Ўзбекистонда Twitter, TikTok ва “ВКонтакте” блокдан чиқарилади. Фақат...

Жамият

image

Бугун, 24 июнь куни Twitter, TikTok ва “ВКонтакте” ижтимоий тармоқларидан фойдаланиш бўйича чекловлар тез орада олиб ташланиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов QALAMPIR.UZ’га изоҳ берди.

Вазирлик масъулига кўра, мазкур ижтимоий тармоқлар ҳақиқатдан ҳам блокдан чиқарилади, бироқ айнан қайси куни тақиқ олиб ташланиши номаълум. Бу бўйича ишлар аллақачон бошланган.

“Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритилган хизматлардан фойдаланишни босқичма-босқич тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Ижтимоий тармоқлар блокдан чиқарилади, фақат қачонлиги аниқ эмас, бугунми, эртагами ёки бошқа вақтми... Ҳозир Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгилангани бўйича ишлар олиб борилмоқда, компаниялар билан келишувларга эришишга ҳаракат қилиняпти, аммо охирги “этап”га етиб келмадик. Айнан қайси санада блокдан чиқарилиши бўйича ҳозир бирон нарса дея олмаймиз. Аммо ҳақиқатдан ҳам ишлар олиб бориляпти”, дейди Шерзод Аҳматов.

Маълумот ўрнида, ўтган йилнинг 2 июль куни Ўзбекистонда Skype, Twitter, TikTok ва Россиянинг “ВКонтакте” ижтимоий тармоқларига кириш чекланганди. Кейинроқ эса уларнинг қаторига WeChat ҳам қўшилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 март куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов TikTok вице-президенти Тео Бертрам билан музокара фонида блокда бўлган Twitter ва TikTok кун давомида бир муддат VPN'сиз ишлади. Лекин хурсандчилик узоққа чўзилмади, ўша куннинг ўзида бу платформаларга кириш яна чекланди.

Жорий йилнинг 24 март куни Skype ижтимоий тармоғидан фойдаланиш бўйича чеклов олиб ташланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Twitter TikTok

Баҳолаганлар

239

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг