Туркия Украина хавфсизлигига кафил бўлишга тайёр – Чавушўғли

Олам

image

Украина Туркияни эҳтимолий хавфсизлик келишувининг кафиллари қаторига киритиш тарафдори ва Москва бунга қарши эмас. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли бугун, 17 март куни Львовда Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба билан бўлиб ўтган музокаралар якунида маълум қилди.

Туркия ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, Анқара бошиданоқ Украина-Россия инқирози бўйича принципиал позицияни эгаллаган.

“Ушбу урушда имкон қадар тезроқ қон тўкилишини тўхтатиш керак. Туркия раҳбарияти, шахсан Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу йўналишда фаол ҳаракат қилмоқда”, дейди Чавушўғли.

Чавушўғли Украина раҳбарининг Туркияда Россия Президенти билан учрашиш ташаббусини эслатиб, Анқара бундай мулоқотни ташкил этишга тайёрлигини айтиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, Туркия томонининг Анталияда ТИВ раҳбарларининг уч томонлама учрашувини ўтказиш ташаббуси, сўнгра Москва ва Львовга ташрифи шу билан боғлиқ бўлган. 

“Мен кеча Москвадаги учрашувда Украина бўйича яна бир учрашув ўтказиш зарурати йўқолиб, уруш тўхташи, Украина ҳамда бутун минтақада тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришига умид билдирдим”, дейди Чавушўғли.

Унинг таъкидлашича, Россия ва Украинага ташриф натижалари ўт очишни тўхтатиш режимига умид уйғотган. 

Чавушўғли Туркиянинг Россия ва Украина билан мулоқот каналлари очиқлигини, Анқаранинг урушни тугатиш масаласидаги қадамлари самимий эканини урғулаган. 

Вазирга кўра, хавфсизлик кафолатлари бўйича таклиф Киевда P5+Туркия ва Германия формуласи бўйича эшиттирилган ва Россия томони бунга қарши чиқмаган. 

“Менинг фикримча, ушбу ташаббус қўллаб-қувватланади", дейди турк вазири.

Шу билан бирга, Туркия аҳолини эвакуация қилиш мақсадида халқаро тузилмаларни ўт очишни тўхтатиш келишувларини кузатишга жалб қилишни таклиф қилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 март куни  Мавлуд Чавушўғли Москвага боради ва Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашганди. Ундан сўнг, Киевга сафарини давом эттирган. 

Айтиш жоизки, 10 март куни Туркиянинг Анталия вилоятида Туркия воситачилигида Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва Россия Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров учрашуви ўтказилди. Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли  ҳам иштирок этган уч томонлама музокара якунида аниқ бир келишувга эришилмаган бўлса-да, томонлар бундай музокараларни ўтказиш кераклигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинадаги босқин

Баҳолаганлар

127

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг