Москва Киевдаги “қарор қилиш марказлари”га зарба бериш билан таҳдид қилди
Олам
−
14 Апрель 2022
18419Россия Мудофаа вазирлиги, агар Украина қуролли кучлари Россия ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини давом эттирса, Россия армияси Украинадаги “қарор қабул қилиш марказлари”, жумладан Киевга зарба беришини маълум қилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги вакили Игорь Конашенков маълум қилди.
“Биз Украина қўшинларининг Россия Федерацияси ҳудудидаги объектларга зарба бериш ва қўпорувчилик қилишга уринишларини кўряпмиз. Агар шундай ҳолатлар давом этса, Россия Қуролли Кучлари қарор қабул қилиш марказларига, жумладан, Россия армияси ҳозиргача тийилиб келаётган Киевдаги марказларга зарба беради”, деган Конашенков.
1 апрель куни Белгород вилояти ҳукумати Белгороддаги нефть базаси “Украина қуролли кучларининг иккита вертолётининг ҳаво зарбаси туфайли” ёниб кетганини эълон қилди. Россия Мудофаа вазирлиги зарбаларни Украинанинг Ми-24 вертолётлари амалга оширганини айтди. Украина отишмага алоқадорлигини рад этди.
13 апрель куни Курск вилоятида россиялик чегарачилар отряди “Украина томондан” ўққа тутилди, деди вилоят губернатори Роман Старовоит. Унинг сўзларига кўра, ҳужумда Россия ҳудудида ҳеч ким ҳалок бўлмаган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси