Кулеба Россия ишни пайсалга солаётганини айтди
Олам
−
02 Апрель 2022
11346Киев хавфсизлик кафолатлари бўйича халқаро шартномани имзолаш бўйича Истанбулда Украина делегацияси томонидан билдирилган таклифга ҳозирча Россиядан расмий жавоб олмади. Бу ҳақда Варшавадаги брифингда Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба маълум қилди, дея хабар берди “Укринформ”.
“Истанбулда эълон қилинган таклифларга ҳали тўлиқ жавоб олганимиз йўқ. Биз Россия расмийлари жамоатчиликка билдираётган шарҳларини кўряпмиз. Лекин биз Россиядан тўлиқ расмий жавоб кутамиз”, деган Кулеба.
Унинг қўшимча қилишича, бу жавобдан Россия ультиматумлар тилида гапиришда давом этадими ёки ниҳоят кун тартибини конструктив муҳокама қилишга ҳамда ўзаро мақбул ечимларни излашга ўтадими, аниқ бўлади.
“Шунинг учун биз бу жавобни интиқлик билан кутмоқдамиз”, дейди Украина дипломатияси раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 март куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Долмабахче саройида Россия-Украина делегацияларининг навбатдаги музокаралари бўлиб ўтди. Унда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам иштирок этди. Шуниси аҳамиятлики, ушбу учрашув 7 март куни Брестда ўтказилган музокаралардан кейинги илк юзма-юз мулоқот эди.
Музокараларда Россия делегацияси раҳбари сифатида иштрок этган Россия Федерацияси Президенти ёрдамчиси Владимир Мединский кўра, Украина томони Москванинг нейтрал бўлиш, ядровий мамлакатга айланмаслик, бошқа мамлакатларнинг ҳарбий базаларини киритмаслик ва қўшилмаслик бўйича талабини бажариш юзасидан ёзма ҳужжат тақдим этган.
Учрашувдан кейин Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Россия ва Украина музокараларидан қониқмаганини билдирди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь