” сабаб бўлишини айтган.

Аммо Си Цзиньпиннинг нутқида Украина уруши бевосита тилга олинмади. У “йирик давлатлар ҳамжиҳатликда яшаса, дунёда тинчлик бўлади, улар тўқнашса, дунё тартибсизликка юз тутади”, деган мазмундаги фикрни билдирди, холос. Бу баёнот Пекиннинг можаро бўйича аниқ позиция билдиришдан кўра, умумий дипломатик тамойилларни илгари суришига ўхшатилди.

Энг муҳим жиҳати шундаки, Украина тақдири муҳокама қилинган учрашувда Украинанинг ўзи иштирок этмади. Киев билан бир қаторда урушга бевосита дахлдор Европанинг етакчи давлатлари ҳам музокаралар столида бўлмади. Бу эса халқаро муносабатларда катта давлатлар ўзаро келишиб, бошқа мамлакатларнинг хавфсизлик манфаатларини четлаб ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтиради. Бунга Зеленский ҳам ўз позициясини шахсий Telegram-каналида билдирди.

“Украина масалалари Украинанинг иштироки билан, Европа масалалари эса Европанинг иштироки билан ҳал қилиниши керак”, деб ёзган у.

Қайсидир маънода музокараларнинг асосий ташкиллаштирувчиси бўлган Владимир Путин учун бу масала ниҳоятда муҳим. Негаки, уруш Россияда ҳам бир олам муаммоларни вужудга келтиришга улгурди. Украина тақдирини бевосита Трамп билан бирга музокара қилиш эса Москвага якуний натижа борасида қатор енгилликлар ва ён босишлар олиб келиши мумкин. Ҳар ҳолда, АҚШ вакиллари босиб олинган Украина ерларининг Россия таркибида қолишига қаршилик қилмаяпти.

10–11 ноябрь кунлари Абу-Дабида Россия ва Украина музокарачилари Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер иштирокида учрашган эди. 13 ноябрь куни Германиянинг “Bild” газетаси музокаралар атрофида муҳокама қилинган Россия таклифлари рўйхатини эълон қилган эди.

Нашр хабарига кўра, Россия эгаллаб турган ҳудудларини ўзида сақлаб қолиши ва бутун Донбасс устидан назоратни қўлга киритиши мумкинлиги таклиф қилинган. Одесса ва Николаев портларини демилитаризация қилиш, НАТОнинг Эстония, Латвия ва Литвада ҳарбий базалар жойлаштирмаслиги, 2023 йилда НАТОга қўшилган Финляндиянинг эса аввалги мақомига қайтиши ҳам рўйхатда қайд этилган эди. Бунинг эвазига Россия Беларусь ҳудудидаги ядро қуролларини олиб чиқиши мумкинлиги айтилган. Бироқ нашр Путин ушбу бандларнинг барчасини шахсан қўллаб-қувватлаяптими ёки йўқми, аниқ эмаслигини ёзган. Кремль эса бундай шартлар илгари сурилмаганини билдирган.

Шу сабабли Европада “Ялта” сўзи қайта-қайта тилга олинмоқда. 1945 йил февраль ойида АҚШ президенти Франклин Рузвельт, Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилль ва Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин Қримдаги Ялта яқинида жойлашган Ливадия саройида учрашган эди. Улар Германияни оккупация зоналарига бўлиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ташкил этиш ва фашистлар Германиясидан озод қилинган Европа мамлакатларида эркин сайловлар ўтказиш масалаларини муҳокама қилган. Шу боис Ялта конференцияси бугун йирик давлатлар кичикроқ мамлакатлар тақдирини уларнинг иштирокисиз ҳал қилиши рамзига айланган.

Хитой эса Украинадаги урушни Европа можароси деб ҳисоблайди. Германия президенти Си билан суҳбатда европаликлар ҳам музокаралар столида бўлиши кераклигини айтганини билдирган. Хитойнинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири бўлган Европа эса янги “Ялта” эҳтимолидан хавотирда.

Уч томонлама музокараларда энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги ва глобал иқтисодий алоқалар ҳам муҳокама қилинди. Путин уч давлат ўртасида глобал ва минтақавий иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, озиқ-овқат ҳамда энергетика хавфсизлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратишни таклиф этди. Трамп ва Си Цзиньпиннинг алоҳида учрашувида эса савдо, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва Ҳормуз бўғози орқали нефть ташиш масалалари кўтарилди.

“Аъзага келган хотин ўз дардини айтиб йиғлар” деганларидек, Трамп ҳам яна бир масалани – Халқаро жиноий суд ваколатларини чеклаш ва давлат суверенитетини ҳимоя қилиш борасидаги таклифни илгари сурди. У ушбу масала бўйича Хитой ҳамда Россия билан ҳамкорлик қилишни хоҳламоқда. Унинг фикрича, халқаро ташкилотлар давлатларнинг суверен ҳуқуқларига аралашмаслиги керак.

Трамп ва Халқаро жиноий суд ўртасидаги келишмовчиликнинг марказида эса битта масала, халқаро суд АҚШ ва унинг иттифоқчиси Исроил ҳарбийлари ҳамда сиёсий раҳбарларини текшириши ва жавобгарликка тортиши турибди. Ташкилот ўтган давр мобайнида Исроил раҳбарларини, жумладан Бош вазир Биньямин Нетаньяхуни бир неча бор уруш жиноятларини содир этишда айблаб келади. Ҳатто 2024 йил ноябрида Халқаро жиноят суди (ХЖС) Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берган.

Қизиқ томони, Трампнинг бу таклифи тўғри нуқтада янгради. АҚШ, Россия ва Хитой Халқаро жиноят судининг Рим статутига аъзо эмас. Путин эса ҳатто суд томонидан ҳибсга олиш ордери чиқарилган давлат раҳбари ҳисобланади. Шу сабабли халқаро судларнинг ваколатлари ва мансабдор шахслар иммунитети масаласи уч давлат учун умумий сиёсий манфаат нуқтасига айланиши мумкин.

Учрашув якунида Хитой давлат ахборот агентлиги Xinhua ва Кремль уч давлат раҳбарлари номидан “Тинчлик декларацияси” деб аталган ҳужжатни эълон қилди. Унда ядровий уруш ҳеч қачон олиб борилмаслиги кераклиги, БМТ ислоҳотларини илгари суриш, нефть маҳсулотлари етказиб берилишини кўпайтириш ва халқаро судларда давлат мансабдор шахсларининг иммунитетини ҳурмат қилиш каби масалалар қайд этилган. Аммо АҚШ томонидан ҳужжатнинг алоҳида расмий нусхаси эълон қилинмади, учала президент ҳам учрашувдан сўнг журналистлар олдида қўшма баёнот бермади.

Яна бир муҳим жиҳати, ушбу Тинчлик декларациясида ўша тинчликка муҳтож бўлган Украина ва Эрон тилга олинмаган.

Хуллас, Шэньчжэндаги учрашув ажойиб дабдаба, улкан шов-шувлар ва деярли ҳеч қандай амалий натижасиз якунланди. Тўғри, аслида ҳам учрашувдан мақсад умумий мавзуларни муҳокама қилиш эди, бир учрашувнинг ўзидан дунё тақдирини ҳал қилиб юборувчи натижаларни кутиш керак эмас. Ҳали муаммоларнинг ечимлари келгусида ишлаб чиқилиши, муҳокамада бўлган мавзулар яна кун тартибига қайтиши мумкин. Аммо бир нарса аниқки, ушбу уч “титан”нинг ёпиқ эшиклар ортида қилган қарорлари ҳали келгусидаги дунё сиёсатига жиддий таъсир қилади.

 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг