Қримдаги базага Украина “спецназ”и ҳужум уюштирган – WP

Олам 12016
image
-

Аннексия қилинган Қримдаги Россия ҳаво базасига кучли ҳужум Украина махсус кучларининг иши бўлган. Бу ҳақда Украина расмийсига таяниб, “The Washington Post” нашри хабар бермоқда. Газетага исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган мулозим Қримдаги операция тафсилотларини ошкор қилмаган.

Қайд этилишича, бу ҳужум қарийб олти ойлик урушдаги биринчи жиддий эскалация бўлиб, Украинанинг фронт чизиғидан ташқарига ҳам зарба бера олиш имкониятини намойиш қилади.

Жорий йилнинг 10 августидаги баёнотда Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари базада камида тўққизта рус ҳарбий самолёти йўқ қилинганини айтганди. Агар маълумот тасдиқланса, бу йўқотишлар Россия ҳаво кучларининг бир кун ичида кўрган энг катта зарари бўлади. Самолётларнинг йўқ қилиниши Москва учун ҳеч бўлмаганда вақтинча Украина шаҳарларига ҳужум уюштиришни қийинлаштиради.

Бу ҳужум, шунингдек, русларнинг узоқ муддатли истиқболда Украина жанубида назоратни сақлаб қолиш қобилиятига ҳам катта таъсир кўрсатиши мумкин.

Базадаги портлашларга айнан нима сабаб бўлганлиги бўйича фақат тахминий фикрлар мавжуд. Айрим ҳарбий экспертлар зарба дрон ёрдамида берилганини айтмоқда. Эҳтимол, дрон Россия базаси яқинида яширинган тезкор ходимлар томонидан юборилган.

Яна бир вариант – қаршилик ҳаракати аъзолари томонидан портловчи моддалар ўрнатиш, дейди экспертлар. Ракета бундай зарар келтириши мумкин, бироқ Украинада бу қадар узоққа учадиган снарядлар борлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.

Сакидаги ҳаво базаси энг яқин фронт чизиғидан 140 мил узоқликда жойлашган ва АҚШ расмийларининг “The Washington Post” нашрига айтишича, зарбада Америка қуроллари ишлатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 9 август куни Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолининг Новофедоровка посёлкасидаги “Саки” ҳарбий авиабазасида кетма-кет портлашлар содир бўлди. Россия самолётлари Запорожье, Николаев ва Херсон вилоятларини бомбардимон қилиш учун айнан шу ҳаво базасидан  фойдаланаётганди.

Украина Мудофаа вазирлиги портлашларга изоҳ бериб, ёнғин сабабларини аниқлай олмаганини таъкидлаб ўтди.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, портлашлар ўқ-дориларнинг ўз-ўзидан портлаши туфайли содир бўлган. Жароҳатланганлар ва бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар бор. 14 киши жабрланган.

Хабар қилинишича, портлашлар натижасида камида 9 та самолёт яроқсиз ҳолга келган, аэродром ҳам фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 242
Рейтинг: 3
t
×