Воқеаларни диққат билан кузатяпмиз – Москва Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди

Олам

image

Қозоғистонда содир бўлаётган воқеаларга расмий Москва муносабат билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Россия Қозоғистондаги воқеаларни диққат билан кузатмоқда. 

“Биз барча муаммоларни кўча тартибсизликлари, қонунларни бузиш билан эмас, балки конституциявий-ҳуқуқий майдон ва мулоқот доирасида тинч йўл билан ҳал этиш тарафдоримиз. Айнан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг қадамлари вазиятни барқарорлаштириш, мавжуд муаммоларни, жумладан, намойишчиларнинг қонуний талабларини зудлик билан ҳал қилишга қаратилган. 

Биз Россия билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик, қардошлик, инсоний алоқалар билан боғланган мамлакатдаги вазият тезроқ нормаллашишига умид қиламиз. 

Биз Россиянинг Қозоғистондаги хориждаги ваколатхоналари билан алоқада бўлиб турамиз. Дипломатик ва консуллик ваколатхоналаримиз атрофидаги муҳит тинчлигича қолмоқда”, дейилади баёнотда.

Алоҳида урғуланишича, ҳозирда  Қозоғистон Республикасида бўлган Россия Федерацияси фуқаролари орасида қурбонлар йўқ. 

Баёнот сўнггида Москва Қозоғистондаги воқеалар ривожини диққат билан кузатишда давом этишини билдирган. 

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда давом этаётган намойишлар ортидан Ўзбекистон ва Туркияга ҳам расмий баёнот эълон қилганди. 

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКб) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

501

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг