Россия АҚШга норозилик билдирди

Олам

image
0:00
0:00
download

Москва АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдамининг янги пакетини, жумладан, HIMARS ракета тизимларини етказиб беришини “ўта салбий” баҳоламоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков маълум қилди.

“Биз буни мутлақо салбий деб ҳисоблаймиз, чунки қарорни “ўзини ўзи чеклаш” элементи сифатида кўрсатишга уринишлар бефойда. АҚШ бир гуруҳ давлатлар бошчилигида Киев режимига мақсадли равишда қурол юбориш билан шуғулланаётгани аниқ”, дейди Рябков.

Унинг қайд этишича, Киевга ҳар қандай қурол етказиб бериш АҚШ ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри қарама-қаршилик хавфини оширади.

“Украинада уруш бошланганидан сўнг, Вашингтонинг масъулияти, оқилона ёндашуви шунчаки йўқолиб қолди ва нима бўлишидан қатъий назар, охирги украиналик қолгунга қадар курашамиз қабилидаги ҳаракатланиш давом этмоқда. Бу эса мисли кўрилмаган хавф”, дея қўшимча қилган вазир ўринбосари.

Шунингдек, Рябков Вашингтон Украина инқирозига ечим топиш учун ҳеч нарса қилмаётганини айтиб ўтган. 

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Украинага ялпи ҳужум реактив тизимларини (ЯҲРТ), эҳтимол M31 GMLRS (Guided Multiple Launch Rocket System) юборишга қарор қилганди. 

M31 GMLRS занжир орқали ҳаракатланувчи автомобиль бўлиб, кейинги ҳарбий ёрдам пакетлари HIMARS (High Mobility Artillery Rocket Systems) ғилдиракли тизимларини ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг