ШҲТ аксилтеррор тузилмаси Қозоғистонга ёрдамга тайёрлигини маълум қилди 

Олам

image

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Қозоғистоннинг ваколатли органларига сўров бўйича зарур ёрдам кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда МАТТ ижроия қўмитаси баёнотида айтилган.  

“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси Қозоғистон Республикасидаги вазиятдан жиддий хавотир билдиради. Шу билан бирга, у Қозоғистон Республикаси ваколатли органининг тегишли сўровига кўра, ШҲТ МАТТ томонидан белгиланган тартибда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилади”, дейилади баёнотда. 

МАТТ Ижроия қўмитасининг бош қароргоҳи Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида жойлашган. 

“Ишончимиз комилки, давлат, ҳуқуқ-тартибот ва махсус органлар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар қисқа вақт ичида террорчилик ва бандит гуруҳлари ҳамда ячейкаларининг ноқонуний ҳаракатларини зарарсизлантириш имконини беради”, дейилади хабарда. 

Ташкилот ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ўз ҳарбий ва хизмат бурчини адо этган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг