Туркия темирни қизиғида босди: Ҳормуз ўрнига Ўрта коридор
Таҳлил
−
14:50 2227 8 дақиқа
2026 йил 18 апрель куни Анталия Дипломатик Форуми доирасида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг норасмий йиғилиши бўлиб ўтди. Глобал геосиёсий вазият кескинлашиб бораётган бир даврда ўтказилган ушбу учрашув нафақат дипломатик мулоқот, балки стратегик йўналишларни белгилаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Яқин Шарқ муаммоси тобора актуаллашиб бораётган, хусусан Ҳормуз бўғози атрофидаги кескинлик глобал савдо хавфсизлигига таҳдид солаётган бир пайтда, Туркия ўзининг “Ўрта коридор” лойиҳаси билан фаол ташаббус кўрсатмоқда. “Ўрта коридор” ёки Транскаспий халқаро транспорт йўлаги (TITR – Trans-Caspian International Transport Route) — Хитойдан Европагача борувчи муқобил савдо йўли сифатида Эрон билан можаролар фонида тобора муҳимлашиб бормоқда. Айниқса, Россия-Украина уруши натижасида Россия орқали ўтувчи “Шимолий коридор”нинг логистик имкониятлари пасайган бир шароитда, Шарқ ва Ғарбни боғловчи барқарор ва хавфсиз транспорт тизимига эҳтиёж кескин ортди.
Шу мазмунда Анталиядаги учрашувда транспорт ва логистика масалалари алоҳида эътибор марказида бўлди. Йиғилишда Ўзбекистон номидан Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов иштирок этди. Ушбу учрашув Ўзбекистоннинг юқоридаги транспорт лойиҳасида фаол роль ўйнашга интилаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Хўш Анталияда нималар бўлди?
Анталиядаг учрашув
“Эртанги кунни хариталаш, ноаниқликларни назорат қилиш” шиори остида ўтказилган бешинчи Анталия Дипломатик форуми (ADF) Туркия бошчилигида глобал муаммоларни муҳокама қилиш ва туркий дунё интеграциясини ривожлантириш майдонига айланди. 17-19 апрель саналарида форум доирасида бир қатор муҳим тадбирлар уюштирилган бўлиб, улар орасида Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг норасмий йиғилиши алоҳида эътиборга молик. Йиғилишда, раис сифатида Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан, ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ермек Кўшербаев, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев ва Ўзбекистон номидан Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов иштирок этган.
Ушбу норасмий йиғилишда иштирокчилар минтақавий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, айниқса энергетика, “яшил” трансформация, инновациялар ва рақамлаштириш соҳаларидаги интеграцияни чуқурлаштиришни атрофлича таҳлил қилдилар. Шунингдек, бошқа давлатлар билан ҳам алоқаларни йўлга қўйиш масаласи ҳам куннинг асосий мавзуларидан бири бўлган.
“Шунингдек, ташкилотнинг институционал ривожи, “ТДТ плюс” формати доирасида алоқаларимизни кенгайтириш, ташқи шериклар билан амалий ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашдик”, деб ёзади Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram каналида.
Аввалроқ, ўтган йилнинг 7 октябрь санасида Габала шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ саммитида “ТДТ плюс” форматини яратиш келишиб олинган эди. Сўнгги йилларда тобора кенгайиб бораётган ТДТ аъзоларини бошқа халқаро акторлар билан ўзаро алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида илгари сурилган ушбу формат туркий келиб чиқишга эга бўлмаган давлатлар билан ҳам ташкилот даражасида интеграцияга киришишни назарда тутади.
Учрашувларнинг геосиёсий қисмида Яқин Шарқдаги вазият, хусусан, Ғазо ва Эрон атрофидаги давом этаётган кескинликлар алоҳида ташвиш билан қайд этилди. ТДТ вазирлари минтақада тинчликни ўрнатиш учун халқаро ҳамжамиятни бирлашишга чақириб, туркий давлатларнинг бу борадаги ягона позициясини мустаҳкамладилар.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам форум доирасида ниҳоятда тиғиз ва самарали дипломатик учрашувлар ўтказди. Москвадан Анталияга учиб келган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири йиғилиш олдидан қатор икки томонлама учрашувларни амалга оширди. Булар орасида Иордания Бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар ва экспатриатлар масалалари бўйича вазири Айман Сафади, Литва Республикаси ташқи ишлар вазири Кястутис Будрис ва Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига каби шахслар бор.
“Анталия дипломатик форуми доирасида Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига жаноблари билан учрашдик. Икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ишбилармонлик алоқаларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик”, деб ёзган вазир ўз Telegram каналида.
Форумнинг ушбу сессияси туркий дунёнинг нафақат иқтисодий блок, балки глобал сиёсатда ҳам ўз овозига эга бўлган яхлит кучга айланаётганини яна бир бор тасдиқлади. Якунда барча вазирлар 2026 йил охирида бўлиб ўтадиган навбатдаги олий даражадаги саммитга тайёргарлик кўриш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаб олдилар.
Ўрта коридор
Ғарб ва Шарқни боғловчи логистик йўллар инқирозли вазиятда бўлиб турган бир вақтда “Ўрта коридор” масаласи яна кун тартибининг энг юқори поғонасига кўтариляпти. Ҳормуз бўғозининг Эрон томонидан ёпилиши Форс кўрфази давлатларидан келувчи товарларнинг нархига жиддий таъсир ўтказди. АҚШ Денгиз кучларининг Эрон портларини блокада қилиши эса, Хитой ва Ҳиндистон каби гигант экспортёрлар учун ҳам муаммо юзага келтирмоқда. “Шимолий коридор” эса, мана неча йилдирки, Украинадаги урушлар фонида фойдаланилмай қўйилган. Мана шундай вазиятда Анқаранинг Туркий Давлатлар Ташклотига аъзо давлатларни йиғишидан асосий мақсад, уларнинг ҳудудидан ўтувчи “Ўрта коридор” масаласи бўлгани эҳтимолдан холи эмас.
“Ўрта коридор” деб аталувчи лойиҳа — яъни Trans-Caspian International Transport Route — бугунги кунда Евроосиё транспорт тизимининг энг муҳим альтернатив йўналишларидан бирига айланди. Ушбу лойиҳа Хитойдан Европага борувчи савдо оқимларини Россия ва Эрон каби анъанавий йўлакларни четлаб ўтган ҳолда Марказий Осиё, Каспий денгизи ва Жанубий Кавказ орқали Туркияга, ундан эса Европага олиб чиқишни мақсад қилади.
Тарихий жиҳатдан бу йўлак ғояси 2010 йилларнинг бошларида, Хитойнинг “Бир камар — бир йўл” ташаббуси доирасида шакллана бошлаган. Лекин унинг реал институционаллашуви 2014 йилда Қозоғистон ва Озарбайжон темир йўллари ўртасидаги интеграция, 2017 йилда эса, Боку–Тбилиси–Карс темир йўлининг ишга тушиши билан кучайди. Шу тариқа, Ўрта коридор фақат назарий лойиҳа эмас, балки амалий мультимодал логистика тизимига айланди.
Географик жиҳатдан йўлак Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Европа йўналишида ишлайди. Бу йўналишнинг энг муҳим бўғини Каспий денгизи бўлиб, у ерда юклар темир йўл вагонларидан фериботларга (одамлар, автомобиллар, юк машиналари ёки темир йўл вагонларини бир қирғоқдан бошқасига ташувчи кема) юкланади ва кейин яна темир йўлга қайтарилади. Айнан шу тизим Ўрта коридорни мураккаб, аммо стратегик жиҳатдан муҳим йўлга айлантирган.
2022 йилда бошланган Россия-Украина уруши натижасида Россия орқали ўтувчи Шимолий коридорнинг сиёсий ва иқтисодий хатарлари ортди. Натижада, юк ташиш оқимининг бир қисми Ўрта коридорга йўналтирилди. 2025 йилда коридор орқали 4,5 миллион тоннадан ортиқ юк ташилган бўлса, 2026 йил якунига қадар бу кўрсаткични янада ошириш кутилмоқда. Ўтган йилда қарийб 77 000 та стандарт контейнер ташилган бўлиб, бу 2021 йилга (25 000 та) нисбатан уч баробар кўпдир.
Яна бир муҳим масала — вақт ва нарх рақобати. Ўрта коридор орқали Хитойдан Европага юк етказиш 12–18 кун атрофида давом этади, бу денгиз йўлига қараганда икки баравар тез. Бироқ харажатлар ҳали ҳам барқарор эмас. баъзи йўналишларда темир йўл ва порт хизматлари комбинацияси денгиз транспортидан сезиларли қиммат. Бу эса, коридорнинг глобал логистика бозорида тўлиқ устунликка эришишига тўсқинлик қилмоқда.
Шунга қарамай, сиёсий жиҳатдан “Ўрта коридор” захирадаги вариант эмас, балки келгусидаги стратегик альтернатив сифатида қаралмоқда. Европа Иттифоқи ҳам, Хитой ҳам, Туркия ва Марказий Осиё давлатлари ҳам бу йўналишни диверсификация воситаси сифатида ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Шу билан бирга, Ўрта коридорнинг имкониятлари билан бир қаторда, унинг заиф томонлари ҳам яққол кўринади. Энг асосий муаммо — инфратузилманинг нотекислиги. Каспий денгизи портларининг чекланган қуввати, темир йўл тизимларининг турли стандартларда ишлаши ва ягона логистика операторининг йўқлиги бу йўлакни тўлиқ самарали тизимга айлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Масалан, Бoку ва Ақтау портлари модернизация қилинаётган бўлса-да, юк оқимининг тез ўсиши уларнинг ҳозирги қувватини босим остига қўймоқда.
Яна бир муаммо – Ўрта коридорнинг “бир тизим” эмаслигидир. Яъни, турли давлатларда темир йўл рельсларининг ўлчамлари борасида турли стандарларнинг борлигидир. Бундан ташқари, ҳар бир давлат ўз божхона сиёсати, тариф тизими ва инфратузилма устуворликларига эга. Бу эса, ягона бошқарув ва тезкор логистика занжирини яратишни қийинлаштиради.
Геосиёсий муаммолар ҳам бу борада етарли. 32 йил давомида ёпиқ бўлган Туркия ва Арманистон муаммоси энди тезкор ҳал этилиши керак бўлган масаладир. Мутахассисларнинг фикрича, бу жараёнлар фонида Туркиянинг Арманистон билан алоқалари яхшиланиши ва чегара пункти очилиши эҳтимоли юқори.
Лойиҳа АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган “TRIPP” (Trump Route for International Peace and Prosperity) деб аталадиган ташаббус билан ҳам боғлиқ бўлиб, у Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик жараёнлари доирасида ишлаб чиқилган. Агар лойиҳа амалга ошса, Каспийдан кейинги транспорт етказиш йўли диверсификация қилинади.
“Ўрта коридор”нинг ривожланиши Ўзбекистондек денгизга туташ бўлмаган давлат учун маҳсулотларини Европага етказишнинг муқобил йўли бўлиб хизмат қилади. Айни дамда Эрон ва Покистондаги нотинч вазиятлар Ўзбекистоннинг Ҳинд океанига чиқиш имкониятини деярли йўққа чиқармоқда. Шундай вазиятда темир йўл орқали экспорт қилиш ягона ечим бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистоннинг Ўрта коридор орқали ташиган юклари ҳажми 1 миллион тоннадан ошди. Бу 2022 йилга нисбатан қарийб 60% га кўпдир.
Хулоса қилиб айтганда, Ўрта коридор бугунги геосиёсий трансформация жараёнида муқаррар равишда кучайиб бораётган лойиҳа ҳисобланади. Аммо унинг келажаги фақат сиёсий ирода эмас, балки инфратузилма интеграцияси, тарифлар уйғунлиги ва порт тизимларининг модернизациясига боғлиқ бўлади. Агар бу муаммолар ҳал этилса, Ўрта коридор Евроосиё савдосининг асосий “артерия”ларидан бирига айланиши мумкин. Акс ҳолда, у фақат “альтернатив лойиҳа” мақомида қолиб кетиш хавфини ҳам сақлаб қолади.
Live
Барчаси