Тезкор: Киев Москванинг талабларини бажаришга рози бўлди

Олам

image

Киев Россиянинг нейтрал бўлиш, ядровий мамлакатга айланмаслик, бошқа мамлакатларнинг ҳарбий базаларини киритмаслик ва қўшилмаслик бўйича талабини бажариш юзасидан ёзма ҳужжат тақдим этди. Шунингдек, Москва Россия Федерацияси ва Украина Президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленский ўртасида икки давлат ўртасидаги шартномани имзолаш билан бир вақтда, Ташқи ишлар вазирлари даражасида учрашув ўтказишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда бугун, 29 март куни журналистларга Россия-Украина музокараларининг Россия делегацияси раҳбари, Президент ёрдамчиси Владимир Мединский маълум қилган. 

“Бугунги мазмунли суҳбатдан сўнг биз келишувга эришдик ва шундай ечим таклиф қилмоқдамизки, унга кўра, ташқи ишлар вазирлари шартномани имзолаши билан бир вақтда давлат раҳбарларининг учрашувини ўтказиш мумкин. Айниқса, ушбу имзолаш ва келишув тафсилотларини кўриб чиқиш вақтида турли сиёсий нюанслар ва тафсилотларни муҳокама қилиш мумкин”, дейди Мединский.

Унинг алоҳида урғулашича, агар шартнома тезда ишлаб чиқилса ва керакли муроса топилса, тинчлик ўрнатиш имконияти анча яқинлашади. 

Шунингдек, Мединскийга кўра, Истанбулдаги музокаралар сўнгида Россия Украинадан нейтрал ва ядросиз мақомга эга бўлиш истагини тасдиқловчи ёзма жавоб олган. 

"Биз Украинадан нейтрал бўлиш, қўшилмаслик ва ядровий бўлмаган мақомда қолиш истагини, шунингдек оммавий қирғин қуролларининг барча турларини, шу жумладан кимёвий ва бактериологик қуролларни ишлаб чиқариш ва жойлаштиришдан воз кечиш ҳамда ҳудудда хорижий ҳарбий базалар ва хорижий қўшинларнинг бўлишини тақиқлаш билан блокдан ташқари бўлиш ҳақида ёзма жавоблар олдик”, дейди Мединский.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 29 март куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Долмабахче саройида Россия-Украина делегацияларининг навбатдаги музокаралари бўлиб ўтди. Унда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам иштирок этди. Шуниси аҳамиятлики, ушбу учрашув 7 март куни Брестда ўтказилган музокаралардан кейинги илк юзма-юз мулоқотдир. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

430

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг