Масъулиятсиз ва хавфли ҳаракат. Россия Украинага қурол берилаётганидан яна нолиди

Олам

image

Украинага қурол етказиб бериш ва хорижий ёлланма аскарларни юбориш ўта хавфли қадам бўлиб, Европа ва жаҳон хавфсизлигига бевосита таҳдид солади. Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов шундай фикр билдирди.

“Киев режимини қурол-яроғ билан кучайтириш ва хорижлик ёлланма аскарларни Украина ҳудудига ташлаш масъулиятсизлик ва ўта хавфлидир. Украинанинг ҳарбийлашуви Европа ва жаҳон хавфсизлигига бевосита таҳдид солади”, дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган элчихона матбуот хизмати.

Антоновнинг таъкидлашича, Ғарб томонидан Киевга етказиб бериладиган қуролларнинг катта қисми қароқчилар, нацистлар, террорчилар ва жиноятчилар қўлида бўлиб, бутун дунёдан Европага келган безорилар Украинада жанговар тажриба орттириб, кейинчалик ундан исталган жойда фойдаланиши мумкин.

Россия дипломатик миссияси раҳбари, шунингдек, НАТО мамлакатларига Қўшма Штатлар “1980-йилларда бутун Яқин ва Ўрта Шарқда афғон мужоҳидларига берилган кўчма ҳаво мудофаа тизимлари ўнлаб йиллар давомида йиғиштириб келинаётганини” эслатиб ўтган.

“Биз Киев режими ҳомийларини Украинада қон тўкилишини рағбатлантиришни тўхтатишга ва уларнинг фаолияти оқибатлари ҳақида жиддий ўйлаб кўришга чақирамиз”, дея хулоса қилган Антонов.

АҚШ Президенти Жо Байден ўтган ҳафта Оқ уйда Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдами ҳақида қисқача гапирар экан, унинг мамлакати Украинага қўшимча қуроллар, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, дронлар, танкга қарши тизимлар, ўқ-дорилар етказиш ниятида эканини айтганди. У, шунингдек, Қўшма Штатлар Украинага қўшимча 800 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратишини, шу тариқа унинг умумий ҳажми бир ҳафта ичида 1 миллиард долларга етганини урғулаган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европа давлатлари ва АҚШ Украинага қурол етказиб бераётганига норозилик билдирганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг