Расмий Москва Британия вазирининг Россияга ҳужум ҳақидаги баёнотига жавоб қайтарди

Олам

image

Россия Мудофаа вазирлиги Украина Қуролли кучлари Россиядаги объектларга ҳужум қилган тақдирда Киевга зарба бериш билан таҳдид қилмоқда.

Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари Жеймс Хиппининг “Украина Россиянинг логистика марказлари ва ёқилғи таъминотига зарба беришга тўла ҳақли”, деган баёнотига Россия Мудофаа вазирлиги шундай муносабат билдирди, деб хабар берди РИА Новости.

“Лондон томонидан Киев режимини бундай ҳаракатларга тўғридан-тўғри провокация қилиш, агар уларни амалга оширишга уриниш бўлса, дарҳол бизнинг мутаносиб жавобимизга олиб келади. Биз огоҳлантирганимиздек, РФ Қуролли Кучлари Киевдаги тегишли қарор қабул қилиш марказларига узоқ масофали аниқликдаги қуроллар билан зарбалар бериб, жавоб қайтариш учун кечаю кундуз тайёр”, деган РФ Мудофаа вазирлиги вакили.

Уларнинг қўшимча қилишича, “Киевдаги қарор қабул қилиш марказларида Ғарб давлатларидан бирининг фуқароси бўлган маслаҳатчилар Россиянинг жавоб чоралари бўйича қарор қабул қилишида “муаммо бўлмайди”.

Ўз навбатида, Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова Россия “ҳарбий таъминот логистикасини бузиш учун” НАТО давлатларига ҳужум қилиши мумкинми, дея савол қўйган.

Эслатиб ўтамиз, Британия Мудофаа вазири ўринбосари Жеймс Хиппи Украина Россия Федерациясидаги нишонларга ҳужум қилиши қонуний ҳаракат эканини айтганди. 

“Душман логистикасини бузиш ва душман омборларини йўқ қилиш урушнинг бир қисмидир”, деган Хиппи.

Маълумот ўрнида, расмий Москва бундан олдин ҳам Украина Россия ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширса, Киевдаги қарор қабул қилиш марказларига ракета ҳужуми уюштиришини айтганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

94

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг