Туркияда яна йирик ўрмон ёнғинлари бошланди
Олам
−
22 Июнь 2022
3423Кеча, 21 июнь куни Туркия жануби-ғарбидаги Муғла вилоятида яна ўрмон ёнғини бошланди. Ёнғин номаълум сабабларга кўра Мармарис ҳудудида содир бўлган.
Мармарис шаҳар ҳокими Меҳмет Окай бугун, 22 июнь куни Эгей денгизи соҳилидаги курорт ҳудудидаги табиий ёнғин кун давомида назорат остига олиниши мумкинлигини айтди.
“Биз бугунги кун давомида ёнғинни назоратга оламиз деб ўйлаймиз”, дея шаҳар ҳокимининг сўзларидан иқтибос келтирган “Habertürk” телеканали.
Туркиянинг машҳур курорт ҳудудидаги ёнғин дастлаб 200 гектар майдонни эгаллаган. Бугун эрталаб ёнғин 250 гектар майдонга тарқалди, асосан эндемик дарахтлар, ўсимликлар ва қушлар учун питомник ҳудудида. Ўрмон бориш қийин бўлган жойларда ёнмоқда, шунинг учун ёнғинни ўчиришда асосий эътибор авиацияга қаратилган. Ишга 20 та вертолёт ва 14 та самолёт жалб қилинган. Ҳаммаси бўлиб, ёнғинни ўчиришда 1,5 мингга яқин одам ва 400 та техника иштирок этмоқда. Қурбонлар ҳақида маълумотлар ҳозирча олинмаган.
Синоптиклар минтақада кундузи 25-30 км/соат тезликда эсиши кутилаётган шамол тезлиги туфайли вазият мураккаблашишини истисно этмаяпти, бу эса 30 даража иссиқда ёнғиннинг янги ҳудудларга тарқалишига олиб келиши мумкин.
Туркия президентининг буйруғи билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Вахит Киришчи ва Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу ёнғин чиққан ҳудудда. Расмийлар ёнғин сабабларининг турли версияларини ўрганмоқда. Бирламчи тахминларга кўра, ёнғин бирданига учта жойда содир бўлгани, бу ўт қўйиш эҳтимолидан дарак бериши мумкинлиги айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 28 июль куни Туркиянинг Анталия, Муғла, Испарта, Бодрум ва Денизли шаҳарларида йирик ўрмон ёнғинлари содир бўлган эди.
LiveБарчаси