Актёр Жумадулла Раметов альцгеймер хасталигига чалинди

Маданият-санъат 161666
-

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, театр ва кино санъатининг йирик намояндаларидан бири Жумадулла Раметов альцгеймер касаллигига чалинди. Унинг ўғли Азиз Раметов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида отасининг оғир хасталикка чалинганига ишора қилиб, видео жойлаган эди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Азиз Раметов билан боғланиб, отаси Жумадулла Раметовнинг ҳолидан хабар олди.

“Маълум вақт хотирасини йўқотадилар. Бу вақтда қилган ишларини сизга айтиб бера олмайман. Хотирасини йўқотганларида, хаёлга сиғмайдиган ишларни қиладилар. Дадамда альцгеймер касаллиги бошланганига 2 йил бўлди. Ҳозир бу касаллик кучайди. Иссиқ пайтда, кечқурун соат 03:00 дан оёқлари қичиб, ваража тутади. Шу билан хотирасини йўқотиб, “Кимсан?”, деб савол бера бошлайдилар.  Докторлар ташхис қўйишганига 1 йил бўлди. Касаллик асабдан келди, бошида кўп нарсани унутиб, ҳожатхонани топа олмай қолдилар. Касаллик шу ҳолатлардан бошланиб, 1 йилдан буён жиддийлашди”, дейди Азиз Раметов.

У сўзида давом этар экан, аввалига отасининг касаллигига ишонмагани, қолаверса хонага камера қўйиш ва бошқа усуллар билан отасининг ҳаракатларини кузатганини айтди.

“Ада, эркалик қиляпсиз-а?”, деб ўзим бошида ишонмаётган эдим. Кейин камера қўйиб, бошқа-бошқа йўллар билан дадамни кузатдим. Натижада, бу ҳолатга жиддий қараш кераклигини тушундим. Кейин шифохонада муолажа олиб чиқдилар ва жуда озиб кетилар. Сабаби, касаллик муолажаси ва уколлари жуда оғир-ку. Мен отамни шифохонадан олиб чиқиб, уйда даволайлик десам, онам “Яна шифохонага ётқизмасак бўлмайди. Чунки, жуда оғир”, дедилар. Касалликнинг энг оғир ҳолати кеча бўлди. Кеча маълум вақт хотирасини йўқотдилар. 1 ёки 2 соат вақт давомида  ҳеч нарсани эслай олмадилар”, дейди у.

Кичик Раметовнинг қайд этишича, айни вақтда Жумадулла Раметовда касалликнинг иккинчи босқичи кечмоқда ва у кун сайин оғирлашмоқда.

“Ҳозир адашмасам, дадам касалликнинг иккинчи босқичига ўтдилар. Альцгеймерда 4 ёки 5 та босқич бўлар экан. Тўртинчи босқичга бориб, касаллик жуда оғирлашади. Онам билдирмай юрадилар. Лекин, туни билан дадам ҳам, онам ҳам ухламайдилар. Онам эрталаб ишга кетадилар. Дадам соат 03:00 да туриб, ухламайдилар. Баъзида ёшлиги эсига тушиб, онамни “Ая-Ая, онам”, деб чақирадиган бўлдилар. Ҳожатхонага жуда қийналдилар-да”, дейди Раметовларнинг кенжа ўғли.

Маълумот учун, Жумадулла Раметов 1999 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист фахрий унвони билан тақдирланган. У театр саҳнасида ва кинода турли, бир-бирини такрорламайдиган ролларни ижро этган. Унинг театр саҳнасида яратган образлари талайгина. Жумладан “Келинлар қўзғалони”да созанда, “Аршин мол-олан”да Асқар, “Хужжатли ахмоқ”да судья, “Майсаранинг иши”да доирачи, “Қайтар дунё”да Тоҳир, “Бухорои- шариф”да қори, “Тоға ва жиянлар”да Трест бошлиғи, “Сеҳрли ҳасса”да Қорбобо, “Ёзилмаган мактуб”да генерал, “Ҳаёт барибир гўзал”да Аҳмад қора, “Отасининг қизи”да Иззат Атакулович, “Аяжонларим”да Ашуралиев, “Фаррош кампирнинг туши”да Баҳром роллари билан танилган. 

Альцгеймер касаллиги ҳақида

Ҳар етти сонияда дунёда кимдир альцгеймер касаллигига чалинади. Инсонни ақлий қобилиятлардан, айниқса, хотирадан айирувчи альцгеймер хасталиги нафақат кексалар, балки айрим ёшларга ҳам хавф солмоқда 

Альцгеймер касаллиги қадимги шифокорлар томонидан тасвирланган. Аммо немис психиатри Алоис Альцгеймер ниҳоят унинг сабаблари, даври ва аломатларини 1901 йилда аниқлай олган. Олти йил ўтгач, у ўз беморларидан бирида ушбу касалликнинг кечишини батафсил ўрганиб чиқди. Ўшандан бери бу касаллик унинг номи билан аталади.

Одатда бу хасталик 65 ёшдан ошган кишиларда кузатилади. Аммо эрта алъцгеймер касаллиги ҳам мавжуд бўлиб, хасталикнинг бу шакли кам учрайди. У 2006 йилда глобал касалликлар қаторидан ўрин олиб, хасталикка чалинганлар сони 26,6 миллионни ташкил этди. 2050 йилга келиб ушбу рақам 4 бараварга ошиши мумкин. 

Одатда касаллик кичик аломатлар билан бошланиб, вақт ўтгани сайин ривожланиб боради. Биринчи аломатлар якуний ташхисдан бир неча йил олдин пайдо бўлади. Касалликнинг ушбу даври “бошланғич” дейилади. Касалликнинг бошланишини нималарда акс этади? Биринчидан, бу қисқа муддатли хотиранинг бузилиши ва янги маълумотларни ўзлаштиришда қийинчиликлар.  Шунингдек, диққатни жамлаш, ўз фаолиятини режалаштиришга қодир эмаслик, мавҳум ва мантиқий фикрлаш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши, баъзи сўзларнинг маъносини унутиш – касалликнинг ташвишли сигналидир. 

Хасталик ташхисини қўйиш узоқ вақт давом этади. Бунда бирламчи омил хасталик шикояти билан мурожаат қилган беморнинг хатти-ҳаракатларини узоқ муддат кузатишдир. Айрим ҳолларда хасталик узоқ муддат ўзини юзага чиқармайди. Аниқ ташхисдан кейин ўртача умр кўриш муддати эса етти йил. Беморларнинг камида 3 фоизи 14 йилдан кўпроқ яшайдилар. 

Алцгеймер касаллигининг сабаблари ва ривожланиши ҳақида тўлиқ маълумот ҳали олинмаган.  Касалликнинг асосий белгилари – мия тўқимасида амилоид плиталари ва нейрофибриллар таранглигининг тўпланишидир. 

Замонавий терапия усуллари симптомларни бироз енгиллаштиради, аммо ҳозирги кунга қадар улар касалликнинг ривожланишини тўхтатиш ёки сусайтиришга имкон бермайди. Терапиянинг кўплаб истиқболли усуллари клиник синовлар босқичига етди, уларнинг сони 2008 йилда беш юздан ошди, аммо уларнинг самарадорлиги исботини топмаган. 

Альцгеймер касаллигининг олдини олишнинг кўплаб усуллари мавжуд, аммо уларнинг касалликка таъсири қайд этилмаган. Касалликнинг олдини олиш учун ҳам, уни назорат қилиш учун ҳам жисмоний машқлар қилиш, фикрлашни рағбатлантириш ва соғлом овқатланишга риоя қилиш тавсия этилади.

Нозима Назирова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 4063
Рейтинг: 3
t
×