Ҳокимиятдан кетаётган Меркель ўзи учун янги давр бошланаётганини айтди
Олам
−
23 Октябрь 2021
5741Германия канцлери Ангела Меркель баъзан кийимларининг ранги билан маълум сиёсий сигналларни боғлашини тан олди. Бу ҳақда у “Suddeutsche Zeitung” нашрига берган интервьюсида гапирган.
Шунингдек, Меркель ҳукумат раҳбари лавозимини тарк этгач, у учун янги давр бошланишини таъкидлаган. Кийимлари ҳақида гапиришда давом этаркан, Меркель уларни музейларга бермаслигини айтган.
“Улар муҳтожлар учун кийилган кийимларни йиғиш пунктларига олиб борилади. Мунтазам. Мен кийимларни музейга бермайман”, деган Меркель.
Канцлер, шунингдек нима учун ҳар доим “миграция инқирози” иборасидан қочганини тушунтирган.
“Ҳа, бу тўғри. Мен бу сўздан қочаман, чунки мен учун қочқин инқироз эмас, балки инсондир”, деган у.
Меркелнинг таъкидлашича, ноқонуний муҳожирлар оқими билан боғлиқ йўл қўйилган хатолар 2015 йилнинг кузидан (миграция инқирозининг чўққиси) анча олдин қилинган.
Меркель, шунингдек “мамлакатдаги сиёсий иқлим қаттиқлашганидан” афсус билдирган.
“Мен канцлер бўлган пайтларимда, ҳали смартфонлар йўқ эди. Facebook пайдо бўлганига бир йил тўлганди, Twitter эса бир йилдан сўнг чиқди. Биз бутунлай ўзгарган медиа дунёсида яшаяпмиз ва бу (сиёсий иқлим ўзгариши) ҳам шу билан боғлиқ”, деган у.
Маълумот ўрнида, Германиянинг янги ҳукумати жорий йил декабрь ойининг бошида тузилиши кутилмоқда. 26 октябрь куни Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Меркель ва унинг Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига муддат тугаганлиги ҳақида гувоҳномаларни топширади.
Аввалроқ, Ангела Меркель мамлакатнинг янги ҳукумати “европапараст” бўлишига ишонч билдирганди.
LiveБарчаси