Ҳокимиятда қолиш учун Нетаньяху Эронга қарши урушни кучайтирмоқчи
Таҳлил
−
18:27 281 8 дақиқа
Ҳокимиятда қолиш учун Нетаньяху Эронга қарши урушни кучайтирмоқчи
Уруш бешафқат ўйин. Бир кирдингми, ортга йўл йўқ. Эронга қарши бошланган уруш ҳам Исроилнинг амалдаги Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга ушбу ўзгармас ҳақиқатни яна бир бор исботлаб бермоқда. Бирор-бир пичоққа илинарли ғалабасиз, аксинча, қимматга тушган ёнилғи ва сиёсий инқирозлар олиб келган бу можаро АҚШ президенти Дональд Трампни ҳам Бибини ҳам тавбасига таянтирди. Ваҳоланки, жаноб Нетаньяху буни тан олгиси йўқ.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловлар Исроилда ҳамма ҳам ҳукумат олиб бораётган урушни маъқулламаслигини очиқ кўрсатиб қўйди. Ҳукумат тузиш ваколати Гади Айзенкотга топширилди. Кичик танаффуслар билан қарийб 19 йилдан буён Тель-Авивдаги ҳукуматга раҳбарлик қилиб келаётган Биньямин Нетаньяху эса ҳокимиятни ўзида сақлаб қолиш учун урушни давом эттирмоқчи, аниқроқ қилиб айтганда, муваффақиятли якунлаб қўймоқчи.
Хўш, дунёни урушнинг янги ва ўта ҳалокатли тўлқини кутмоқдами ёки Бибининг тиши Эронга ўтмадими?
Нетаньяху яна уруш бошлай оладими?
Биньямин Нетаньяху – Исроилнинг XXI аср сиёсатидаги шу қадар катта фигураки, барча муҳокамали, баҳсли ва танқидларга сабаб бўлган қарорлар ортида унинг имзоси туради. Негаки, Исроил парламентар республика, бу давлатда асосий ҳокимият бош вазирнинг қўлида жамланган, президент эса асосан рамзий ва тантанали ваколатларга эга, холос. У Исроил сиёсатида шунчаки узоқ йиллик бош вазир эмас, балки мамлакатнинг сўнгги уч ўн йилликдаги сиёсий қиёфасини шакллантирган асосий шахслардан биридир.
Нетаньяху илк бор 1996 йилда ҳукумат раҳбарига айланган бўлса, дастлабки муддатида 1999 йилгача ҳукуматни бошқарган. 2009 йилда ҳокимиятга қайтиб, 2021 йилгача узлуксиз бош вазирлик қилган ва 2022 йил декабрида яна лавозимни эгаллаган эди. Умуман олганда, у Исроил тарихидаги энг узоқ вақт давомида бош вазир бўлган сиёсатчи ҳисобланади. Бироқ сиёсий узоқ умр кўриш ҳар доим ҳам ҳокимиятни мустаҳкам ушлаб туриш дегани эмас. Бугун Нетаньяху айнан шундай синов қаршисида, сайловлар яҳудий халқи унинг услубидан чарчаганини кўрсатмоқда.
27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари Нетаньяхунинг сиёсий мавқеига жиддий зарба берди. Унинг ўнг қанот, ўта миллатчи ва ультраортодокс партиялардан иборат коалицияси Кнессетдаги 120 ўриндан атиги 53 тасини қўлга киритди. Ҳукумат тузиш учун зарур 61 ўринни эса аввалига ҳеч ким эгаллай олмади.
Аммо Нетаньяхунинг рақиби Гади Айзенкот бошчилигидаги мухолифат араб партияларининг қўллаб-қувватловига эришди. Шу тариқа улар жами 67 ўринни эгаллади ва Президент Ицхак Герцог Айзенкотга ҳукуматни тузиш ваколатини тақдим этди. Бироқ энди кураш фракциялар орасида кечмоқда. 16 ноябрь ҳолатига кўра, коалиция музокаралари натижа бермаган. Айзенкот бир томондан араб партиялари билан, иккинчи томондан эса ультраортодокс кучлар билан келишувга эришишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Айни шу тарқоқлик сабабли ҳали ҳам Биньямин Нетаньяху бош вазир бўлиб қолмоқда. Айзенкотга ҳукумат тузиш ваколати берилган бўлса-да, янги коалиция ҳали шаклланмагани туфайли Нетаньяху амалдаги ҳукумат раҳбари сифатида ўз вазифасини вақтинчалик тартибда бажаришда давом этмоқда.
Бибининг ўзи ҳам ҳокимиятни қўш-қўллаб топшириб қўймоқчи эмас. У парламент ичидаги вазиятдан фойдаланиб, миллий бирлик ҳукуматини тузишни таклиф қилмоқда. Шунингдек, бош вазирнинг қўлида ҳали бир нечта муҳим карталар бор. Энг хавфлиси – Эрон билан янги ҳарбий тўқнашув эҳтимоли. “The New Arab” нашрининг ёзишича, Исроил хавфсизлик кабинети ҳарбийларга Эронга эҳтимолий зарба беришга тайёргарликни кучайтириш бўйича кўрсатма берган. Сиёсий таҳлилчи Ягил Левининг фикрича, Нетаньяху учун бундай амалиётнинг асосий мақсади ҳарбий натижага эришишдан кўра, ички сиёсий вазиятни ўзгартириш бўлиши мумкин.
“Нетаньяху урушнинг ўзидан бирон-бир сезиларли ютуқларга эришишни кутмаяпти. Аксинча, у кенг қамровли ҳукуматга бўлган эҳтиёж ҳақидаги тасаввурни кучайтиришга, ўзини яна бир бор таҳдидларга қарши тура оладиган ягона етакчи сифатида кўрсатишга ҳамда араб партиялари уруш бошлаш қарорини қоралаган тақдирда, уларни боши берк кўчага тиқиб қўйишга интилмоқда”, дейди таҳлилчи.
Бу усул тарихан кўп бора қўлланилган бўлиб, мамлакат ичидаги тарқоқликка барҳам бериш учун бутун халқни бирлаштирадиган “уруш керак”. Чиндан ҳам, янги можаро хавфи жамиятда кучли раҳбарга эҳтиёж ҳиссини кучайтиради. Бошқача айтганда, Нетаньяху ташқи душман билан тўқнашув орқали ички сиёсий рақибларини мудофаа позициясига ўтказишга уриниши мумкин.
Бунинг учун Нетаньяҳуда ҳуқуқий имконият ҳам сақланиб қолган. Исроилнинг Асосий қонунининг 40-моддасига кўра, уруш бошлаш ёки катта ҳарбий тўқнашувга олиб келиши мумкин бўлган операция ҳукумат ёхуд хавфсизлик кабинети томонидан тасдиқланиши керак. Муҳими, қонунчилик амалдаги ва муваққат ҳукумат ўртасида бу борада фарқ қўймайди. Демак, парламентдаги кўпчиликни йўқотганига қарамай, Нетаньяху бош вазир вазифасини бажарувчи сифатида ҳам ҳарбий қарорлар қабул қилиш ваколатини сақлаб қолмоқда.
Ана шундай вазиятда Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар аввал айтилганидек, ядровий хавфнинг олдини олиш мазмунини йўқотмайди, балки шунчаки биргина шахснинг ҳокимият илинжида қилаётган ҳаракатига айланади. Бироқ бундай таваккалнинг нархи ҳам юқори бўлиши табиий. Ҳар ҳолда, Эрон ҳам бунга жим қараб турмаслиги аниқ. Теҳроннинг жавоб зарбалари, минтақавий можаронинг кенгайиши яҳудийларни янада қийинроқ вазиятга солиб қўйиши мумкин. Қолаверса, уруш бошланиши Нетаньяхунинг ҳокимиятда қолишини кафолатламайди.
“Урушқоқ”ни ким тўхтатади?
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг Эронга қарши янги уруш бошлашининг эҳтимоли қанчалик юқори бўлмасин, бунга қарши чиқувчилар ва тўсқинлик қилувчилар доим топилади, ҳатто Исроилнинг ўзидан ҳам. Бу сафар гап сиёсий мухолифат ёки халқаро ҳамжамиятнинг норозилиги ҳақида эмас, балки Исроилнинг ўз ҳарбий раҳбарияти ҳақида кетмоқда. Мамлакатда ҳукумат алмашинуви кутилаётган, Нетаньяху эса ҳокимиятни сақлаб қолиш учун сиёсий кураш олиб бораётган бир пайтда армия Бош штаби раҳбари Эяль Замир янги ҳарбий амалиётга қарши чиқмоқда.
Замир Эронга қарши навбатдаги кенг кўламли зарба минтақада яна бир йирик урушни бошлаб юборишидан хавотирда. Бироқ у бош вазирга очиқчасига бўйсунмаслик ўрнига, унинг қарорини амалга оширишни қийинлаштирадиган бир нечта институционал воситалардан фойдаланиши мумкин. Жумладан, ҳарбий тайёргарликни атайлаб секинлаштириш, операция учун ҳукуматнинг аниқ ва ёзма рухсатини талаб қилиш ёки бош прокурор Гали Баҳарав-Миара масалага ҳуқуқий баҳо беришини сўраш. Яъни армия бошлиғи Нетаньяхуни тўғридан тўғри тўхтата олмаса-да, унинг режасини амалга ошириш жараёнига жиддий тўсиқлар қўйиши мумкин.
“Замир Ғазодаги урушнинг сўнгги босқичларида ҳукуматнинг қарорларига очиқчасига қарши чиқмасдан туриб, шунчаки Ғазонинг айрим қисмларини қайта эгаллаш учун жуда секин ҳаракат қилганидек, чўзиш орқали қаршилик кўрсатишга қодирлигини намоён этди”, деди профессор Ягил Леви.
Бироқ Исроил қонунчилигида ҳарбий раҳбарият бош вазир қарорларига вето қўйиш ваколатига эга эмас. Асосий қонуннинг 40-моддасига мувофиқ, уруш ёки урушга олиб келиши эҳтимоли юқори бўлган йирик ҳарбий операция ҳукумат ёхуд тегишли ваколат берилган хавфсизлик кабинети томонидан тасдиқланиши керак. Нетаньяху муваққат ҳукумат раҳбари бўлса-да, янги ҳукумат шакллангунига қадар ижро ҳокимиятини сақлаб қолади.
Замирнинг қўлида яна бир имконият бор: бош прокурор аралашувига эришиш. Агар Баҳарав-Миара ҳарбий амалиётни бошлаш учун етарли ҳуқуқий асос йўқ, деган хулосага келса, ҳарбий раҳбарият унинг кўрсатмаларига амал қилиши мумкин. Бироқ бу ҳам кафолатланган механизм эмас.
Нетаньяхуни жиловлаши мумкин бўлган яна бир куч – АҚШ. Дональд Трамп ҳам Эронга қарши уруш бошлаб, таъзирини еганлар қаторидан. 3 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловларда кузатилган тарихий мағлубият республикачиларни, шу жумладан Трампни ҳам ақлини киритиб қўйди.
“Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади”, деганларидек, ҳозирча Трамп ҳам Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётларни қайта бошлашдан қочмоқда. Бундан кўра, у иқтисодий босим ва дипломатик музокараларни давом эттириш таклифини қўллаб-қувватламоқда.
Нетаньяху эса шошилмоқда, унинг янги урушга бўлган эҳтиёжи тобора ошиб бормоқда. Ҳатто икки давлат раҳбари ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбатида ҳам улар баҳслашиб қолгани тармоқларда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. “The Independent” нашрининг ёзишича, хабардор манбалардан бири икки етакчи ўртасидаги мулоқотни “дўзахдан чиққан бақир-чақир жанжали” деб таърифлаган.
Ягил Левининг фикрича, Нетаньяхуга таъсир ўтказишнинг энг самарали воситаси айнан Американинг босими бўлиши мумкин. Чунки Исроилнинг АҚШ ҳарбий ва дипломатик кўмагисиз катта минтақавий урушни бошлаши анча қийин масала.
Шу тариқа, Нетаньяхунинг йўлида 3 та асосий тўсиқ турибди: ҳарбий раҳбариятнинг қаршилиги, ҳуқуқий назорат ва Вашингтоннинг позицияси. Аммо уларнинг ҳеч бири алоҳида ҳолда бош вазирнинг қўлини бутунлай боғлай олмайди. Аксинча, Нетаньяху ҳарбийларнинг норозилигини сайланмаган элитанинг сиёсий раҳбариятга қаршилиги сифатида кўрсатиб, жамиятни ўз атрофига бирлаштиришга ҳам уриниши мумкин.
Энг муҳими, янги уруш бошлаш ҳақидаги қарор фақат ҳарбий хариталарда эмас, балки Исроилнинг сиёсий келажагида ҳам из қолдиради. Нетаньяху учун бу ҳокимиятда қолиш имкониятига айланиши мумкин, аммо Эрон билан навбатдаги тўқнашувнинг оқибатлари бутун минтақага таъсир қилади.
Live
Барчаси