Javelin ва Stinger'лар... Байден Украинага $1 млрдлик қурол юбришни тасдиқлади
Олам
−
17 Март 2022
7237Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден Украинага хавфсизлик соҳасида 800 миллион доллар ёрдам кўрсатишини эълон қилди. Бу ҳақда у Оқ уйдаги видеомурожаатида айтган.
Хусусан, АҚШ Президенти Украинага мудофаа техникаси сотиб олиш учун 800 миллион доллар ажратиш бўйича тегишли ҳужжатларни жонли эфирда имзолаган. Умумий олганда, ўтган ҳафтада эълон қилинган АҚШнинг Украинага ёрдами 1 миллиард долларга етди.
Байден АҚШ Конгрессига бу маблағларни ажратишда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.
АҚШ Украинага 800 та Stinger зенит-ракета мажмуаси, 2000 та танкга қарши Javelin, 1000 та танкга қарши гранатамёт, 6000 та танкга қарши бир марталик АТ-4 гранатамёти, 100 та дрон, 7000 та турли хил ўқотар (милтиқ, тўппонча, пулемёт) қурол, 20 миллион дона ўқ-дори, 25 мингта зирхли нимча ва 25 мингта шлем, юборади.
Аввалроқ Байден Украинага ёрдам учун 13,6 млрд доллар ажратиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси