Европанинг энг бой давлати Россия қаршисида Украинага кафил бўлиши айтилди
Олам
−
31 Март 2022
21350Германия Украинага хавфсизлик кафолатларини беришга тайёр, бироқ уруш давом этмоқда ва тинчлик музокараларида ҳали муваффақиятга эришилмаган. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок маълум қилди, дея хабар беради “Die Zeit”.
Ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, Германия уруш тугаганидан кейин Украина хавфсизлигини таъминлашга тайёр. Аммо уруш ҳали ҳам давом этмоқда ва Россия баёнотларига ишониб бўлмайди.
“Агар кафолатлар керак бўлса, Германия ҳам у ерда бўлади ва кафолат беради. Биз Украина билан 100 фоиз бирдаммиз”, дейилади хабарда. Бу тинчлик музокаралари ва кейинги тинчлик тартибига ҳам тегишли.
Бироқ вазир Украина ва Россия ўртасидаги музокаралардан ҳеч қандай ютуқ кутиш мумкин эмаслигини тан олган. Россия томони кафолат ва бетарафлик ҳақида гапирганда, улар Украина томонидан мутлақо бошқача нарсани назарда тутади, деган Бербок.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинада тинчлик ўрнатишнинг асосий шартларидан бири нейтрал мақом ва НАТОга аъзо бўлишдан бош тортишдир. Украина халқаро ҳамкорлар, хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари, жумладан Буюк Британиядан хавфсизлик кафолатларини оладиган бўлса, буни кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.
Кафил бўлиши мумкин бўлган давлатлар орасида Туркия ҳам бор. Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба билан учрашувда Анқара Киевга кафил бўлишга розилигини билдирганди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 29 март куни Истанбулда Украина ва Россия Федерацияси делегациялари ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди.
Музокарада Украина унинг учун хавфсизлик кафолатларининг янги тизими бўйича халқаро шартномани имзолашни таклиф қилди.
Аракҳамиянинг айтишича, расмий Киев кафиллар қаторида БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар, жумладан Россия, АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Франсия, шунингдек, Туркия, Германия, Канада, Италия, Полша ва Исроил ҳам бор.
Музокараларнинг навбатдаги раунди 1 апрель куни онлайн режимда бўлиб ўтади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси