Қримдаги портлаш сабаби очиқланди
Олам
−
16 Август 2022
12995Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолининг Жанкой туманидаги ҳарбий омборда ўқ-дориларнинг портлаши қўпорувчилик туфайли содир бўлган. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берган.
“Бугун, 16 август куни эрталаб қўпорувчилик оқибатида Жанкой қишлоғи яқинидаги ҳарбий омборга зарар етди”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, вазирлик ҳеч ким жиддий жароҳат олмаганини қўшимча қилган. Бироқ, фуқаролик объектларига: электр узатиш линияларига, электр станцияларига, темир йўлларга ва турар-жой биноларига зарар етган. Қўпорувчилик оқибатларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 август куни Москва вақти билан тахминан 06:15 да Майское (Жанкой тумани) аҳоли пункти ҳудудида ўқ-дориларни вақтинча сақлаш учун ажратилган участка ҳудудида ёнғин содир бўлди. Ёнғин оқибатида сақланаётган ўқ-дорилар портлаб кетди.
Қрим раҳбари Сергей Аксёновнинг айтишича, икки нафар тинч аҳоли енгил ва ўртача оғирликдаги яраланган. Ҳодиса содир бўлган ҳудуд ўраб олинган, у ердан икки мингга яқин одам эвакуация қилинган.
Ўқ-дориларнинг портлаш пайтида темир йўл рельслари шикастланган, бу эса еттита йўловчи поездини кечиктирган. Рельс аллақачон тикланган, аммо барча хавфсизлик чоралари кўрилгандан кейингина ҳаракат тикланади.
Айтиш жоизки, 9 август куни Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолининг Новофедоровка посёлкасидаги “Саки” ҳарбий авиабазасида кетма-кет портлашлар содир бўлди. Россия самолётлари Запорожье, Николаев ва Херсон вилоятларини бомбардимон қилиш учун айнан шу ҳаво базасидан фойдаланаётганди.
Украина Мудофаа вазирлиги портлашларга изоҳ бериб, ёнғин сабабларини аниқлай олмаганини таъкидлаб ўтди.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, портлашлар ўқ-дориларнинг ўз-ўзидан портлаши туфайли содир бўлган. Жароҳатланганлар ва бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар бор. 14 киши жабрланган.
“The Washington Post” нашри Украина расмийсига таяниб, Қримдаги аэродромга Украина махсус кучлари зарба берганини хабар қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси