Қримда портлашлар кўпайиши мумкин – Украина Президенти девони

Олам

image
Қримдаги портлаш Россияга қанчага тушгани сарҳисоб қилинди north_east

Қримдаги портлаш Россияга қанчага тушгани сарҳисоб қилинди

Яқин икки-уч ой ичида Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги ҳарбий объектларда яна портлашлар содир бўлиши мумкин. Бу ҳақда Украина Президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк “The Guardian” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Подолякнинг сўзларига кўра, Жанкой туманидаги рус қўшинларининг ўқ-дорилар омборида содир бўлган ёнғин – бу руслар томонидан эгаллаб олинган Қрим омборларининг портлаши ҳамда босқинчилар ва ўғрилар учун ўлим хавфи юқори экани ҳақида эслатма.

Нашрнинг қайд этишича, Украина зарбалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Бироқ бу сўзларни Украина мамлакат жанубида тўлиқ қарши ҳужумни бошлаш учун зарур бўлган одамлар ва ҳарбий техникани тўплашга уринаётганини тан олиш сифатида ҳам талқин қилиш мумкин.

Подоляк мавжуд арсеналга қўшимча равишда “"яна 50, 60, 80” ялпи реактив ҳужум тизимини сўраган.

Президент девони вакили ўтган ҳафта Новофедоровка авиабазасига қилинган ҳужум партизанларнинг иши бўлиши мумкинлигини тан олган, аммо Москва айтганидек, бу бахтсиз ҳодиса бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ҳар қандай тахминни рад этади.

“Мен Россия Мудофаа вазирлигининг яқин 2-3 ой ичида бундай воқеалар кўпроқ бўлиши ҳақидаги башоратига, албатта, қўшиламан. Ўйлайманки, биз бундай ҳолатларни кўпроқ кўришимиз мумкин”, дейди Подоляк.

У, шунингдек, Украина босиб олинган ярим оролни Россия билан боғлайдиган Қрим кўпригига қонуний ҳарбий нишон сифатида қарашига ишора қилди. 

“Бу ноқонуний қурилиш ва Қримдаги Россия армиясини таъминлашнинг асосий йўли. Бундай объектларни йўқ қилиш керак”, дейди у.

Американинг Урушни ўрганиш институти таҳлилчиларига кўра, кечаги Жанкой яқинидаги портлашлар Россия логистикасига жиддий зарар етказган. Запорожья жанубидаги ва Херсон вилоятларининг ғарбий қисмидаги душман гуруҳлари “зарба” остида қолди.

Шу билан бирга, экспертларда зарбалар Украина Қуролли Кучларига етказиб берилган Ғарб қуролларидан берилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Аммо, Россия Федерациясининг Қримдаги ҳарбий объектларига қилинган ҳужумлар Украина армиясининг Херсон йўналишидаги қарши ҳужум ҳаракатларининг бир қисми бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 16 август куни Қримнинг Жанкой туманидаги Азовское қишлоғидаги ҳарбий қисмда ўқ-дорилар омборида портлаш содир бўлди.

Қрим-татар халқи мажлиси раиси Рефат Чубаровнинг айтишича, руслар портлашлар эпицентридан 5 километр радиусдаги ҳудудни ўраб олган ва тинч аҳолини эвакуация қилган.

РФ Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмда ўқ-дорилар сақланадиган жойда ёнғин содир бўлганини маълум қилди. Ва кейинроқ Россия томони саботаж уюштирилганини эълон қилди.

Ғарб ОАВда эса Қримдаги портлашга Украина ҳарбийлари уюштирган ракета зарбаси сабаб бўлганини ёзди.

Шунингдек, 9 август куни Қримда, Новофедоровка аҳоли пункти ҳудудида бир қатор портлашлар содир бўлганди ва Саки аэродроми ҳудудида ёнғин чиққанди. Портлашлар натижасида камида 9 та самолёт йўқ қилинган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг