Эронда ўзбек Абдулатиф Муродий қатл этилди
Олам
−
21 Июнь 2022
64898Эронда асли келиб чиқиши ўзбек бўлган Абдулатиф Муродий ўлим жазосига ҳукм қилинди. У кеча, 20 июнь куни Машҳаддаги Вакилобод қамоқхонасида осилди. Бу ҳақда вилоят бош судьяси Ғуломали Содиғи расман маълум қилган.
Абдулатиф Муродий жорий йилнинг 5 апрелида, Рамазон ойида, Машҳаддаги Имом Ризо мақбарасида шиа уламолари Муҳаммад Аслоний ва Муҳаммад Содиқ Дороийга пичоқ билан ҳужум уюштирганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди.
Эрон матбуотига кўра, 21 ёшли Муродий уларнинг ҳар бирига пичоқ билан камида 20 тадан жароҳат етказган. Муҳаммад Аслоний воқеа жойида вафот этган. Муҳаммад Содиқ Дороий икки кундан кейин шифохонада вафот этгани хабар қилинган.
Ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий воқеани “террорчилик акти” деб атаган. Бироқ суд Абдулатиф Муродийни “Аллоҳга қарши жиноят қилиш”да айбдор деб топган. Унга нисбатан ҳукм 7 июнь куни эълон қилинган.
Муродий Гунобод шаҳридаги масжидда икки сунний имом отиб ўлдирилганидан икки кун ўтиб шиа уламоларига ҳужум қилган.
83 миллион аҳолига эга Эронда аҳолининг асосий қисми шиалар, суннийлар эса 10 фоизни ташкил қилади.
Муродий дастлаб Афғонистон фуқароси экани маълум қилинган, бироқ “Тасним” агентлиги кейинчалик у “ўзбек” бўлиб, “бир йил аввал Покистон чегарасидан Эронга ноқонуний равишда келгани” ва Машҳадда яшаганини ёзган.