Расман: Ўзбекистонга “Omicron”нинг хавфли штамми кириб келди

Жамият 24637
image

Ўзбекистонда коронавируснинг энг юқумли штамми — “Stealth-Omicron” BA.2 варианти аниқланди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

Юсупалиевга кўра, Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар марказида вирус геномини ўрганиш (секвенлаш) бўйича ўтказилган таҳлилларнинг 67 фоизида “Omicron” ва 33 фоизида “Omicron” штаммининг янги мутациядаги “Stealth-Omicron” BA.2 варианти топилган.

“Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси бўйича вазият барқарорлиги таъминланиб келинмоқда. Лекин ўтган икки йил давомида айнан июль-август ойларида касалланиш кўтарилганлиги қайд этилган. Шунинг учун коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ва бустер дозаси билан қайта эмлаш ишларини жадаллаштириш катта аҳамиятга эга”, дея қўшимча қилди Баҳодир Юсупалиев.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши эмлашда қўлланилган жами вакциналар сони 57,7 миллион дозадан ошди. Улардан биринчи босқич эмланганлар 20 миллион 550 минг 541 нафарни, иккинчи босқичда эмланганлар 16 миллион 856 минг 230 нафарни, учинчи босқич ва бустер доза билан эмланганлар 20 миллион 355 минг 55 нафарни ташкил қилди. 

12-18 ёшдаги эмланувчилар учун жами 1 миллион 587 минг 480 доза вакцинадан фойдаланилди. Улардан биринчи босқич эмланганлар 863 минг 351 нафарни, иккинчи босқичда эмланганлар 675 минг 766 нафарни, учинчи босқич ва бустер доза билан эмланганлар 48 минг 363 нафарни ташкил қилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 июнь куни Ўзбекистонда 98 та коронавирус билан касалланиш ҳолати аниқланган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 796
Рейтинг: 3
t
×