23 октябрь. Бугун Ўзбекистон ва халқаро майдонда нималар бўлди?
Жамият
−
23 Октябрь 2021
7629Бугун, 23 октябрь куни Ўзбекистон ва ҳорижий майдонда муҳим воқеалар содир бўлди. Ўзбекистонда эртанги Президент сайлови олдидан "сукунат" ҳукм сурган бўлса, халқаро майдонда ҳокимиятдан кетаётган Германия канцлери Ангела Меркель ўзи учун янги давр бошланаётганини маълум қилди. Спортга келадиган бўлсак, Месси ўз жамоадоши билан жанжаллашиб, бошқа у билан ўйнамаслигини таъкидлаган. Шу каби муҳим хабарларни қисқача тавсифи билан қуйида танишинг.
Жамият
Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари тўғрисидаги низом тасдиқланди
Қарорга кўра, олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари қуйидагилар:
• Ички ишлар вазирлиги академияси;
• Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти.
Мазкур таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.
82 турдаги хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар импорт божидан озод қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2024 йил 1 январга қадар импорт божхона божи "ноль" ставкада қўлланиладиган айрим турдаги хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотлар рўйхати тасдиқланди. У 82 та товарга татбиқ этилади.
Ўзбекистон Қирғизистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатди
Ўзбекистон 2021 йилдаги келишув бўйича Қирғизистонга электр энергия етказиб беришни якунлади.
Компания маълумотига кўра, Қирғизистн Туркманистондан электр энергия импорт қилишни кўпайтирган. Мамлакат ўзаро электр энергия етказиб бериш тўғрисидаги келишувга кўра, Қозоғистондан ҳам электр импорт қиляпти.
Эртага сайлов: Жазо ўтаётган қанча маҳкум овоз беради?
Эртага, 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикасида катта сиёсий жараён – Президент сайлови бўлиб ўтади. Сайлов кодексига кўра, катта ижтимоий хавфи бўлмаган жиноятлар ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши мумкин.
Бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 8 203 нафар сайловчилар (569 нафар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 1 300 нафар унча оғир бўлмаган, жами 1 869 нафар) овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятига эга. Шундан 6 334 нафар сайловчи тергов ҳибсхоналарида сақланмоқда.
Чегарадан 9,1 млрдлик ноқонуний товарни ўтказмоқчи бўлганлар ушланди
Тошкентдаги божхона постидан умумий қиймати 9,1 миллиард сўм бўлган товарларни ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди.
Аниқланишича, контейнердаги юклар орасида йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган умумий қиймати 9,1 миллиард сўм бўлган 5 минг 300 дона соябонлар, 251 мингдан зиёд фонар, 3,5 млн дона болалар учун шарлар ҳамда 10 минг 900 дона чироқлар бўлган.
Ўзбекистон аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги бўйича дунёда нечанчи ўринда?
Ўзбекистон Аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги глобал индексида 170 та мамлакат ичидан 74-ўринни эгаллади. Рейтинг аёлларнинг хавфсизлиги, иш билан бандлилиги, уларнинг парламентдаги улуши, камситувчи нормалар сингари категориялар асосида тузилган.
WPS Index’га кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда аёлларнинг мактабда таълим олганлигининг ўртача давомийлиги 11,6 йилни ташкил этган. 2017 йилда ушбу кўрсаткич 11,2 бўлганлиги қайд этилган.
Ўзбекистонда локдаун эълон қилинадими?
Ўзбекистонда Россиядагидек локдаун эълон қилинмайди. Бу ҳақда бугун, 23 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълум қилди.
“Бугунги кунда ҳеч қанақа локдаун ҳақида гап бўлиши мумкин эмас ва барча ҳаракатлар шунга қаратилган. Шу кунларда Россия Федерациясида касалланиш ҳолатлари кўтарилгани юртимизда ҳам касалланиш даражаси ошиши эҳтимолини пайдо қилади. Лекин бизнинг чегараларда назорат ҳар қачонгидан ҳам кучайтирилган бўлиб, юртимизга 72 соатлик ПЦР тести топширилган ҳолдагина четдан кириш мумкин. Борди-ю, фуқароларда тест бўлмаганда, чегарада экспресс-тест топширилади”, дейди Баҳодир Юсупалиев.
Якка тартибда таълим бераётган ўқитувчиларнинг маоши оширилди
Ўқувчиларга уйда якка тартибда таълим бераётган ўқитувчиларнинг маоши 40 фоизгача оширилди. Бў ўқувчиларга уйда якка тартибда таълим бераётган ўқитувчилар иш ҳақларини ҳисоблаш методикасини тасдиқлаш бўйича Халқ таълими вазири ва Молия вазирининг қўшма қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, ногиронлиги бўлган ўқувчиларга уйда якка тартибда таълим бераётган ўқитувчиларнинг иш ҳақларини ҳисоблашнинг янги методикаси жорий этилган.
Олам
Буюк Британия Россия ва Хитойга қарши махфий операция бошлади
Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг ИШИД террорчилик гуруҳининг молиявий фаолиятини чеклаш мақсадида ташкил этилган махфий “банк” бўлими Россия ва Хитойга қарши амалиёт бошлади.
Махфий бўлим Сурия ва Ироқдаги террорчиларнинг тижорий фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида олти йил аввал собиқ банкирлар ва молиячилардан тузилган.
АҚШ Сурияда “Ал-Қоида” раҳбарини йўқ қилди
Америка Қўшма Штатлари Сурияда ҳаво ҳужуми уюштирди, оқибатда “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳининг юқори мартабали раҳбари ўлдирилди.
"Бугун Суриянинг шимоли-ғарбий қисмида амалга оширилган ҳаво ҳужумида “Ал-Қоида”нинг юқори мартабали етакчиси Абдул Ҳамид ал-Матар ҳалок бўлди. Бизда ҳаво ҳужумида яраланган тинч аҳоли ҳақида маълумот йўқ. Ҳаво ҳужуми MQ-9 (дрон) ёрдамида амалга оширилди”, дейилган қўмондонлик хабарида.
АҚШ Покистон ҳаво ҳудудидан фойдаланмоқчи. Исломободнинг ҳам ўз талаблари бор
АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти яқин орада Покистон ҳаво ҳудудидан Афғонистондаги ҳарбий ва разведка операциялари учун фойдаланиш бўйича келишувга эришишга умид қилмоқда.
Уларга кўра, маъмурият вакиллари кеча, 22 октябрь куни америкалик қонунчилар билан ёпиқ учрашувда ўз режалари билан бўлишган.
Голливуд актёри билан боғлиқ фожианинг янги тафсилотлари ошкор қилинди
Голливуд актёри Алек Болдуин билан боғлиқ фожиали воқеадан бир неча кун олдин “Rust” (“Занг”) фильмининг суратга олиш гуруҳи жиддий ички келишмовчиликларга дуч келган.
Таъкидланишича, Болдуин тасодифан фильм оператори ва режиссёрини яралашидан бир неча соат олдин иш шароитига норозилик билдирган ҳолда, олти нафар ишчи суратга олиш майдонини тарк этган.
Ўзбекистон ортидан Қирғизистон ҳам АҚШга рад жавобини берди
Қирғизистон ҳукумати мамлакатга АҚШ ҳарбий базасини жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмаяпти.
Қирғизистонда АҚШ ҳарбий базасини очиш ҳақидаги саволга Жапаров қуйидагича жавоб берди:
“Қантда (Чуй вилояти) Россия базаси бор. Бизга битта база кифоя. Иккита базани юртимизга жойлаштириб, нуфузли давлатлар билан мушук-сичқон ўйнашни хоҳламаймиз”.
Ҳокимиятдан кетаётган Меркель ўзи учун янги давр бошланаётганини айтди
Германия канцлери Ангела Меркель баъзан кийимларининг ранги билан маълум сиёсий сигналларни боғлашини тан олди.
Шунингдек, Меркель ҳукумат раҳбари лавозимини тарк этгач, у учун янги давр бошланишини таъкидлаган. Кийимлари ҳақида гапиришда давом этаркан, Меркель уларни музейларга бермаслигини айтган.
Дунёнинг энг қиммат бренди маълум бўлди
“Interbrand Corp”нинг 2021 йилги тадқиқотларига кўра, Apple кетма-кет тўққизинчи марта “йил бренди” деб топилди. У ўтган йилдан бери 26 фоизга яъни 408,25 млрд долларга қимматлашган.
Шунингдек, Amazon бренди 2021 йил 24 фоиз (249,25 миллиард доллар)га ошиб, аввалги иккинчи ўриндаги ўрнини сақлаб қолди. Учинчи ўрин нархини 27 фоиз (210,2 миллиард доллар)га оширган Microsoft’га ва тўртинчи ўрин нархи 19 фоиз (196,8 млрд доллар)га ошган Google брендига насиб қилди.
Спорт
Месси Икарди билан жанжаллашди. ПСЖга Агуэро керак
Аргентина ва ПСЖ футболчиси Лионель Месси аргентиналик Мауро Икарди билан муносабатлари сабабли клуб раҳбариятидан Серхио Агуэрони жамоага олиб келишни сўради.
Қайд этилишича, Лео жамоадоши Мауро Икарди билан жанжаллашиб қолган ва у билан ортиқ бир жамоада ўйнашни истамайди. Месси Мауро ва Серхио Агуэронинг ўзаро алмаштирилишини кутмоқда.
Қатарда ЖЧ-2022 учун муҳташам стадион очилди
Футбол бўйича Қатардаги Жаҳон чемпионати учун яна бир муҳташам стадион қуриб битказилди. “Ал-Тумама” стадиони ўйинларни қабул қилиш учун тайёр бўлди.
Хабарларга кўра, бу ЖЧ-2022 учун қуриб битказилган олтинчи арена ҳисобланади. Стадиондаги дастлабки учрашувда Амир Кубоги финали доирасида Хави бошқарувидаги “Ал-Садд” ва Лоран Блан мураббийлидаги “Ал-Райян” жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Унда Хави жамоаси ғолиб чиқиб, чемпионликни тантана қилди.
Роналду терма жамоадаги фаолиятини қачон якунлашини айтди
“Манчестер Юнайтед”нинг 36 ёшли ҳужумчиси Криштиану Роналду “Sky sports”га берган интервьюсида Португалия терма жамоасидаги фаолиятини якунлаши ҳақидаги саволга жавоб берди.
“Мен клубларда узоқ вақт ўйнаш учун Португалия терма жамоасидаги фаолиятимни тугатиш ҳақида ўйлаяпманми? Йўқ, нега ўйлашим керак? Менимча, ҳали бунинг вақти келмади. Ушбу масалада одамлар нимани хоҳлашлари муҳим эмас, муҳими мен нимани хоҳлаётганим. Қачонки, югуриш, дриблинг ишлатиш, дарвоза томон кучли зарба бериш қобилиятим пасайганини ҳис қилсамгина фаолиятимни якунлайман. Шунинг учун давом эттиришни хоҳлайман, чунки менда ҳали ҳам мотивация бор”, дейди Роналду.
LiveБарчаси